“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 1130 марта кўрилган.

АННА

Анатолий НАЙМАН

АННА

Эссе

Анна Ахматова билан 1959 йилнинг кузида учрашганимда мен йигирма уч ёшли йигит эдим. Ўша вақтларда камина шеър қоралаб турар ва бу ишга анча-мунча қўли ҳам келишиб қолганди. Ёзганларимни Ахматова эшитишини орзу қилардим. Қанийди, ижод маҳсулим унга ёқса...

Ўша вақтларда шоира Ленинграддаги аввалги Кавалергард, ҳозирги Красная Конница кўчаси, 3-уй, 4-хонадонда истиқомат қиларди. Бу уй Вячеслав Иванов минораси, ўн учинчи йилнинг арвоҳлари изғиб юрган князь Таврический номидаги боғ, аввалги Шпалерная, ҳозирги Воинов кўчасидаги кўплаб маҳбуслари билан машҳур қамоқхона яқинида жойлашганди. Мазкур қамоқхонанинг бадбахт маҳбуслари сафида Ахматованинг умр йўлдошию ўғли ҳам бор эди. Нима бўлган тақдирда ҳам, Ленинграддаги бу жойда ҳаёт қайнарди. Анна Ахматова шеъриятида ва шахсий ҳаётида муҳим роль ўйнаган дўсти Николай Владимирович Недобровга йўллаган номасида: «14-йилнинг февралида Кавалергарддаги суҳбатимизни эслайсизми?» — деб ёзган эди Ахматова. У билан Ленинград кўчаларини бирга айланган кезларимиз шоира ўзига таниш хонадонларни кўрсатар ва у ерда кўпчиликка сир бўлган муҳитдан сўзларди, охирида эса ўзини койиб ҳам қўярди: «Менга оғзимни юмишни буюринг, акс ҳолда учига чиққан ғийбатчига айланиб кетаман».

Шоира узоқ умр кечирди. Айтиш жоизки, Анна Ахматова бир-бирига ўзаро боғлиқ бўлмаган воқеа-ҳодисалар орасидаги муштаракликни кўра оладиган ўта сезгир ва дилгир аёл эди. Шунингдек, у энг кутилмаган тасодифларга ва ўхшаш воқеаларга ҳам дуч келарди. Шоира худди такрор юз бераётган воқеаларни гўё кўзгуда кўраётгандай сўйларди. «Буларнинг ҳаммаси «ўша вақтдагидай», қачонлардир содир бўлганга ўхшайди», дерди у.

Менга эшик очган аёл, меҳмонлар, йўлакда тўқнаш келганим оқсоч жаноб, хона ичкарисидан кўзга чақнаб ташланган қиз — ҳамма-ҳаммасининг истараси иссиқ ва бу манзара бағоят ғаройиб эди. Уларнинг сирли қиёфаси менга Анна Ахматовага алоқадордай туюлди. Шоиранинг ўзи эса ажойиб, десам номуносиб бўлади-ю, бироқ бенуқсон, қўл узатса етиб бўлмас даражада баландликда, яқин теварак-атрофдаги нарсалардан, одамлардан, дунёдан олисда, жим ва ҳаракатсиз турарди. Илк таассуротда унинг бўйи меникидан баландроқдай кўринди, кейинроқ эса мен билан тенг, ҳатто бироз пастроққа ўхшади. Ахматова бошини баланд тутиб, секин одимлар, ҳатто қадам ташлаётгани сезилмасди ҳам. Унинг қомати худди лойдан ясалган ҳайкалга ўхшарди. Эгнидаги кийгулик сиёғи қолмаган узун либос, эҳтимол, шол рўмолдир ёки кимоно, аниқ билмайман, бироқ ҳайкалтарош устахонасида ишлатиладиган эски латтани эслатарди. Бир неча йилдан кейин Модильяни ва Ахматова сиймоси орасидаги ўзаро ўхшашлик ҳақида ёзаётганимда, бетакрор санъат устасининг бир гапини эсладим: «Ҳайкалини ясаш ва ёзишга арзийдиган аёлларнинг ҳаммаси кенг ва ғалати либослар кияди». Шунда шоиранинг илк учрашувимиздаги бутун бўй-бастию ўша шол рўмоли кўз олдимда гавдаланганди.

У шеър ёзишим билан қизиқди ва ўқиб беришимни сўради. Битта шеърда шундай сатр бор эди: «Худди қора балиқдай сузар пойабзалим». Мен ўқиб бўлишим билан у: «Биз ковуш дердик», деди. Бир неча йилдан кейин мен Павловск ҳақида ёзилган Ахматованинг шеърини ўқиб қолдим. Шеърда шундай сатрга кўзим тушди: «Барглар ковушлар атрофида доира бўлиб айланади».

Мени ичкарига қўйган аёл овқат олиб кирди. Ликопчада атиги биттагина яхши тозаланмаган ва бироз қуриган сабзи бор эди. Эҳтимол, бу унга буюрилган парҳез таомдир ё шунчаки Ахматованинг истаги, ёки йиқилган хўжалик нишонасидир, нима бўлганда ҳам, мана шу битта сабзи мисолида мен унинг дунё ноз-неъматларига нақадар лоқайдлигини англадим. Бу муносабат нафақат таомга, балки бутун борлиққа нисбатан ҳам шундай эди. Ушбу ташриф чоғида мен изтиробга ботдим. Шундай шоиранинг фақирлигидан ҳайратда эдим.

Кейинги учрашувимиз унинг аввалгидан хийла яхшироқ вақтларига тўғри келди. Литфонд унга Комаровадан ёғочдан қилинган далаҳовли берган эди. Шоира оқкўнгиллик билан бу ошёнини Одесса яқинида ўзи туғилган кулба каби будка деб атарди. Бу ҳовли ҳозир ҳам бор. Бир марта у: «Менинг будкамда яшаш шароитини тўғрилаш учун фавқулодда эпчил меъмор бўлиш керак», деган эди. Чинданам, каталакдай ошхонаю атиги бир хонадан иборат кулба ичкарисига деярли қуёш тушмас, шунинг учун ҳам бироз қоронғи эди, қолгани йўлагу айвон. Хона бурчагидаги Анна Ахматовага тегишли ёғоч каравотнинг бир оёғи йўқ, ўрнига ғишт териб қўйилган эди. 1964 йилда уни адабий мукофот тақдимотига Италияга чақиришди. Тадбирга кийиб бориш учун бир-иккита нарсаларни қарзга олиб туришга тўғри келди. Алексей Толстойнинг бевасига жунрўмолни ўзим олиб бориб берганим эсимда. Ленинградда у билан бир хонадонда яшаганлар, Ирина Николаевна Пунина (менга эшик очган аёл), Ахматованинг ўгай қизи ва невараси Аня Каминская унга етарлича эътибор қаратолмасдилар. Чунки уларнинг ҳам ўз оиласи, ташвиши ва ишлари бор эди, бу ишда эса фидойилик талаб қилинарди. Москвада у тез-тез меҳмон бўладиган Нина Антоновна Ольшевская, Мария Сергеевна Петрова, Ника Николаевна Глеи ва бошқа бир қанча танишлари шоирани турли вақтларда ётоқ билан таъминлаб, унга чиндан меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўрсатган эдилар. Бироқ буларнинг ҳаммаси вақтинчалик бошпана эди, ўз уйи, ўлан тўшаги эмасди.

Бошпанасизлик, бесаранжомлик, саргардонлик. Йўқотишларга тайёр бўлиш, кўнгилсизликларни одатдагидай қабул қилиш, ҳаёт синовларига бепарвою менсимай қараш ва қийин кунлар хотираси билан яшаш, бу — Анна Ахматовага хос. Асосийси, сохта эмас, балки табиий ёниб турган чақин кўзларда ҳаёт нишонаси ўчмасди.

«Уч ойдан буён Парижга виза бермайдилар». Бундай қийинчиликларга рўпара бўлишу чидаш худди Анна Ахматова ҳаётининг қонунига ўхшайди. Бирор ишдаги омадли бурилишлар эса бу бахтсиз картинани бироз ёритарди, холос. Унга таклиф қилинадиган «даромадли» таржималар — машаққатли меҳнатнинг бир неча ҳафталари ёки ойлари дегани эди. Бу меҳнат етмиш сўмлик нафақани эсга солиб турарди. Ёз пайтларида Комаровога кўчиш узоқ қариндоши, таниши, дугонаси, унга хўжалик ишларида кўмаклашган аёлни қидирув ишларидан бошланди. Италия мукофотининг тақдимотидаги иштироки Анна Ахматованинг нақадар кексайиб қолганини кўрсатди. Худди унинг табассуми, кулгиси, овози, ҳазил-мутойибаси каби. Шоиранинг бу хатти-ҳаракатлари юзию кўзи нақадар изтиробга ботиб чўкиб қолганини аниқ ва равшан намоён этган эди...

Сўнгги йилларда яқинларидан уч-тўрт киши ўта эҳтиёткорлик билан васиятнома тўғрисида оғиз очди. Шоиранинг ўғли Л. Н. Гумилев ўшанда қамоқхонада эди. Ҳаёт зарбалари Ахматовани шунчалар эсанкиратиб қўйгандики, унинг бу ҳақда ўйлаганиям ҳоли йўқ эди. Шоира меросхўр сифатида Пунинани танлади. Ўғли озодликка чиқиши билан эса васиятнома қайта тузилди. 1965 йилнинг 29 апрелида кун адоғига етай деган маҳал кутилмаганда у: «Такси чақирайлик, нотариал идорага бормасак бўлмайди», деб қолди. Мен ҳам райъини қайтармадим. Нотариал идора бошлиғига учрагани учинчи қаватга кўтарилиш керак эди. Инфарктдан кейин бундай баландликка чиқиш қанчалар хавфли эканлигини айтмасам ҳам бўлар, бироқ қайсар шоирани аҳдидан қайтариш иложсизлигини билганим учун унга юқорига кўтарилишга ёрдам бердим. У нотариал идора ходимини бошқа куни уйга чақиришга кўнмади. Аҳматова аста-секин юқорига кўтарилишни маъқул топди. Идорада ягона мижоздан бўлак ҳеч ким йўқ. Шоира бутун оғирлиги билан ўзини курсига ташлади. У бошқа бир қадам ҳам олдинга босолмасди. Мен нотариусдан йўлакка чиқишни илтимос қилдим. Ахматова: «Мен аввалги васиятномамни бузмоқчиман», деди. У буни ёзма равишда бажариш лозимлигини уқтирди: «Менинг кўп ёзгани ортиқча кучим йўқ», деди шоира аянчли аҳволда. Нотариус айтиб турадиган, мен ёзадиган ва у қўл қўядиган бўлди. Ташқарига чиққанимизда эса у: «Аслида менинг мақтанса арзигулик меросим қолган эмас. Шуҳратимдан бўлак... Бу дунёга ҳозирнинг ўзида қўл силкиб кетишга тайёрман», деди ғамга чўмиб. (Шу ўринда надомат билан Ахматованинг ўлимидан кейин унинг архивига қўл теккизишга ҳақи бўлмаганлар ва ҳужжатлар қўлида бўлганлар ўртасида аёвсиз кураш бошланганини маълум қилсам. Шармандали суд можаролари шоиранинг руҳини безовта қилган бўлса ажабмас. Оқибат Ахматованинг қўлёзмалари қўлма-қўл бўлиб, ҳар ерга сочилиб кетди ва кимларнинг қўлига ўтгани ҳам номаълум).

Етар-етишмовчилик шоир қисматининг бир бўлаги, деб ҳисобларди у. Бир куни шоира: «Буни қара-я, бу одам фақат қимматбаҳо буюмлар орасида суратга тушишни ёқтираркан, — деди у журналдаги Пикассонинг рангли суратларини томоша қилар экан, сўнг қўшиб қўйди: — тавба, уни ҳеч ким рассом, демайди. Кўринишидан худди банкирга ўхшайди. Қандай қилиб ҳашамат рассом истеъдодини бўғиб қўймаганига ҳайронман?»

Англиядан қайтгандан кейин Ахматова бир одам билан танишгани ҳақида сўзлаб берди: «Ҳа, у ғаройиб қасрда яшаркан, хизматкорларининг саноғи йўқмиш, уйидаги деярли ҳамма буюмлари кумушдан. Эркак кишининг бойлигини кўз-кўз қилишига энсам қотди. Мен унга биласанми, нима дедим: «Тилладан қафас қурсанг, бу ҳашаматли саройинг чиройини тўлдиради», деб айтдим. Афсус, гапларимнинг маъносини англамади ва англамаса ҳам керак...»

Анна Ахматова ўзи билан ўзи олишиб яшайдиганлардан эди. Ғазаб, қайғу-изтироб, шоиранинг ҳаёти шу уч нарсага бўктирилган эди, қувонч эса ҳар доим олисда. Олтмиш иккинчи йилнинг баҳорига яқин бизга Комаровадаги ижод уйига йўлланма тегди. Уни асосий бинодаги хонага, мени эса асосий бинонинг ён томонидаги кичик бинодаги хонага жойлаштирдилар. Сайрга чиққанимизда фин чаналаридан бўлак ҳеч нарса олмасдик. У узоқ пиёда юролмасди. Кунлар илигани учун юмшоқ қорда чанада юриш Ахматовага қулай эди. Чаналар шиддат билан олдинга интилганида, қуёш заррин нурларини оппоқ қор узра ўйнатганида илк бора унинг қувончдан кўзлари порлаганини кўрганман, бироқ бу кўпга чўзилган эмас. Қувонч ғам ин қурган кўзларда бир чарақлади-ю, яна ўчди. У офтоб нурига юзини қаратиб узоқ ўтирди. Хотиржам, ҳаракатсиз ва ўйчан...

Комаровадаги почтачи қиз Фанлар академиясидан телеграмма олиб келди. Унда Ахматовадан америкалик профессорни муносиб кутиб олиш сўралган эди. «Нима бало, бу профессорнинг уйидан илон чиққан эканми? Пайтини топганини қара-я!» деди у телеграммани ўқиб. Билдимки, қайсар шоирага бемаврид илтимос ҳам, кутилмаган меҳмон ҳам ёқмади. Чунки у ижодга шўнғиган эди. Меҳмон шахсий таржимони билан келди. Ахматова мендан ёнида бўлиб туришимни сўради. Профессор қирқ ёшлар атрофидаги эркак экан. Кўп ўтмай таржимон орқали унинг бўйидан баланд режалари билан танишдик. Меҳмон бир қанча мамлакатларнинг XIX ва XX асрларда қиёсий тарихини ёзишни мақсад қилган экан. Бу режалар ибтидосида Россия билан АҚШ ўрин олганди. Бу профессорнинг Ахматова билан учрашишдан нияти рус халқи руҳияти ҳақида озми-кўпми тасаввурга эга бўлиш экан. У худди тадбиркорларга ўхшаб сўзлади: «Америкада довруғингизни кўп эшитганман. Бир қанча ижод намуналарингиздан ўқиб, менинг шу саволимга жавоб берадиган ягона одам сиз эканлигингизни англадим». Ахматова мулойимлик билан мавзуни бошқасига кўчирди, бироқ ажнабий ҳам қайсар экан. Икки оёғини бир этикка тиқиб, ундан саволига жавоб беришни сўрарди. Бечорагина қийналиб кетди. У суҳбатни тугатишни ўз хонасига бориб, тағин ижодига қайтишни истарди. Ахматованинг шеър кайфиятида ўтирганини сезиб турардим. Мижғов профессор энди менинг ҳам асабимга тега бошлаган эди. Охири чидаб туролмади ва шоира қаҳр билан: «Мен рус руҳияти ҳақида ҳеч нарса билмайман! Уддасидан чиқолсангиз, Достоевскийдан сўранг. У бу саволга жавоб беришни қотирарди!» деди. Америкалик таваккал қилишга қарор қилгани сезилиб турарди: «Бўлса бордир! Тўғри, Федор Достоевский кўп нарса биларди, бироқ ҳамма нарсани эмас!» Ажнабий кетишга шайланди. Ахматова эса: «Достоевский одам ўлдириб, Роскольниковга айланиб қолади, деб ўйларди, бироқ шундайлар борки, бир кунда элликта одамни тириклайин гўрга тиқиб, кечқурун театр томошасига боради», деди. Профессор жойига ўтирди. Ғаройиб рус руҳияти ҳақидаги суҳбат-суҳбатга қовушди. Чунки ажнабийнинг рус тарихидан ташқари рус адабиёти билан танишлиги шоира қалбида ўзига нисбатан эҳтиром уйғотди...

Рус тилидан

Вазирабону АСАДОВА

Таржимаси