“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 718 марта кўрилган.

САЛОМ

Нажиб Махфуз,

Нобель мукофоти совриндори

САЛОМ

Чўткаларнинг таниш тўқиллаши уни хаёл дунёсидан олиб чиқди, у норжилдан1 кўзини олди-ю, рўпарасида пойабзал тозаловчини кўрди, у ҳам уни кўрганига ишонмаётгандек қараб турарди. Бирмунча вақтгача иккаласи бир-бирига диққат билан қараб туришди, кейин пойабзал тозаловчининг юзи севинчдан ёришиб кетди. Ўтирган киши ҳам жилмайди.

— Худога шукр, омон-эсон экансиз, бек! 2

— Салом! Ишлар қалай?

У бош ирғади ва ботинкали оёғини олдинга узатди, пойабзал тозаловчи унинг рўпарасига келиб чўнқайди.

Салкам йигирма йилдирки, бу дайдининг қораси ҳеч кўринмайди. Охирги марта уни эски қаҳвахонада учратганини билади. Ўшанда пойабзал тозаловчи ёш, бақувват йигитча эди. Меҳнатсевар асаларига ўхшаб, у каллаи саҳардан бутун маҳаллани айланиб чиқарди. Жудаям қувноқ, беғам эди, қўли билан чўткани қанчалик чаққон ўйнатса, тили билан чўпчагу латифаларни қалаштириб ташлагани-ташлаган эди. Аввалги ўртоғидан асар ҳам қолмабди, бутунлай ўзгариб кетибди! Танаси қовжираб, эрта тушган кексаликдан юзини чуқур-чуқур ажинлар қоплабди...

— Сизни кўрмаганимга ҳам минг йил бўлди-ёв. Саёҳатга кетганмидингиз?

— Йўқ.

— Хўш, ҳозир қалайсиз? «Ўз уйинг — ўлан тўшагинг». Мана бу ўша қадрдон қаҳвахона, роса соғинган бўлсангиз керак?

— Ахир бежиз қайтмагандирман. Пайтни пойлаб юриб, бир куни шартта жўнаб қолдим.

— Ишга берилиб, йиллар ўтганини ҳам билмагандирсиз?

— Шундай.

Йигирма йил муқаддам уларнинг умумий душмани бор эди — қашшоқлик. Тинимсиз уринишлари ҳам тирноқча наф бермасди.

— Сиз ўзгармабсиз, бек, Худога шукр!

— Сен ҳам ўша-ўшасан.

— Мен-а? — у ғамгин жилмайиб қўйди.

— Худо ўзи сенга ёр бўлсин!

— Сиз ҳам вақтида кўп қашшоқлик жабрини тортгандингиз. Аммо пешонангиз ярақлаган экан, омадингиз чопди.

Ҳа, у қашшоқ эди. Энди эса ўша бечораҳолнинг данғиллама уйи, шаҳар ташқарисида дала ҳовлиси, енгил машинаси борлигини тасаввур ҳам қилолмасди.

— Сен Худога таваккал қиласан, эътиқод ҳам катта бойлик. Уни пул билан ўлчаб бўлмайди.

— Худога шукр!

— Кун кўриш қийин бўлиб кетди.

— Секинроқ айтасизми, бек! Қийинлашганда ҳам...

— Илгари тўрт-бешта сариқ чақанг бўлса ҳам кунинг ўтаверарди, аммо мамлакатни бойлар эгаллаб олди. Улар давлат хазинасидаги бор пулни кайфу сафоларга совуриб йўқ қилди.

— Уларнинг даври тугади, бек. Аммо менинг аҳволим тузалиш у ёқда турсин, беш баттар бўлиб кетди.

— Менинг кўрган-билганларим — ўзимга ўхшаган афтодаҳоллар.

— Сен ўз қобиғингга ўралиб қолгансан, мана гап қаерда.

— Хўш, бизнинг кунимиз туғадиган вақт ҳам келармикан? Қачон ўнгланамиз, қачон?

— Ҳар нарса ўз мавриди билан бўлади.

— Орадан йигирма йил ўтибди-ку...

— Мамлакатнинг бу даврони олдида бу киприк қоққулик нарса.

— «Яна йигирма йил кутиш керак», демоқчимисиз?

— Билмадим, Балки келажак авлод толеи учун бир авлод ўзини қурбон қилар.

— Аммо менга атрофни беғам-бепарво одамлар тутиб кетгандек туюлади.

— Шунақага ўхшаб кўринади. Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади, ҳамманинг юрагида бир алам, бир дард бор.

— Худди олдинги замонлардай ҳаммалари дабдабали машиналарда юради.

— Уларнинг юрагида тирноқча масъулият бормикан? Улар давлатга қанчалик наф келтираётган экан? Нима каромат кўрсатяпти улар?

Таслимман, дегандек у жилмайиб қўйди ва мижозига меҳр билан қаради. Вақтни чўзиб, у ёқ-бу ёқдан гап сотиш ниятида у чўткани у қадар шитоб билан ишга солмаётганди. Унинг кўзлари ўтмишдоши билан бир мириқиб гаплашиб олиш иштиёқи билан ёнарди.

— Зериктириб қўймадимми сизни, бек?

— Ҳечам. Юрагингда борини тўкиб солавер, қулоғим сенда.

— Аллоҳ сиздан марҳаматини дариғ тутмасин. Эсингиздами, бизлар қанақа кулардик? Қотиб-қотиб, қорнимизни ушлаб кулардик.

— Ҳозир ҳам кулаверасиз, нима бўпти?

— Ҳа, бироқ...

— Ҳамма бало шундаки, биз нуқул орқага қараганимиз-қараган, худди чўнтагимиздаги жаннатни йўлда тушириб қўйгандекмиз.

— Бу билан юракдан кулмас эдик, демоқчимисиз?

— Ҳа. Дарвоқе, инқилоб бўлган куни қанақа ўйин тушганимизни эслайсанми?

— Бўлмаса-чи. Мен орзулардан маст-аласт эдим. Ҳаммамиз орзулардан маст-аласт эдик.

— Орзуларимиз ушалгандиям. Агар омад юз ўгирмаганида, душманларимиздан Сен нима кутган эдинг?

— Бевалик ва қашшоқлик йўқолишини, бир тўғрам беминнат нонни, фарзандларимиз учун беминнат келажакни...

— Ҳаммасига эришдик.

— Ҳар куни эшитамиз бу гапни. Аммо фарзандларимнинг ҳамон аросатдан боши чиқмайди.

— Фарзандларинг кўплигидан пушаймон эканинг шундоқ кўриниб турибди...

— Пушаймон қилмайман, Аллоҳга шукроналар айтмоқчиман.

— Мактаб ҳамма учун очиқ.

— Менинг болаларим мактабга кирган эди ҳам, бироқ қандай кирган бўлса, ўшандай чиқиб кетишди. Биттасининг ҳам омади чопмади.

— Бунга инқилоб айбдор, демоқчимисан?

— Инқилоб айбдор эмас. Аммо биз ҳамон битта хонада тиқилиб яшаяпмиз. Мактабда эса бу билан ҳисоблашишмайди.

— Сизлар фақат мўъжизага ишонгансизлар, инқилобга эмас.

— Барча камбағалларнинг бошига тушган балои азим шу-ку...

— Ҳаммаси ҳам эмас.

— Истиснолар бўлиб туради, аммо уларни ҳисобга олиб бўлмайди.

— Илгари шунақа эди — салга тутақиб кетар эди одамлар.

— Замона пули борларга боқади. «Эски ҳаммом — эски тос».

— Ҳеч кимнинг ақли етмайди. Бутун дунёда шунақа — алғов-далғов.

— Бутун дунёни гапиришни ким қўйибди бизга? Ўзингизни ўйласангиз-чи.

— Ахир биз ҳам дунёнинг бир қисмимиз.

— Унда жаҳон муаммолари қачон ҳал бўлар экан, деб оғизни очиб ўтириш керакми?

— Ахир, ҳаммаси шунақа эмас-да, аммо сен ҳақиқатни тушунгинг келмаяпти.

Айтган сўзларидан яна ўзи қизишиб кетмаслиги учун у кулиб юборди. Сўнг давом этди:

— Биз уруш ҳолатида эканимизни унутма.

Бир пойабзални чўткалаб бўлиб, иккинчисига ўтказар экан, бидирлаб деди:

— Ҳозиргача енгилиб келган эдик.

— Унутиб бўлмайдиган нарсани эслашнинг ҳожати йўқ.

— Яна қачон жанг қиламиз, бек?

— Уруш муаммони бир ёқлик қилади, деб ўйлайсанми?

— Умидли дунё, биронта ўзгариш бўлар?..

— Бир тўғрам нонга зор бўлиб қолсанг-чи.

Пойабзал тозаловчи ғижиниб елка учириб қўйди.

— Ғалабага кўзимиз етган куни жанговар ҳаракатларни бошлаб юборамиз.

У бошқа чурқ этиб оғиз очмади, аммо жавобдан кўнгли тўлмаётгани яққол кўриниб турарди.

— Уруш нима эканини биласанми ўзи? Заводлар, тўғонлар ва йўллар вайрон этилса, қай аҳволга тушишимизни тасаввур қиласанми?

— Улар бизга қандай ёмонликлар қилган бўлса, биз ҳам қасдма-қасдига шундай қиламиз.

— Шу билан ҳаёт ҳам тугайди, вассалом.

— Тугаса-тугар. Еримизни ғанимлардан халос қилишимиз керак, муҳими шу.

— Сен ростданам ер ғамини еяпсанми ёки вайронагарчиликни ўйлаяпсанми?

— Мен адолат тантанасини истайман.

— Сен бутун дунёни харобазорлар тагига қўммоқчи бўляпсан.

— Йўқ, бек, зинҳор ундай эмас, Худо ҳаққи!

Унинг сўзларидан қандайдир бошқа гап айтмоқчилиги сезилиб турарди.

— Ғалаба муҳим, қасос эмас, билдинг!

— Бек, мен ҳам адолатли ҳаётни, ғалабани истайман. Фақат айтинг-чи, қачон бўлади булар барчаси?

— Қачонлигини билмайман. Лекин сабрли, содиқ ва меҳнатсевар бўлсанг, албатта, булар рўёбга чиқмай қолмайди.

«Аҳмоқ билан пачакилашиб нима барака топасан, киши! Ҳеч нарсага тушунмайди, фақат ўзиникини маъқуллайди».

Пойабзал тозаловчи ишини тугатди ва мижоз унга икки ўрнига беш пиастр3 пул берди. Севинчдан унинг чеҳраси очилиб кетди ва кетишга чоғланаркан, ўзининг эски мижозига Худодан эзгуликлар тилаб қолди. У эски дўстининг пулига эмас, дуосига интиқ эди ва кўнглининг бир чеккасида «Унинг айтганларида жон бор» деган фикр пайдо бўлди. Боз устига бир ўзи қолиб, юрагини ваҳм чулғаб олмоқда эди — у келажакдан қаттиқ хавотирда эди. Бироқ овоз чиқариб айтган гапи шу бўлди:

— Менинг айтганларим тўғрисида нима деб ўйлайсиз?

— Чиройли сўзлар.

— Ва ҳаққоний сўзлар эди.

— Ҳаммаси худди радиодагидай.

«Худди радиодагидай!» Бу ўхшатиш унинг кўнглига оғир ботди ва жаҳлдан тутақиб кетаёзди.

— Ишонмайсанми?

— Агар сиз ишонсангиз, унда мен ҳам ишонаман, — жавоб берди у, овозини кўтариб. «Сўзларим ишончли чиқсин», дея атай шундай қилганини ўйлаб, кулиб юборди.

— Қадимда бўлганидек, сиз бу қаҳвахонага келиб турасизми?

— Ҳа, агар мавриди келган бўлса.

— Сизни кўрганимдан шунақанги хурсанд бўлган эдимки, ўзимни худди ёшликка қайтгандек ҳис қилдим.

Пойабзал тозаловчи хайр-хўш қилди-да, у ердан кетди.

Ўтирган киши эса ўчиб қолган норжилни ўт олдириш учун қўрни елпий бошлади.

 

Рус тилидан

Амир ФАЙЗУЛЛА

таржимаси

 

1. Ёнғоқнинг бир тури, қобиғидан идиш ясалади. Бу ерда чилим назарда тутилган.

2. Бек — жаноб, дегани.

3. Пиастр — майда пул.