“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 1441 марта кўрилган.

ИЖОД ЭҲТИЁЖИ

 

Жорж ОРУЭЛЛ,

Америка адиби

Ҳали ақлимни таниб-танимаёқ, беш-олти ёшларда эдим чоғи, улғайганимда, албатта, ёзувчи бўлишимни ич-ичимдан сезардим. Ўн етти ёшимдан бошлаб етти йил давомида миямга зулукдай ёпишиб олган хомхаёлдан воз кечишга ҳарчанд уринмай, ақлим табиатимдаги бу телбаликни енгаверар, эртадир-кечдир, ўзимни босиб олиб, жилд-жилд китоблар ёзишимни тасаввур этсам, теримга сиғмай суюниб юраверардим.

Уч ярим ёшларимдан, бу жараён беш йил давом этган, саккизимгача отамни аҳён-аҳёнда кўрганман. Шунга ўхшаш сабаблар туфайли ўзимни ёлғиз сезар, руҳимга бегона одатларим кўпайгандан-кўпайиб борарди. Ягона юпанчим — қоғоз қоралаш, хаёлимдаги одамлар билан суҳбат қуриш эди. Аввалбошдан қадр топмаган адабий интилишларим — шу кечинмаларнинг оқибатидек... Сўз нафосатини туйиш, заррачалик қиммати йўқ фактлар билан олишиш қобилияти юққанмиди, эҳтимол. Кундалик ҳаётимда такрор-такрор дуч келувчи омадсизликлар ўзимгагина дахлдор дунёмнинг ажралмас бўлаги эди. Шубҳасиз, ижодга жиддий киришишнинг вақти-соати етган, шу чоққача — болалигиму ёшлигимда қоралаб юрганларим эса ярим варақчаям чиқмасди. Биринчи шиғиримни тўрт-беш ёшимда ёзганман, элас-элас хотирлайман: онам айтиб турган, мен кўчиргандим. Шеър йўлбарс ҳақидайди. Унинг ўткир курак тишлари, шугина ташбеҳдан бошқасини эслолмаяпман. Блейкдан1  ўғирлаб олган “Йўлбарс, йўлбарс” “шеър”имдан роса завқланганман. Ўн бир ёшимда, уруш даври ёхуд 1914–1918 йилларда бир ошпазнинг ўлимига марсия ёзганимни айтмаса, нуқул ватанпарварлик руҳидаги шеърлар битганман, улар маҳаллий газеталарда бирин-кетин босилиб тураверган. Вақт ўтиб, бироз улғайгач, Жорж услубига2  тақлидан табиат мавзуида тугалланмаган, ҳазин шеърлар бита бошладим. Эсласам, ўзимнинг ҳам кайфим учиб кетадиган бир ҳикоя ёзгандим ўша пайт­лари. У йиллар давомида ғалвирдан ўта-ўта оққа кўчирилган ягона асарим эди. Шунга қарамай, ҳамиша ўзимни адабий ижодга дахл­дор ҳисоблардим. “Адабий буюртмалар” сабаб ҳаётимга “тезкорлик” сўзи кириб, “роҳат” тарк этди. Мактабдан ташқари вақтимда ҳозир ўзимни-да ҳайратга солар даражадаги шиддат ила ҳажвий шеърлар ёздим, ўн тўрт ёшимда Аристофанга3 ҳавасим кетиб бутун бошли пьесани бир ҳафтада ёзиб тугатдим, мактабда деворий газета чиқара бошладим. Тасаввурга ҳам сиғдиролмас ночору ғариб ҳажвий нашр эди у. Айни замондаги арзон-гаров журналистикадан кўра, ўша ҳаминқадар нашр учун қанча ёниб-куйгандим-а. Бу “адабий фаолият”га вобаста, ўн тўрт ёшмидим ё каттароқ, турли адабий машқ­лар билан овундим: ўзим ҳақимдаги “ҳикоя”лар қоғозга эмас, миямга муҳрланарди. Буни бир болакай ё ўсмирнинг эрмаги, десам тўғрироқ бўлар. Ўзимни негадир “Робин Гуд” атаб, мени ҳаяжонга солувчи саргузаштлар қаҳрамонларининг суратларини чизиб, ундан қиёфамни ахтарардим. Бироқ кўп ўтмай, “ҳикоя”лар ўз-ўзимга маҳлиёлик кайфиятига шафқатсизларча барҳам берди: бора-бора кўр­ган-кечирганларимнинг қоғозга тушишидан ҳузурландим. Миямда шунга ўхшаш фикрлар айланарди: “У эшикни итариб очди ва хонага кирди. Қуёшнинг заррин нурлари муслин гиламни сийпалаб ўтиб, устида ярим очиқ гугурт қутиси ва сиёҳдон турган столга келиб тўхтади. Ўнг чўнтагидан ўнг қўлини чиқариб, дераза томонга чўзди. Кўчада тошбақа косали мушук дарахтдан узилиб тушаётган япроқ кетидан қувиб юрибди...” Бемаъни одатга ўралашиб, йигирма беш йилимни елларга совурдим. Сўз, арзигулик сўз топишга тиришаман, бесамар тиришқоқлик мени тағин ғамга ботириб қўяди, бари шунчаки мубталолигим соясида қолиб кетаверади. Дунёга илинмоқчи бўлган “беназир асар”им мени турли ёшда мафтун этган турфа ёзувчиларнинг услубини ҳечқурса такрорлаши керак эди... Аммо хотирам саҳифаларини ҳар қанча титкиламай, таниш, арзимас ёзиқлар билан тўқнашаверардим.

Ўн олти ёшимда тўсатдан сўздан лаззатланиш касалига чалиндим. Сўзнинг жозибаси ва оҳангидан ошуфтаҳол бўлдим. “Бой берилган жаннат”даги4  қуйидаги мисралар ажаб қизиқ, синоатли туйилди:

У меҳнат ва мушкулот сабаб,

Унга айланиб қолмишдир,

ё Раб.

“У” ва “у”нинг муштарак оҳангидан завқ туйиб, тиззаларим қалтираб кетганди ўшанда. Ҳодисотларни тасвирлаш асносида моҳиятни англай бошладим, ижодимдаги асосий истак коинотдаги юлдуздек юзага потраб чиқиб қолди. Хотимаси одатдагидек яхшилик билан тугамайдиган даҳшатли натуралистик романлар, кишини ўзига ром этувчи тасвир ва таққосларга тўла, оҳангдор ва сержило сўзларга бой асарлар ёзишни хоҳлаётгандим. Ўттиз ёшимда чоп этилган, аммо аввалдан ниятимда бўлган илк тўпламим –“Бирмадаги кунларим”да ўша истак қор остидаги бойчечакдек мўралаб, дилимга ҳарнечук хотиржамлик улашди.

Ёзувчи ижодини мунтазам кузатмай туриб ҳам, унинг услубини баҳолаш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмагандим. Ижодкор қаламга олган мавзу унинг ёшидан дарак бераркан, бироқ у нимагаки қўл урмасин, бир умр қутулиб бўлмас азоб — ижод эҳтиёжини қондириши керак. Ижод унинг эрмаги ёки ҳунари эмас, касбидир. Пўртанали инқилоб даврлари сингари инсонда ҳам ўтиш даври кузатилади. Бундай пайтда, у ҳис-туйғуларини жиловлай олмоғи, сийратини гўзаллаштирмоғи ҳамда ғўрлик даври ванохуш кайфиятдан тез фориғ бўлишга интилмоғи лозим; бироқ ижодкор дастлабки таъсирлардан мосуво қолса, ичидаги ижод иштиёқи ҳам ўлади. Тирикчилик талаби ҳисобга олинмаса, ёзиш, айниқса, насрда ижод қилиш учун тўрт асосий туртки бор. Тўрт сабаб ҳар бир ёзувчида турли даражада бўлади, вақт ва муҳит туфайли улар алмашиниб туради:

1. Худбинлик. Ақли билан мақтаниш, тез-тез тилга тушиб туриш, хотирланиш, камситганларга кўрсатиб қўйиш ва ҳоказо ва ҳоказо истаклар. Бу сабаб эмас, дегувчилар ёлғонни тўн қилиб кийиб олганлар: худбинлик — барча сабабларнинг боши. Ёзувчиларнинг бир ўзигагина эмас, олимлар, артистлар, сиёсатдонлар, ҳуқуқшунослар, зобитлару омадли жентльменлар– қисқаси, жамиятнинг юқори қатламига чиққан чипқон бу. Оломонда айни хислат унча кўзга ташланмайди: улар ўттиз ёшдан ўтгач, кўрга ҳасса қилиб кўрсатишларидан орланади, ўзгалар учун яшайди ёки оғир ва зерикарли ишга шўнғиб кетадилар. Бироқ умрининг адоғигача бу йўлдан юришни истамаган Худонинг эркатой, қайсар яратиқлари озчилик бўлиб, улар сирасига ёзувчилар ҳам киради. Номлари катта ҳарф­лар билан ёзилувчи ёзувчилар мол-дунёга бефарқликларига қарамай, журналистлардан кўра шуҳратпараст ва худбинроқдирлар.

2. Эстетик энтузиазм (иш­ти­ёқ). Ташқи оламдаги, алоҳида таъкидлаш жоизки, сўз ва унинг моҳиятидаги гўзалликни идрок этиш майли. Назмдаги нозиклик ва наср­даги оҳанг, ҳатто товушлардаги фарқни ҳис қилиш хоҳиши. Ўзи учун қизиқ ва қимматли бўлган тажрибани бошқалар билан баҳам кўриш истаги. Талай ёзувчиларда эстетик сабаб жуда заиф. Аммо памфлетчи ёхуд дарслик муаллифи бўлсин, сўзга муҳаббати важидан уззукун қоғозга термилиб ўтиради. Улар-да жиллақурса, матбаа, безак борасида дидга эҳтиёж сезар. Китоб деймиз, ҳатто темирйўл йўриқномасида ҳам эстетик унсурга кўзимиз тушади-ку.

3. Тарихий импульс. Борлиқни борича кўриш ва кўрсатиш, келгуси авлодга ўз ҳолича етказиш истаги.

4. Сиёсий мақсад. “Сиёсий” сўзи кенг маънода келади. Дунёни муайян йўналишга буриш, турли кишилар фикрларини ўзгартиришга бўлган майл. Боз устига, бирор асар йўқки, сиёсий таъсирдан холи бўлса. Санъат ва сиёсатда боғлиқлик йўқ дейишнинг ўзи сиёсий қараш. Бу турли импульсларнинг бир-бирига зид келиши, одамдан-одамга, вақтдан-вақтга ўзгариб боришига тарих гувоҳлик беради. Табиатан, — ҳа, “табиат”ингиз туфайли ўсмир боладан арбобга айланасиз — мен уч асосий принципга содиқ қолиб, тўртинчи сабабга эътибор қаратмаган ижодкорман. Эрким ўзимдалигида оҳанжамали ёки буткул тавсифий асарлар битишим, сиёсий майлимни ўқувчига сездирмаслигим мумкин эди. Бироқ муҳит мени памфлетчи қилиб етиштирди. Аввалги беш йилим ўта нобоп шароитда–Ҳиндистондаги Бирмаполиция маҳкамасида ўтди, кейин очлик ва омадсизлик ёпишиб олди. Кўрган-кечирганларим табиий равишда ҳокимиятга нафратимни оширди ва бутун вужудим билан ишчилар қатламини ҳимоя қилишга бел боғладим. Бирмадаги фаолиятим империализм табиатини англашимга кўмак берди, бироқ тажрибам сиёсий дои­радаги мавқеимга ҳали кифоя қилмасди. Сўнг ҳокимият тепасига Гитлер келди, Испанияда фуқаролар уруши бошланди ва ҳоказо ҳодисалар. 1935 йилнинг охирларида базўр қатъий қарорга келдим.

Испания уруши ҳамда 1936–1937 йиллардаги бошқа воқеалар ичиму ташимдаги дунёмни ўзгартириб юборди. Мен қаерда эканимни англадим. 1936 йилда қўл урган “жиддий асар”имдаги ҳар бир чизиқ бевосита ёки билвосита тоталитаризмга қарши, демократик социализмга тарафдорлик моҳияти билан туташарди. Бу ахир бемаънилик эмасми? Бир маҳаллар ўзим рад этган хаёллар ҳақиқатга кўчиб қолди. Аслида қўлига қалам тутган киши сиёсий воқелик олдида ҳали ундай, ҳали бундай ниқоб тақишга мажбур. Савол кўндаланг: қай усулда ёзиш ва қандай қилиб сингдириб юбориш мумкин? Сиёсий башорат эстетик ва интеллектуал яхлитликка путур етказмай, аксинча, сиёсий фаолиятда янги марра ва имконларга йўл очади.

Сўнгги ўн йилликда санъат ва сиёсатни уйғунлаштирган мактублар битишга иштиёқим ортди. Менинг асосий мавзум ҳамиша партиявийлик ва адолатсизлик бўлган. Ҳар гал қоғоз қоралашга тутинганимда, “Санъат асари яратаман”, деб хаёл қилмайман. Ўзим ошкор этишни истаган ёлғонлар, эътибор қаратишни лозим топган далиллар, мени безовта қилган воқеликлар ҳақида ёзаман, холос. Эстетик кечинма туймаганимда эди, китоб у ёқда турсин, ҳатто журналга каттароқ мақола ҳам ёзолмаган бўлардим. Асарларим, қунт билан ўқиган ўқувчига кун бўйи ваъз ўқиган сиёсатдон тарғиботидан кўпроқ таъсир этиши аниқ. Болалигимдан бошланган дунёқарашни батамом рад этишнинг иложи ҳам, эҳтиёжи ҳам йўқ. Тўрт мучам соғ бўлиб, Худо умрдан қисмаса, ижод, шу заминга муҳаббат ва машаққатдан роҳату арзимас ҳодисалардан завқ туйиш касбим бўлиб қолаверади. Бу ўзинг­ни ўтга ташлашни англатмайди. Бу — сенинг муайян давр мобайнида биргина шахсга эмас, жамиятга нисбатан илдиз отган симпатия ва антипатиянгни мувозанатда ушлаш санъатидир.

Ожизлик қурсин! Тил ва ҳақи­қат­сизликка дахлдор муаммоларни кўтариб чиқиш осонми?! Ҳақ сў­зимнинг далилига бир мисол келтирай. Испания фуқаролик урушига бағишланган “Каталонияга эҳтиром” асарим буткул сиёсий асар, бироқ асосида ҳақиқат ва юртга садоқат ғояси мавжудлиги боис ўқи­лади. Асарда адабий ақи­дамга хиёнат қилмай, мутлақ ҳақи­қатни очишга интилганман. Китоб битта сўлоқмондек боб, Франко билан фитна қилганликда айбланган Троцкийни оқловчи иқтибослардан иборат. Бу боб — икки йил ўтар-ўтмай ҳар қандай нозиктаъб ўқувчининг қизиқишидан четда қолиши табиий — бутун бошли асарни йўққа чиқаради. Мен ҳурмат қилувчи мунаққид асарим тўғрисида бир куни менга ваъз ўқиди. “Нега бу бобни тиқиштирдинг? — сўради у. — Сен журналистикага яхши китоб туҳфа қилишинг керак эди”. У ҳақ эди, бироқ мен бошқача ёзолмасдим. Ноҳақ қораланганлар ҳақида билишга Англияда озчиликкагина рухсат берилганини кейин фаҳмладим. Ноҳақликлардан фиғоним чиқмаганида, ҳеч қачон бу асарни ёзолмасдим.

Шу ёки бошқа кўринишда тағин айни муаммо кўтарилаверди. Тил масаласи нозик ва узоқ музокараталаб. Сўнгги йилларда таъсирчанроқ ва аниқроқ ёзишга ҳаракат қилдим, дея оламан. Вақт ўтиб, исталган услубда ёзиш кўникмасига эга бўлган ижодкорнинг ўсгани шудир. “Чўчқахона” –сиёсий мақсад ва бадиий тафаккур мужассамлашган илк асарим. Охирги етти йил давомида бирорта роман ёзмадим. Тез орада виждонан ижод қилишга умид қиляпман. Бу – енгилиш, ҳар бир асарим омадсизлик белгиси. Бироқ энди мен Нимани ва Қандай ёзишни ойдинлаштириб олдим.

Сўнгги мисраларимга тикилиб, ёзиш, мен учун кўнгил иши эканини тушуняпман. Буни ҳозирча охирги хулосам, деб айтолмайман. Барча ёзувчилар шуҳратпараст, худбин ва дангаса бўладилар. Сабабларининг интиҳосидагина сир ётади. Китоб ёзиш — узоқ давом этувчи тузалмас дард, ҳолдан тойдирувчи жанг.

Мабодо на тушуниб, на қаршилик қилиб бўладиган бу юмушни бирор иблис гарданига олмаса, одамзоднинг танлаши қийин. Шайтон бола эътиборини тортувчи тўполон шамолдек ўйноқи. Тўғри-да, ичингдаги шайтонни мудом жиловлаб турмас экансан, у бир сатр ҳам ёзишга имкон бермайди. Яхши асар тиниқ ойнага ўхшайди. Ижод қилиш учун қайси сабаб бошқаларидан кучлироқ эканини комил ишонч билан айтмоққа ожизман, бироқ қайси бири бошқаларини ўз измига бўйсундиришини биламан. Вақт ўтиб, ортимдаги уюлиб турган бисотимга назар ташласам, ҳаётдан йироқ, баландпарвоз жумлалар, юки енгил ибораю сафсаталарга тўла асарларимда сиёсий мақсад йўқлигига амин бўлишим муқаррар.

1946 йил

 

Инглизчадан Севара АЛИЖОНОВА таржимаси