“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 692 марта кўрилган.

УЛАР ЎЛМАЙДИЛАР...

 

Бу одамлар XX асрнинг ҳурлик ва тинчлик тимсоллари саналади. Улар дунёда одамлар жамиятида адолат ўрнатиш учун курашдилар. Бу машаққатли йўлда жафо чекдилар, зиён топдилар, жонларига азият етказдилар, бироқ ортга чекинмадилар, ўлмадилар. Озодлик, тенглик, адолат, тинчлик йўлида жон тикдилар ва ўз исмларини мангуликка муҳрлаб кетдилар. Бугун инсоният бу жафокашларнинг номини тилга олганда ғурурланиб: «Улар ҳеч қачон ўлмайдилар!» дейди.

«МЕНИНГ БИР ОРЗУМ БОР

«Бир жойда юз берган ноҳақлик, мамлакатдаги адолатни хавф остига қўяди», дея ўз ғояларини илдам сурган Мартин Лютер Кинг (уни Америкада Мартин Лютер Кинг-кенжа деб аташган, чунки адолат курашчисига отасининг исми қўйилганди) бутун афроамерикаликлар учун Америка аталмиш улкан мамлакатда ҳурлик тимсолига айланди. Мартин ир­қий адолатсизлик билан олти ёшида, мактабга чиққанида рўпара бўлди. Жонидан ортиқ кўрган икки ўртоғи борган мактабга нега у ўқиши мумкин эмаслигига болакайнинг сира ақли етмасди.

— Мен ҳам ўша мактабга бораман! — хархаша қиларди бола.

— Жим! Сен у мактабга боролмайсан! Улар билан бирга ўқишинг мумкин эмас.

— Нега ахир?

— Чунки сен қора танли, улар эса оқ. Оқлар билан қораларнинг қони ҳеч қачон қўшилмайди, болам. Америка қонунлари бунга йўл қўймагай.

Бола ўшандаёқ бу адолатсиз қонунларни таг-томири билан йўқотишни кўнглига туккан эди.

Мартин Лютер Бостон университетини тамомлаши билан Алабама штатининг Монтгомери шаҳридаги черковга пастор бўлиб тайинланди. Уч юз нафардан иборат черков тингловчилари Кинг қўли остида ирқий тенгсизликка қарши кураш учун бирлашган катта куч эди. Ниҳоят у шиддатли фаолиятини бошлади. Энг аввало, Мартин ўрта мактабни тугатаётган кам таъминланган оила фарзандларига мадад қўлини чўзадиган ташкилот фаолиятини йўлга қўйди. 1955 йил Кинг илк маротаба Алабамадаги оммавий норозиликнинг ташкилотчиси ва қатнашчисига айланди. Мазкур йилнинг декабрь ойида тикувчи бўлиб ишлайдиган аёл Роза Паркер ишдан сўнг автобусга чиқди ва оқ танлилар учун мўлжалланган олд қатордаги ўриндиқлардан бирига чўкди. Автобусга оқ танли йўловчилар чиққанда ҳайдовчи аёлдан жойни бўшатишни талаб қилди. Бироқ Роза шу даражада толиққандики, ўрнидан туришга-да ҳоли йўқ эди. Қонунга бўйсунишни истамаган аёлнинг таъзирини бериш учун ҳайдовчи ўша ондаёқ полиция чақирди. «Қонунбузар»ни маҳкамага олиб кетишди. Мана шу воқеа Америкада «Автобус бойкоти» уюштирилишига сабаб бўлди. Хуллас, Мартин Лютер Кингнинг чиқишлари ва тарафдорларининг курашлари охир-оқибат ўз натижасини берди. «Менинг бир орзум бор!» Кингнинг машҳур маърузаси мамлакатдаги миллионлаб ҳабашларни бирлаштирди. Миллионлаб оқ танлиларнинг қалбига меҳр уруғини экди: «Менинг бир орзум бор: бир кун келиб ирқимиз вакиллари одамдай яшай бошлайди. Ахир Ер юзидаги барча одамларларнинг ҳаммаси Худо томонидан бир хилда яратилган-ку. Қораларнинг ҳам оқлар қатори яшашга ҳақи бор. Шундай эмасми? Менинг бир орзум бор: бир кун келиб Жоржиянинг қизил тоғларида собиқ ҳабаш қуллар ва собиқ оқ танли хўжайинларнинг болалари биродарлик билан бир-бирини қучиб, мамлакат қисмати учун қайғурадилар...» 1963 йилда айни шу маъруза туфайли АҚШ Конгреси илк маротаба мамлакатдаги инсон ҳуқуқларига доир қонунларни муҳокама қилишга мажбур бўлди. «Тайм» журнали эса йил одами деб эълон қилди. Мамлакатда жамоат жойларида ирқий тенгсизликка барҳам берилди. 1964 йилда Мартин Лютер-Кинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўлида қилаётган ишлари учун Нобель мукофотига лойиқ топилди. 1968 йилнинг мартида Тенниси штатининг Мемфис шаҳрида уч нафар қора танли ишчи оқ танлилар томонидан шафқатсизларча ўлдирилганига чидай олмаган Кинг ишчиларни қўллаш учун мазкур штатга ташриф буюрди ва энг таъсирли нутқларидан бирини сўзлади. «Олдинда бизни машаққатли кунлар кутяпти, лекин мен қўрқаётганим йўқ. Сиз ҳам қўрқманг. Мен орзу қилган дунёмни кўряпман. Унга фақат сиз билан бирга етаман. Биз биргаликда келажакка борамиз...» бу нутқдан тўлқинланмаган одам қолмади. Эртасига, яъни 1968 йилнинг 29 мартида афроамерикаликларнинг буюк қаҳрамони Мемфис меҳмонхонасида, ўз хонасининг айвонида ўтирган вақтда снайпер томонидан отиб ўлдирилди. Унинг қотили Жеймс Эрл Рейга эса 99 йил қамоқ жазоси берилди.

     

БУЮК ҚАЛБ

Жаҳон ҳамжамияти Маҳатма Гандини ХХ асрдаги буюк шахс деб эътироф этган. Бутун умрини халқига, Ватанига фидо қилган, ўз тафаккури, билими ва куч-иродаси дунёнинг бир эмас, бир қанча мамлакатида ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий бурилишлар ясашига сабаб бўлган даҳо инсон учун бундан аъло баҳо йўқдир. Эйнштейн­нинг нисбийлик назарияси, бир томондан, дунё илм-фани тараққиётини янги босқичга кўтарган бўлса, иккинчи томондан, оммавий қирғин қуролларининг яратилишига ҳам омил бўлди. Ганди таълимоти эса инсониятга фақат яхшилик келтиришга асосланган.

Гандининг ҳаёти бошдан-оёқ ибрат намунасидир, сиёсий ва ижтимоий онги ўса ва шакллана бошлаши билан бараварига унинг ҳар икки дунёга бўлган қарашлари ҳам кенгая борди. Гандини Ганди қилган ана шундай курашларнинг реал тус олиши, назарияларининг рўёбга чиқишидир. Яъни дунёдаги энг катта халқлардан бири ҳиндлар узоқ давом этган истибдод зулмига чек қўйган, албатта, Ганди бошчилигида.

Тўлиқ исми-шарифи Мўҳандас Карамчанд Ганди 1869 йил 2 октябрда Гужарот штатининг Пўрбандар вилоятида туғилди. Отаси Катҳиявар яриморолидаги кичикроқ бир вилоятчада вазир бўлиб ишлар эди.

 Ганди Англияда ҳуқуқшунослик маълумотини олди. 1891-93 йилларда Бомбей (ҳоз. Мумбай)да оқловчи бўлиб ишлади.

1893 йилдан 1914 йилгача Жанубий Африкадаги Гужарот савдо фирмасида ҳуқуқ маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритди. Шу ерда ирқчиликка қарши ҳаракатларда иштирок этиб, ҳинд миллатига мансуб одамларнинг нечоғли зулм-тааддуларга дучор этилганини кўрди ва ўз халқи ҳақ-ҳуқуқини тиклашга астойдил бел боғлади.

1919 йилдан 1922 йилгача Ҳиндистондаги оммавий-миллий озодлик ҳаракатига бошчилик қилди. 1923 йилдан 1928 йилгача қўлда бўз тўқиш лозимлигини, инглиз мустамлакачиларининг бозорини синдиришни тарғиб қилди. Дахлсизлик ғояси остида инсоннинг инсон томонидан хўрланишига қарши ҳаракатларни олиб борди.

1919 йилдан 1947 йилгача етакчи Ҳиндистон Миллий Конгресининг энг ғоявий ўткир ва сиёсий жиҳатдан нуфузли раҳбарлардан бири сифатида жонини аямай меҳнат қилди. Оммани миллий озодлик ҳаракатига жалб этиш Гандининг асосий хизматларидан бири бўлди. Шу фидокорона фаолияти туфайли унга «Маҳатма» — «Буюк қалб» лақаби берилди.

М.К Ганди бир неча бор қамоққа олинди, очликлар эълон қилди. 1942 йилда бутун мамлакатда инглиз мустамлакачиларига қарши «Ҳиндистондан чиқиб кет!» шиорини овоза қилди.

Мамлакат Ҳиндистон ва Покистонга ажраб кетгандан кейин эса ҳинду ва мусулмон халқларини бир ёқадан бош чиқаришга даъват этди. 1948 йилнинг 30 январида Ганди намойиши вақтида душманлар томонидан отиб ўлдирилди. У Ҳиндистонда Озодлик, буюк Ватанпарвар тимсолига айланиб қолди.

ОНА

Жаҳоннинг энг янги тарихида ҳинд халқининг оташқалб қизи Индира Гандининг ўз мустаҳкам ва сарбаланд ўрни бор — бунга заррача шубҳа қилиш мумкин эмас. Аёл боши билан Ҳиндистондай буюк давлатни тарақиёт йўлига олиб чиқибгина қолмай, гарчи сулолавий бўлса-да, мамлакатнинг келажаги тизгинини ўз қўлига олишдан ҳайиқмайдиган мард ва ботир ўғил фарзандларни тарбия­лаб етиштирган буюк мураббия ҳам эди у. Давлат яхлитлигига заррача путур етказмасин, дея ўзининг азиз бошини душман кундасига тутиб берган жасоратли она подшоҳлар унчалик кўп бўлмаса керак. Индира Ганди ана шундай тарихнинг жавоҳирлар силсиласидаги энг ноёб дурларидан бири, яктоси эди ва абадий шундай бўлиб қолди.

Индира Ганди Ҳиндистоннинг кўп асрлик истибдоди жабрини беомон тортган Жавоҳирлаъл Нерунинг қизи эди. Неру пандит — ҳинд маданияти ва тарихини чуқур билувчи улкан аллома. У ҳинд халқининг 1947 йилда расман мустақилликка эришганини Деҳлидаги Қизил Қалъа пештоқида туриб жаҳонга маълум қилди ва мамлакатнинг тиранга — уч рангли байроғини кўтаришдек буюк шарафга ноил бўлган давлат арбоби эди. Индира Гандининг иродаси темирдан эканини шундан ҳам билса бўладики, қиз болалик пайтларидаёқ инглиз мустамлакачиларига қарши ҳаракатларда иштирок этди, неча мароталаб қамоққа тушди, аввал кичик ўғли Санжай (онаизор шу ўғлини сиёсий меросхўр қилиб тарбиялаётган эди!)ни ўз қўли билан оловга топширди — душманлар у парвоз қиладиган спорт самолётига бомба қўйиб портлатиб юборди. Экстремистик руҳдаги давлат арбоблари Кашмирни тортиб олиб, Ҳиндистоннинг келажагини йўққа чиқариш учун ҳал қилувчи ҳаракатлар қилиб турган бир паллада у кўксини душман қуролига тутиб берди — баданининг йигирма етти жойидан ўқлар тешиб ўтиб, ғалвир қилиб юборди. Аммо асосий мақсади — Ҳиндистоннинг яхлит давлат бўлиб қолишига муваффақ бўлди. Индира бошланғич таълимни она шаҳри Оллоҳободда олди, кейинги таҳсил йиллари Швейцария ва бошқа Европа мамлакатларида кечди. Бенгалия пойтахти яқинидаги Шантиникетан деган жойда Р.Тагор асос сол­ган илм даргоҳида ўқиш Индирани ҳар тарафлама камол топишига зўр туртки бўлди, чунки Тагорнинг ўзи инглиз мустамлакачиларига қарши курашиб келди. Аммо Ҳиндистонни озод кўриш унга насиб этмади.

Англиядаги таҳсил ва бу ердаги сиёсий қарашлар Индира зеҳнини янада ўткирроқ чархлади, албатта.

1938 йилда у мамлакатдаги нуфузли ва тараққийпарвар Ҳиндистон Миллий Конгресига аъзо бўлди. 1955 йилда у ҲМҲ Ишчи қўмитаси аъзолигига сайланди, 1958 йилда эса шу партиянинг бутун Ҳиндистон қўмитасига аъзо бўлди. 1959 йили февралдан январгача (деярли бир йил давомида) ҲИК партиясининг раиси лавозимида тер тўкди. Шунингдек, Индира Ганди 1960-64 йилларда ЮНЕСКО Ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди. ЮНЕСЕФ (БМТнинг болалар фонди) билан ҳамкорликда қишлоқ жойларида болаларни ўқитишни ташкил этишда жонкуярлик қилди.

1964 йили отаси Жавоҳирлаъл Неру оламдан ўтганда Индира Ганди Ахборот ва радиоэшиттиришлар вазири сифатида Лаъл Баҳодир Шаст­рий ҳукумати таркибига кирди. 1966 йилда ҲМК парламент фракцияси етакчиси этиб сайланган И.Ганди Ҳиндистон Бош вазири лавозимига тайинланди. Унинг мамлакатни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлаш, халқаро хавфсизликни таъминлаш, ядро қирғин қуролининг ёйилишини олдини олишдаги хизматлари жаҳон халқларининг чуқур эътироф ва эҳтиромига сазовор бўлди.

1984 йил октябрь ойида Индира Ганди террорчилар иғвоси туфайли фожиона ўлдирилди.

ЖАҲОННИ ТИТРАТГАН ОДАМ

Нельсон Мандела тенглик учун курашган ХХ асрнинг буюк қаҳрамонларидан бири. Ўз ирқининг ҳақ-ҳуқуқи йўлида улкан тўсиқларни енгиб ўтгани билан тарихда номини муҳрлашга эришган африкалик йўлбошловчи. Қишлоқ оқсоқолининг оиласида дунёга келган бўлажак сиёсатчи болаликдан дадил ва интилувчан бўлиб вояга етди. Мактабни тамомлаганидан кейин у Витватерсранда университетига ўқишга кирди ҳамда мазкур ўқув юртида бўлажак маслакдошлари Жо Слово ва Гарри Шварц билан танишишга муваффақ бўлди. Олий ўқув юртида у сиёсатни пухта эгаллади ва талабаларнинг йиғинларида: «Африка қораларга тегишли бўлиши керак! Оқ танлиларнинг думини тугамиз!» деган шиорлар билан тенгдошларини бирлашишга даъват этадиган бўлди. 1961 йилда Миллий Африка Конгреси «Ирқ қуроли» ҳарбий гуруҳини тузди. Ташкилотчилар сафида Нельсон ҳам бор эди. Энг қизиғи, Жанубий Африка Республикасида ирқчилик сиёсатини йўқотиш учун кураш олиб борган бу гуруҳ таркибида Мандела билан елкама-елка турган унинг тўрт нафар оқ танли дўстлари ҳам бор эди. Булар: Жо Слово ва унинг рафиқаси Рут Фест, шунингдек, Ронни Касрилс ҳамда Гарри Шварц эди. Африкаликларнинг ҳақ-ҳуқуқи учун курашлар аёвсиз бўлди, ҳукумат озодлик курашчисини террорчиликда айблаб, 1962 йилда қамоққа олди. Шу тариқа дунёнинг энг кучли сиёсий арбобларидан бири Нельсон Мандела 27 йилдан сўнг озодликка чиқарилди. Халқ бу йўлбошчини суярди. Шунинг учун ҳам уни мамлакат президентлигига сайлади. 1993 йили Нельсон Манделага ирқчилик сиё­сатига барҳам бериш, мамлакатда тинчлик ўрнатиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширган ишлари туфайли Нобель мукофоти топширилди. 2013 йили 95 ёшида вафот этган буюк сиёсий арбоб, ҳазилкаш донишманднинг ҳаётни қадрлаганини унинг ажойиб фикрларидан билиш мумкин: «Бир одам мен ҳақимда шундай деган экан: «Туғилганида Ролихлахла, яъни Титраётган Дарахт номини олганди. Бугун эса Нельсон Мандела номи билан жаҳонни титратяпти”.

* Мени илоҳийлаштириш керак эмас. Каминани қусурлари бор одам, Манделла сифатида билишларини истайман.

* Юрагида қўрқуви бўлмаган одам жасоратли эмас, балки ўша ҳиссиётни енгганни ботир деса бўлади.

* Баъзи жумбоқлар ҳозир ҳам мен учун ечими йўқдай туйилади.

* Африка мусиқасининг ажабланарли жиҳати нимада биласизми, у ҳасратни ифода этса-да, қувноқ тарона каби қулоққа чалинади. Сен камбағал бўлишинг мумкин, хароба кулбангда қашшоқлик рақсга тушаётгандир, эҳтимол, ҳозиргина ишдан айрилгандирсан, бироқ африкача мусиқа шундай қийин вазиятда ҳам қалбингда умид уйғотади.

* Бир ҳақиқатни ёдда тутинг: савоб амални исталган дақиқада қилиш мумкин.

* Умр давомида бир марта ҳам қоқилиб тушмаслик бу — ҳаёт туҳфаси. Бироқ йиқилганда туриш бу — иродали инсонга хос фазилатдир...»

 

ДУНЁНИНГ БИРИНЧИ АЁЛИ

Бу иборани АҚШнинг собиқ президентларидан бири Гарри Трумэн буюк сиёсатчи, инсон ҳуқуқлари учун курашган аёл Элеонора Рузвельт ҳақида айтган. Мазкур ҳужжат қуйидаги сўзлар билан бошланарди: «Биз БМТ, шунингдек, инсоният ҳаётида юз бериши керак бўлган буюк ҳодиса остонасида турибмиз. Бу Деклорация чинданам Ер юзидаги одамларнинг эркинлиги кафолатига айланиши мумкин». Рузвельт хоним умрининг охирига қадар мана шу ҳужжатдан ўрин олган моддаларнинг ҳаётга тадбиқ қилиниши ва одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида жонини жабборга берди. Элеонора Рузвельт қобилиятли сиёсат арбоби, публицист, бир неча китоблар муаллифи, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси каби жиҳатлари билан тарих саҳнасига чиқа олган аёл ҳам эди. Рузвельт хонимга атаб 1982 йилда «Дунёнинг биринчи хоними» деб номланган фильм суратга олинди.

Элеонора Рузвельт 1884 йилнинг 11 ноябрида Ню-Йоркда Эллиот ва Анна Холл Рузвельтлар оиласида дунёга келди. Отаси Эллиот президент Теодор Рузвельтнинг кичик укаси эди. Элеонора 8 ёшга тўлганда онаси оғир касалликка чалиниб оламдан ўтди. Орадан 2 йил ўтиб меҳрибон отаси ҳам бу дунёни тарк этади. У бувисининг қўлида қолди. Қўшма Штатлардаги хусусий мактабда таълим олгач, бувиси уни Англияга ўқишга юборади. Балоғат ёшига етган қиз учун шоҳона ҳаёт бошланади. Чиройли ўтиришлар ва зиёфатлар уни ўзига ром этади. Худди шундай йиғинлардан бирида Элеонора узоқ қариндоши ва бўлажак турмуш ўртоғи Франклин Рузвельтни учратиб қолди. Улар оила қургач, Франклин Рузвельт давлат ишида омад поғоналаридан шахдам одимлаб борди, Элеонора эса тўрт ўғилу икки қизнинг тарбияси билан шуғулланди.

Унинг сиёсат оламига кириб келишига 1921 йилда эрининг тузалмас касалликка чалиниб қолиши сабаб бўлди. У деярли барча вақтини америкалик аёлларнинг муаммоларини ҳал қилишга сарфларди. Рузвельт хоним 1924 йилда Демократик партия съездида аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги борасида маъруза қилди. Ню-Йоркда қизлар учун мактаб очди. У ерда директор ўринбосари лавозимида ишлаб, бир вақтнинг ўзида тарих фанидан дарс берди. Франклин Рузвельт 1932 йилда мамлакат президентлигига бўлган сайловларда ғолиб бўлди. Бутун умрга ногиронлар аравачасига михланган одамнинг мамлакат президенти даражасига етишишида, албатта, рафиқасининг ҳиссаси беқиёс эди. Ишида жўшқинлик, оиласида сокинлик ҳукм сураётган аёлни, 1945 йилнинг 12 апрелида юз берган фожиа бироз эсанкиратиб қўйди. Чунки ўша куни Франклин Рузвельт Уорм-Спрингсда ўз портретини чиздираётган пайтда миясига қон қуйилиши оқибатида оламдан ўтди. 1945 йилда янги президент Гарри Трумен Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясига АҚШдан вакил қилиб Элеонора Рузвельтни тайинлайди. У 1945 йилдан 1951йилга қадар БМТнинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасини бошқарди. Ўтган асрнинг 50-йилларида Демократик партиянинг либераллар фракциясида етакчилик қилиб келди. Элеонора Рузвельт 1961 йилда президент Жон Кеннедининг илтимоси билан БМТнинг Бош Ассемблиясида АҚШ вакили бўлиб фаолият юрита бошлади. Аммо Элеонора Рузвельтга бу лавозимда кўп ишлаш насиб этмади. Рузвельт хоним оғир касалликдан азият чекаётганини кўпчилик билмасди. 1962 йилда бир неча хафталик умри қолгани маълум бўлди. Шу йили Американинг таниқли давлат арбоби оламдан ўтди. Бу эса барчани қайғуга солди. Чунки у ўз даврининг энг таниқли шахсига, ирқчиликка қарши курашган, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ўзида куч топа олгани учун бутун дунёда мустақил ва замонавий аёл тимсолига айланиб улгурди.

Ўз халқи, ватани фаровонлиги, мустақиллиги учун курашган, дунёда тинчлик ва тенглик барқарорлиги йўлида ўз жонини аямаган, бу фоний дунёда ўлимга бош егган Улуғ Зотларни ўлимдан мағлуб бўлдилар дейиш мумкинми? Йўқ, ўз ҳаётини абадиятга муҳр этиб, ўлгандан сўнг ҳам ўз халқи қалбида янгидан тирилдилар ва янгича ҳаёт тимсоли — абадият рамзига айланиб қолдилар.

Амир ФАЙЗУЛЛА ва Шаҳноза РАҲМОНОВА тайёрлади.