“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 539 марта кўрилган.

ҚОР ЁҒМОҚДА ХАЁЛДАЙ УЗУН

Турсун АЛИ

ҚОР ЁҒМОҚДА ХАЁЛДАЙ УЗУН

Қор ёғмоқда хаёлдай узун,

Ажаб, қорга замин чулғанар.

Теваракка қарайман маҳзун,

Болалигим дилда уйғонар...

 

Бўлар эди пастак уйимиз,

Тупроқ томин босар эди қор.

Қор курардик отам иккимиз,

Томдан ўзни ташлардим кўп бор.

 

Қуш патидай қор оғушига

Кўмилардим чўчимай сира.

Кечалари кириб тушимга,

Сирпанардим тонгдан муз узра.

 

Отам изин босиб хушчақчақ,

Бориб дала сари шошиқиб,

Тут каллаклаб қучоқ ва қучоқ,

Қайтар эдик уйга тошиқиб.

 

Ўт нафасин таратиб сандал,

Вужудимни яйратар эди.

Исинганча оловда сал-пал,

Қор оғуши мени чорларди...

 

Қор ёғмоқда хаёлдай букун...

 

* * *

1

Ёғмоқда қор, шивирлаб кимдир,

Дарахтларда таралар наво.

Қор қўйнидан тикилар дилгир,

О, ёшлигим, менинг бевафо.

 

Қор ёғмоқда, қичқирар кимдир,

У сочлари тўзғиган рўё.

Айро этган бизни шум тақдир,

Қор қўйнидан қарайди гўё.

 

Қор ёғмоқда, куйлар аллаким,

Воҳ, овози тутган очунни.

Қор қўйнига энтикаман жим,

Унутолмам, о, асло уни.

 

2

Ёғаётган қорга қарайман,

От чоптириб боради кимдир.

Ҳали узоқ йўлга ярайман,

Енгил нафас олади бағир.

 

Ёғаётган қорга қарайман,

Кўзларимда намоён бир қиз.

Юрагимни секин силайман,

О, муҳаббат қолдиролган из.

Ёғаётган қорга қарайман,

Ёниқ севгим топади камол.

Дил-дилимдан тўйиб яйрайман,

Муҳаббатим ойдин бир хаёл.

3

Қор остида ухлар она ер,

Ва осуда олади нафас.

Юрагимда тўлғанади шеър

Замин узра таратганча сас.

Уйғонади майса, гиёҳлар,

Гулга кирар дарахтлар шоён.

Тупроқ юзин қоплар қиёқлар,

Гўзалликка бурканар ҳар ён.

 

Яшнаб кулар тоғлар этаги,

Сойлар куйлар хуш наво қўшиқ.

Узун кечар умрим эртаги,

Яшаради юракларда ишқ.

 

* * *

Қамишзор шитирлар, учади қушлар,

Бунда қўним топмас қора сукунат.

Ҳамиша тиниқдир, қизиқ, эс-ҳушлар,

Бунда ажиб чирой қурган салтанат.

 

Қамишзор шитирлар, елади еллар,

Бу жойни ин этган тулкию шоқол.

Булутлар чарх уриб, қуяди селлар,

Ажиб гўзалликлар этгайдир ишғол.

 

Қамишзор шитирлар, шамол уйғонур,

Теваракни тутади ғаройиб баёт.

Менинг дунём ичра рангин чулғанур,

Мангуликка йўлдош безовта ҳаёт.

 

* * *

Ҳаво очиқ, эсади еллар,

Осмон тўла юлдузлар рақси.

Хаёлимни ўғирлар нелар,

Кўзларимда борлиқнинг акси.

 

Биламан, сен келмассан бу тун,

Ёлғизликда кезаман дунё.

Ўксик кўнглим орзиқар нечун,

Фалакдан ой сочади зиё.

 

Сал нарида кўркам дарахтзор,

Оғушига чорлайди мени.

Сой чақирар, қўшиғи хумор,

Қандай ёддан чиқарай сени?

 

Ҳаво очиқ, эсади еллар,

Осмон тўла юлдузлар рақси.

 

* * *

Чўзилган тун...

Ваҳший қоп-қора.

Тўрт тарафга қарайман дилхун,

Аллақандай исмсиз яра,

Вужудимни оғритар ўқтин.

 

Тун бағрини ёритар юлдуз,

Сен келасан порлаб, севгилим.

Тўрт тарафим висолдир,

Дилсўз,

Кўзларингга сингийдирман жим.

 

* * *

Сен ҳурсан, малаксан, қўл чўзсам етмас,

Ою юлдузлар-да жамолингга лол.

Чўлпон кўзларингга боқсам бир нафас,

Ҳуркак оҳуларни кўргайман алҳол.

 

Сен ҳурсан, малаксан, қўл чўзсам етмас,

Пойингга чўкурман илтижо ила.

Изларинг кўзимга сургайман сармаст,

Сен бу замин узра гўзал оқила.

 

Сен ҳурсан, малаксан, қўл чўзсам етмас,

Сўзларинг, овозинг ипакдек масъум.

Мен ўлиб-тирилиб олурман нафас,

Дунёни қайтадан кўргайдир кўзим.

 

Сен ҳурсан...

 

ЁМҒИР

(Г. Г. Маркеснинг «Макондода ёмғир» ҳикоясини ўқиб)

Куни бўйи ёғмоқда ёмғир,

Қувончимдай ёғаётир у.

Шода-шода марварид каби

Юрагимга берадир туйғу.

 

Туни бўйи ёғмоқда ёмғир,

Деразамни очаман секин.

Гулим, йўқсан, вужудим оғрир,

Тун янада қораяр сокин.

 

Куни бўйи ёғмоқда ёмғир,

Кўчалар лой, шалаббо борлиқ.

Ўкинчларга тўладир бағир.

Кўнгил узра инади оғриқ.

 

Туни бўйи ёғмоқда ёмғир,

Оҳ, ёлғизлик ўртайди мани.

Ул ёмғирга сингийди охир,

Унутаман қандай санамни?

 

Куни бўйи ёғмоқда ёмғир,

Ўзда йўқдир оромим, ҳушим.

Туни бўйи ёғмоқда ёмғир,

Э воҳ, ёмғир бўлсайди тушим.

 

Куни бўйи ёғмоқда ёмғир...