“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 628 марта кўрилган.

МАТОНАТЛИ ЙИГИТЛАР

Светлана АЛЕКСИЕВИЧ,

Нобель мукофоти лауреати

 

МАТОНАТЛИ ЙИГИТЛАР

«Уруш ҳақидаги қайдлар» китобидан
1988 йил 5 сентябрь

Таҳририятдан:

Нобель мукофоти совриндори Светлана Алеексеевич «Тобут болалари»
 (Цинковъе малъчики) китобидаги ушбу манзараларни Тошкентда қаламга олган. Бу нарса Собиқ тузумнинг шармандасини чиқарган маломатли ва мудҳиш воқеа ХХ аср фожеаси Афғон уруши ҳақида. Бу урушдан қайтган шўрлик чалажон
инсонларнинг қалб оғриқлари лирик ва меҳрибон аёл, улкан адиба юрагида ҳам садо берди.

Тошкент. Машиналар тагида ёввойи мушуклар ўралашиб юрибди. Офтобда куйган одамлару мева қутилари устидан ёшгина аскарлар (деярли она сути оғзидан кетмаган гўдаклар) ҳассаларда у ердан бу ерга сакраб ўтиб қайтишяпти. Уларга ҳеч ким эътибор қилаётгани ҳам йўқ, ҳамма кўникди. Улар шу ерда, ёйилган эски газеталар узра ётиб, шу ерда овқатланишяпти. Бир неча ҳафтадан буён Саратов, Казань, Новосибирск, Киевга чипта олишолмайди. Шўрликларни қаерда ногирон қилиб қўйишган экан? Қизиқ, улар нимани ҳимоя қилишган экан. Фақат эсини таниган бир болакай ҳайрат тўла кўзлари билан уларга боқиб турибди. Кутилмаганда аскарларга бир тиланчи аёл яқинлашди:

— Садақа қилинг. Садақа балони қайтарар!

Қандай бало? Унинг учун бундан ортиқ балои офат бўлиши мумкинми? Ҳассага таянган ёш зобит қулоғигача қизарди ва ноилож ортига ўгирилди. Тиланчи аёл ранжиган кўйи бир нималарни ғўлдираб узоқлашди.

Қаршимдаги воқеа-ҳодисалар ҳақида чуқур мулоҳаза қилиб хаёлга чўмиб ўтирардим. Ёнимдаги зобитлар оёқларидаги протезларнинг ёмонлигидан нолир, ора-орада уруш майдонидаги жанглар, вабо ва сариқ касали ҳақида гурунглашарди. Суҳбат оҳанги уларнинг қиёфасидаги маҳзунликдан ҳам ҳазин, юракни эзиб юборади. Зобитлар аччиқ қисматига кўнган ёки улар ҳали бошига тушган фожианинг нақадар оғирлигининг фаҳмига етмаган. Уларнинг хушсурату хушқомат аёлларга ҳайрат ва шу билан бирга умидсиз тикилгани ҳам ёдимда қолган.

Улар тағин суҳбатга берилди. Қобулга учадиган самолётни узоқ ва сабрсизлик билан кутганларини хотирлашди. Ўшанда ҳар бир лаҳза уларнинг кўзига асрга тенглашгандай туюлган экан. Нега бу қадар урушга шошганига ҳозир ҳайрон қолишарди улар. Ҳаммаси онасининг кўзидаги ёшини эслаб энди юраги эзиларди. Аэропортга етиб келган самолётга аввал техникани, сўнг одамларни ортишибди. Ўша дақиқаларда бу йигитларнинг урушга иштиёқи минг чандон ошган экан. Қанийди, тезроқ қўлига милтиқ олса! Тўрт мучаси соғ йигитлардан асар қолмаган. Ёнимдагиларнинг бари ногирону нотавон. Юзга яқин. Ҳар бирининг ўз даҳшатли олами ва қўрқинчли хотиралари бор.

Қулоғимга чалинганлари:

— Биринчи марта ўқ овози янграганида қулоғим том битгандай бўлди. Аввало, қушларнинг овози тинганга ўхшади, кейин бирдан ҳаммаси аниқ-тиниқ эшитилди. Сўнг худди магнитофонни охиригача баландлатиб қўйишгандай туюлди. Охир-оқибат ҳаммаси қоришиб кетди ва мен буткул ҳушимни йўқотдим...

— Дўзахнинг ўзгинаси! Қаршингдан чиққанига ўқ узасан, унинг кимлигини кейин аниқлайсан, отганинг — аёлми ё бола?!

— Урушдан ҳамма бизга ўхшаб қайтса керак. Уруш кўрган эркакмиш. Қанақа эркак! Энди унинг турган-битгани эртаси йўқ пиёниста.

— Бунча мудҳиш воқеаларни кўрган кўзлар энди қандай хотиржам юмилади айт! Ичасан-да кейин.

— Дўстим ўн тўққиз баҳорни қаршилаган куни унинг оёғини кесиб ташлашди. Бечора оёқларига қараб йиғлаб юборди. Худди қиз болага ўхшаб. Юзлари ҳам қизариб кетганди. Урушга борган кунлари у ўликлардан қўрқарди, айниқса, оёқ-қўли йўқлардан. Лекин ўз бошига тушгандан кейин кўникди шўрлик!

— Асирга тушмаганинг учун дўппингни осмонга отсанг-чи! Одамзоднинг қанчалар ёвузликка қодирлигини ўз укамни танимайдиган даражада хўрлашганларида кўрганман.

Кутилмаганда бир бурчакда мудраб ўтирган зобит ўрнидан югуриб турди.

— Туринглар! Туринглар! Сиренанинг овози. Ҳамма урушга! — деб бақирарди. Унинг оғзидан кўпик сачради ва ерга қулади. Йигитнинг тутқаноғи тутиб қолди, менинг эса юрагим орқага тортди.

Мен уруш ҳақида бошқа ёзишни истамагандим. Мана ҳақиқий уруш. Ҳали ҳам жангдан қайтмаган одамлар, совуқ қуроллар. Мен урушдаман. Уруш!!!

Рус тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси