“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 563 марта кўрилган.

СЎНГГИ ЁЗУВЧИ

Аҳмад Ридо ҲУҲУ,

 Жазоир адиби

СЎНГГИ ЁЗУВЧИ

Ҳикоя

– Иброҳим! Иброҳим! Иброҳим қани? – деб сўради муаллим ўқувчиларидан дарғазаб оҳанг­да, Иброҳим деганларини ўткир нигоҳлари билан қидираркан.

– Сал аввалроқ уни кутубхонада кўрувдим, устоз, – деди ўқувчилардан бири.

– Чақир уни, Рашод! – буйруқ берди муаллим.

Рашод синфдан чиқиб, Иброҳимни излаб кетди. Кўп ўтмай иккови ҳам қайтиб келди. Иброҳим хижолатдан қизариб-бўзарар, ўзини айбдор ҳис этарди, ахир у дарсга кириш қўнғироғини эшитмаганди-да.

– Қаерда эдинг, Иброҳим? – сўроққа тутди уни муаллим.

Иброҳим энсасини қашиб, бошини хам қилганча:

– Кутубхонада эдим, устоз, – деб жавоб берди.

– Ҳа, албатта, бадиий адабиёт бўлимида! Ахир, у ерда “Қўшиқлар китоби”, Шавқийнинг асарлари, “Нодир маржон”, “Йатимат”, ал-Муттанобий ва бошқа эски китоблар бор-да… Агар Тангри таоло у ерга боришингга йўл қўймаганда, китобларни аллақачон чанг босиб кетарди, – пичинг қилди муаллим асабийлашиб. Кейин сал ўзига келиб: – Энди хотиржам бўлишинг мумкин! Аллоҳ сенга раҳм қилди: сен ўқишга киришга орзуманд эдинг — филология факультети ёпилди!

Бу шумхабарни эшитган йигитча ўзини тутиб туролмай:

– Қанақасига? Филология факультетини ёпишмоқчими? – деб ҳайқириб юборди.

– Ҳа, ёпишяпти! Тез орада мактабларда барча адабиёт дарсларини бекор қилишади. Уқдингми?

Муаллим чўнтагидан газетани олиб, ўқишга тутинди:

“Талабаларнинг бугунги кунда ўзининг долзарблигини йўқотган адабиётга қизиқишлари сусайгани ҳамда фақатгина тўрт нафар талаба ушбу мутахассисликка ёзилгани муносабати билан Маориф Вазирлиги мазкур факультетнинг келгуси фаолиятини мақсадга номувофиқ, деб топди ва мактабларда адабиёт дарслари билан чегараланишни маслаҳат берди. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, факультет ҳижрий 1495 йил сафар ойининг биринчи санасида1  ёпилади”.

Бу машъум хабар Иброҳимнинг барча умидларини пучга чиқарди, улкан режалари барбод бўлди. Унинг умид боғларидаги дарахтларни қулатиб, гулларини тутдай тўкувчи бўрон қўпди. Барчаси барбод бўлди! Юрагида барқ урган умидлар энди сўнади! Наҳотки, ўзи орзулагандек адабиётни тирилтириш, тиклаш учун энди ар-Рифоий каби ёзувчи, аш-Шавқий каби шоир бўлолмайди?!

Иброҳим дафтарига оқиб тушаётган аччиқ кўз ёшларини артиш учун рўмолчасини чиқарди. Муаллим англадики, булар поймол бўлган умид ёшлари, аммо ҳеч нарса сезмагандек ўзини гўлликка солди. У Иброҳим бу зарарли ғоя ва фикрларни, ўзининг муаллими айтмиш фойдасиз адабиёт хомхаёлларини ташлаб, тўғри йўлга қайтишни истаганди; адабиёт ўлган, ахир, агар эрмак учун бўлмаса, ҳозир биров бир парча қоғоз ўқимайди. Адабиёт касб бўлолмайди. Бир сафар у ҳатто Иброҳимга:

– Сен аз-Заҳавий ва Закий Муборакка ўхшаган ёзувчи бўлдинг ҳам дейлик. Хўш, одамларга нима бероласан?! Шеърларинг осмонда самолёт бўлиб учолмаса, китобларинг саҳрода машина ёки денгизда қайиқ ўрнини босолмаса! Сен, нима, ҳаётингни адабиётга бағишлаб, биронта идорада оддий котиб бўлмоқчимисан? – деганди.

Лекин ўшанда бу маслаҳатлар Иброҳимга зиғирча таъсир қилмаганди, аксинча, у адабиётга янада қаттиқроқ боғланиб қолган, адабиётга, ўзи ҳаётга қайтаришни ва қайта тиклашни истаган адабиётга инонарди. Бироқ ҳозирги вазиятда нима қилсин, кўз ўнгида барча эшиклар ёпилаётган аснода бошини қайга урсин?! Барча ришталар узилди. Филология факультети ёпилди! Ҳатто икки ҳафтада бир бўладиган мана шу оддий дарслар ҳам тез орада тўхтатилади. Лекин барибир агар одам адабиётни севса, осонликча чекинмайди, бошига қилич келса-да, адабиётни ташламайди.

Шу боис ўзининг ғояларига қаттиқ ишонган ёзувчи мезонларидан воз кечмайди, унинг учун ҳар қандай қурбонликка тайёр бўлади. Нега энди улар Иброҳим ўз йўлидан қайтишини исташяпти, а?! Йўқ, Иброҳим ўзи учун узил-кесил танлаган йўлидан сира қайтмайди! У орзу-умидларига хиёнат қилмайди, у ўз истеҳкомини, ўз саройини қуришда давом этади ва ҳеч қандай куч унга халал беролмайди. У ёзувчи бўлади, ким билади, балки айнан у филология факультетини қайта тиклар ва шу факультетнинг декани бўлар?!

Бу фикрлар йигитчани илҳомлантирди. Гарчи бакалавр димломисиз қолса-да, бошқа факультетга ҳужжат топширмасликка аҳд қилди, токи одамларни ўзининг назм ва насри билан қойил қолдирмагунча, уйда мустақил ишлайди. Моддий аҳволи ўн беш йилча қора иш қилмасликка дош беради — бу фурсат ичида у адабиётни жамиятдаги муносиб ўрнига қайтаради ва буларнинг барчаси унинг улкан меҳнатлари, фидокорлиги туфайли амалга ошади, ана ўшанда у хотиржам яшай олади…

* * *

Унинг чуқур маънога эга гўзал қасидаси, табиат малоҳати тасвирланган ҳаққоний, аниқ-тиниқ манзаралари, шубҳасиз, тирикчилик бот­қоғига кўмилган, маънавий гўзаллик, инсон қалби гўзалликларини унутган юракларга кириб боради. Кўрамиз, нашрдан чиққандан кейин нима бўларкин, одамлар ўзларининг тирикчилик ғам-ташвишларини унутиб, унинг шеърлари ва насрий асарларида мадҳ этилмиш табиатга, қишлоқларга интилишади. Башарти шундай бўлса, у ҳолда аллақачонлар унутилиб кетган ёзувчини эслашади! Ёш-яланглар филология факультети дарвозаларидан ичкарига киришади, аудиторияларни тўлдириб ўтиришади. Сўнгра вазирлик вакиллари ундан адабий сардор ва етакчи сифатида мамлакатдаги адабий жараёнга бош-қош бўлишни илтимос қилишади.

Шу тарзда Иброҳим ширин хаёлларию тушларида қанот ёзиб, ўзига таскин берарди. Ҳа, мана, қаршисида сеҳрли қасидаси турибди, бу қасида адабий жараёнда янги саҳифа очади, адабиётни ҳаётга қайтаради.

“Қайси газетада эълон қилсам экан?” – деб сўради ўзидан Иброҳим ва ўйланиб қолди. Аввалига газета-журналлар номларини хаёлан санаб чиқди, сўнг кўз олдида улкан газета сарлавҳалари кинотасмадек ўта бошлади: “Илмий уйғониш”, “Аср мўъжизаси”, “Шарқ саноати”, “Шарқ сиёсати”, “Новаторлик”… Аммо биронта мос ­наш­р­­­­­­­­н­и тополмади, сарлавҳалар ҳам ғайрича… Ҳа, балки, “Аср мўъжизаси” мос келар! Ахир, унинг қасидаси — аср мўъжизаси эмасми?! Албатта-да, замонамиз мўъжизаси! Қасидани олди-да, журнал таҳририятига йўл олди.

– Бу назмий асар, шуни илк бор айнан сизнинг журналингизда эълон қилмоқчийдим. Умид қиламанки, қасида чоп этилгач, журналингиз назм дунёмизда янги саҳифа очади, – Иброҳим бу гапларини бош муҳаррирга жуда боадаблик ва катта ҳурмат билан айтди.

Бош муҳаррир қасидани олиб, кўз югуртирди, кейин сатрларни санаб чиқди ва:

– Икки фунт2 , тақсир, бир марталик рекламанинг баҳоси.

– Икки фунт? Қанақа рекламани назарда тут­япсиз?

– Қишлоқда ресторан ёки меҳмонхонангиз йўқми, реклама қилишни истамайсизми? Иннайкейин, очиғини айтиб қўя қолай, материалингизни бундай ҳолда чоп этолмаймиз, баъзи тузатишлар киритиш керак.

Ёзувчимизнинг тили калимага келмай қолди. “Бу нимаси? Наҳотки, қасидам қишлоқдаги рес­торан рекламаси бўлиши учун тунлари ухламай, унга сайқал берган бўлсам?! Эй Қодир Эгам! Бу қанақа одат бўлди? Адабиётдан воз кечилганига ўн йил бўлмай, наҳотки уни бутунлай унутиб юборишди, а!”

Иброҳим асарини эълон қиламан деб қанча-қанча таҳририятларга бош суқмади, лекин қаёққа бормасин, биргина жавобни оларди:

– Маъзур тутгайсиз, афандим, газетамизни бундай материаллар қизиқтирмайди.

Энди нима қилсин? Тарвузи қўлтиғидан тушиб, ҳув, ўша биринчи таҳририятга қайтиб борди. Ҳамма шартларга рози бўлди. Қасидани бериб, натижасини кута бошлади.

У анави муҳаррирнинг ўзи адабиёт бўйича таҳлилий мақола ёзиб беришини илтимос қилиб келадиган кунни кутарди. Ана ўшанда бутун бошли адабиёт учун муҳаррир ва унинг ҳамкасбларидан ўч олади. У қасиданинг пулини тўлаб, кута бошлади.

Мана, ниҳоят, журналнинг янги сони. Иброҳим журнални очиб, ўзининг қасидасини кўрди. Ё тавба, бу нима? Фақат биринчи сатр ўз ҳолича қолган, қолганлари эса ўзгартирилган:

“Иброҳим афандининг қишлоқдаги меҳмонхонасига марҳабо!

Гўзал манзаралардан баҳра олинг”.

Иброҳим ўзининг қасидасини журналнинг адади ва баҳоси кўрсатиладиган муқовада кўриб, ақлдан озаёзди.

Бу воқеа Иброҳимни тўхтатиб қололмади, у қатъият-ла адабий фаолиятда бўлди, мақолалари, шеърлари, ҳикояларини чоп эттираверди. Лекин... Газеталарни қанчалик синчиклаб варақламасин, ўзининг чақириқларига, ўзининг адабиётига жилла қурса шаъма тополмасди. Буни пайқаган ягона одам Иброҳим ижарага олган ҳужранинг хўжайини бўлди. Хўжайин­ ҳам ижара ҳақи тўланмаганлиги учун пайқади ва агар тўловни вақтида бермаса, Иброҳимни кўчага ҳайдаб солишини айтиб дўқ урди.

Қор, ёмғир ёғиб, совуқ шамол уфурганча, қиличини яланғочлаб қиш келди. Йигитча ўйга толди. Ўтган ҳаёти кўз ўнгида гавдаланди. Ичида нимадир қичқирар, юрак-бағрини қайноқ тош куйдирарди.

“Меҳнат!!! Заҳмат!!!” То инсон тирик экан, умид нидоси сўнмайди. Умид нидоси инсоннинг ўзи билан кўмилади. Айни шу нидо оғир дамларда кўмакка келади.

Йигитча ҳайқирди:

– Ҳа! Ҳа! Меҳнат қилиш керак! Мен муваффақиятга эришишим керак!

Аммо-лекин... У кушхонага олиб кетилаётган буқа сингари умидсизликдан ўзгасини ҳис этмасди:

– Эҳ, бечора Иброҳим! Қани ўша муваффақият? Юзта одам сени эшитиб, улардан жавоб олишдан кўра Марсга учиб боришинг осонроқ кечади. Бекаму кўст яшаганингда ҳам муваффақият бўйини туймадинг. Энди эса, тирикчиликнинг оғир машаққатлари елкангга юк бўлиб тушганда, муваффақиятга эришмоқчисан! Эҳ, бу қанчалик оғир юк-а, бечора Иброҳим! Ҳақир бандангга раҳминг келсин, меҳрибон Эгам! Бу бешафқат дунёда у ёлғиз, сендан бошқа паноҳи йўқ, Раббим!

Иброҳим қўлига қалам олиб, бошидан ўтган қайғули ва ачинарли воқеалар ҳақидаги фикрларини қоғозга тушира бошлади, шу аснода булар янги қасидасига мавзу бўлиши хаёлига келди, у ҳатто сарлавҳани ҳам ўйлаб қўйди: “Умидсизлик ва умид аро”.

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси