“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 833 марта кўрилган.

БИЗНИ, КЕЧИРИНГ МУАЛЛИМА! ҳикоя

Юрий БОНДАРЕВ,

рус ёзувчиси

Павел Георгиевич Сафонов катта бир корхонада бинокор лавозимида иш юритарди. У эл аро машҳур бўлиб, бунга йиллар давомида кўникиб ҳам кетган, энди эса у худди шуҳрат пиллапоясига эрта келган одамлардаги каби бундан бироз чарчаган ва зериккандек ҳам эди.

Оғир ва машаққатли ишидан чарчаган Сафонов шу йили Қримнинг жанубий томонидаги сиҳатгоҳда дам олди. Мана Москвага қайтаётган жанубий поезд уни туғилиб ўсган ва кўп йиллардан буён бўлмаган таниш жойларидан учириб олиб кетарди.

Тўсатдан, у она шаҳарчасида бўлгиси, у ерларни айлангиси, афиша ва кўчаларнинг эски номларини ўқигиси, у ердагилар қандай яшаётганлигини билгиси ва албатта, шунақанги узоқ ўтмишда қолиб кетган, худди бўлмагандай ҳам туйиладиган мактаб йилларидаги танишларни учратгиси келди.

Бу тилаги устун чиқиб, шерикларини ҳайрон қолдирганича поезддан тушиб қолди. Кун бўйи у қадрдон шаҳрини кезди. Энди Сафонов у ерларни танимасди. Шаҳарга ҳам у бегона эди. Эски шаҳарча қайтадан қурилган бўлиб, бутунлай ўзгариб кетганди.

У шошмасдан ўзи туғилган ва авваллари пастгина уйчаси жойлашган кўчани тўрт бора айланиб чиқди. Энди уй ўрнида хиёбон ястаниб ётар, шубҳасиз, у Павел Георгиевичнинг болалигидан бехабар эди.

Бу ҳам аламли, ҳам тушунарсиз эди. Энди бу шаҳарда уни ҳеч ким танимасди.

У кўча кезишда давом этаркан, тўсатдан дарахтлар орасидан ўзи ўқиган мактабнинг биноси кўзга ташланиб қолди. У бино ҳеч ўзгармаганди!..

Шу пайт Павел Георгиевичнинг кўзи ўнг томондаги кичик уйчага тушди. У дарҳол барчасини эслади: Мария Петровна...

Бу уйда унинг математика фани устози Мария Петровна яшарди. Нега ҳам уни аввалроқ эсламади! Қачонлардир Павел Георгиевич унинг севимли ўқувчиси бўлган ва математика фанидан уни ёрқин келажак кутаётганини башорат қилганди... Улар неча йилдан буён кўришмаганди. Мария Петровна шу ердамикин? Тирикмикин ишқилиб? Мария Петровна! Эҳ, бу исм билан қанчалар кўп нарса боғлиқ эди-я!

Сафонов юрагида минг бир ҳаяжон ила уйнинг эшигини тақиллатди.

— Ким у? — деган овоз эшитди-ю, эшикни бўйи пастроқ нозик аёл очди ва Сафонов уни дарҳол таниди...

— Мария Петровна, — деди астагина у. — Сиз мени танимадингизми?

Аёл ундан бир неча сония кўзини узмай қараб турди.

— Паша Сафонов?.. Паша? — деди у деярли қўрқиб кетиб. — Кир, ичкарига!

— Ҳа, ҳа, ҳозир, — деди Сафонов, нима учун у шундай машҳур киши мактаб ўқувчисидек қизариб кетаётганини ўзи ҳам тушунолмай.

— Ҳа, Паша, келибсан-да. Сени бундай чақираётганим учун кечир. Таниб бўлмас даражада ўзгариб кетибсан... Иш юзасидан хизмат сафарига келганмидинг?

— Йўқ, йўл-йўлакай кириб ўтай девдим, — деб жавоб берди у, негадир жанубда бўлганини айтмай. Бу ҳақда айтиш ноқулай бўлиб кўринди.

— Биз ҳозир сен билан чой... Кутиб тур, кутиб тур, мен ҳозир...

Сафонов фақатгина устози билан гаплашишни истаётган бўлса-да, Мария Петровна чой дамлаб келди.

— Мана энди Паша, ўзинг ҳақда бир бошидан гапир-чи! Газеталардан ҳаётингга доир янгиликларни ўқиб турибман. Мақолаларинг, китобларинг билан танишиб чиққанман. Уйландингми? — деб шошилибгина сўради у.

— Ҳа.

— Бахтлимисан?

— Албатта, Мария Петровна. Ўғилчам бор.

— Ҳа, яхши, ишинг-чи?

— Янги лойиҳа устида ишлаяпман.

— Яхши кетяптими?

— Ҳозирча бир нима дейиш қийин. Келинг, ўтмиш, мактаб ҳақида гаплашамиз!...

Шунда Мария Петровна ўйланганча деди:

— Синфларингни яхши эслайман. Шўх, қобилиятли болалар эдинглар.

— Мария Петровна, алгебрадан менга икки баҳо қўйганингиз ёдингиздами?

— Ҳа, бўлмасам-чи! Сен уйга берилган вазифани бажармагандинг. Математикадан анча қобилиятинг бор эди, аммо шу билан бирга жуда дангаса ҳам эдинг.

Мария Петровна чой қуйиб, ўй сурганча деди:

— Миша Шехтер ёдинг­дами?

— Албатта, унга ҳасадим келарди. Адабиётдан иншоларни зўр ёзиб қўярди-да ўзиям. Менда эса умуман ўхшамасди.

— У журналист бўлди, — деди Мария Петровна. — Бутун мамлакат бўйлаб, чет элларда ҳам юради. Унинг мақолаларини тез-тез ўқиб, уни эслаб тураман.

— У бу ерга келдими?

— Йўқ.

— Ҳа, — деди Сафонов, — тарқалиб кетдик. Эшитишимча, Витька Снегирёв Уралда бир заводнинг директори бўлиб кетибди. Кутмагандим! Уни Москвада учратиб қолдим. Жуда жиддий одамга айланибди. У-чи, сизни сўраб келмадими?

— Нима? — деди Мария Петровна ва кўзларини олиб қочиб, секингина бошини «йўқ» деган ишорада қимирлатиб қўйди.

— Паша, чойингни ич.

— Мария Петровна, сизни йўқлаб кимдир келдими? — деб сўради Павел Георгиевич. — Гриша Самойлов келмадими? Артист. Эслайсизми, унинг бу соҳада иқтидори борлигини айнан сиз айтгандингиз.

— Уни кинода кўрдим.

— Қизиқ, биронтаси сизга ёзиб турадими? Володя Байков, Нина Винокурова, Боря Гмиряларни эслайсизми? Улар ҳақида бирор нима биласизми?

— Йўқ, Паша, — деб секин овозда жавоб берди у. — Олдимга Коля Сибирцев тез-тез кириб туради. У шу ерда, заводда ишлаяпти. Ҳаёти унча ўхшамади.

Иккиси ҳам жим бўлиб қолди. Сафонов уялиб кетди. У пиёласини олдига олиб, шакарга қўлини узатганида, устози китоб жавонига термилаётганини кўрди. У ҳам ўша тарафга боқди-ю, биринчи қаторда ўзининг охирги самолёт тузилмалари ҳақидаги китобини кўрди.

— Мария Петровна...

— Нима?

— Сизда менинг китобим борми? — деди у ярим овозда ва шу заҳоти жим бўлиб қолди.

— Ҳа, мен уни ўқиб чиқдим.

У ўрнидан туриб, ўзининг «Самолётлар тузилмаси» номли китобини қўлига олиб, варақлади ва юзи тобора қизиб бораётганини ҳис этди.

— Мария Петровна, китобга дастхат қўйиб берсам, майлими?

Шу пайт китоб ичидан кичкина варақча тушиб кетди. Паша шошилибгина уни олиб қараса, ўзининг газетадан қирқиб олинган сурати эди. Барчасини тушунгач, устозига қаради. Мария Петровна чойини қошиғида аралаштирганича тез-тез сўзлади:

— Яхши китоб экан... Мазза қилиб ўқидим. Буниси эса газетадан. Ўшанда сенга хат жўнатувдим...

Паша ёқимсиз бир нимани очаётгандай тезгина варақни китоб ичига солиб қўйди. Энди у уят ва ўз-ўзига нафрат туйғулари ила, икки йил аввал кўп табрик хатлари орасида устозининг ҳам мактубини олганини аниқ эслади. У бошқаларга жавоб хати ёзган бўлса-да, устозиникига эътиборсизлик қилганди.

Мария Петровна уни кузатаётганида қўққисдан:

— Айт-чи, Паша, эришган ютуқларингда заррача бўлса-да, менинг ҳам ҳиссам борми? — деб сўраб қолди.

— Мария Петровна, нималар деяпсиз?! Агар сиз бўлмаганингизда... — деди Павел Георгиевич.

Устоз унинг кўзларига қараб:

— Мен жуда хурсандман. Уйимга қандай меҳмон ташриф буюрди-я! Бу ҳақда эртага ўқувчиларимга ҳам айтаман. Борақол, Паша... Омад сенга ёр бўлсин.

Улар хайрлашди. У тез-тез қадам ташлаб боғнинг йўлагидан кетди. У ортига ўгирилганида, устози ҳали-ҳамон ўша ерда унинг ортидан қараб турганди. Павел Георгиевич қаттиқ уялганидан Москвага келгунча ўзини қўярга жой топа олмай юрди. У Витька Снегирев, Шехтер, Самойлов, ва барча синфдошларини бир-бир эслаб, уларни сўкиб хат ёзмоқчи ҳам бўлди. Лекин уларнинг ҳеч бирининг манзилини билмасди. Сўнг у Мария Петровнага узундан-узун узрнома ёзди. Бироқ уйининг рақамини билмай, жўнатишга иккиланди. Катта станцияда Сафонов ғамгин, ҳавотирланган ҳолда вагондан тушди. Кейин поч­тага кириб, иккиланганича Мария Петровна номига мактаб манзилини ёзиб хат жўнатди. Хатда атиги учта сўз бор эди: «Бизни кечиринг, муаллима!»

 

Рус тилидан

Хадича Одилова таржимаси