“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 1109 марта кўрилган.

БИР ДОЛЛАРГА УЙ СОТИБ ОЛДИМ Ҳикоя

Эль МУЭРТО,

Америка адиби

Бир дайди йўлда кетаётиб, симёғочдаги ғалати эълонга кўзи тушди. Унда шундай ёзилганди: «Уч қаватли иморат сотилади. Нархи: 1 доллар».

– Бемаънилик! – минғирлади дайди. 

Кўчада оч-наҳор юрган саёқ кўп қаватли уйларнинг деворида осилган эълонга кўзи тушди. Унда ҳам юқоридаги сўзлар битилганди, “адашиб ёзишган бўлса керак?” дея кўнглидан ўтказди у ва йўлида давом этди. Шоҳкўчага чиққач, ўша сўзлар битилган эълонни кўрди. Саёқ ўйланиб қолди ва бундай эълонни қайси аҳмоқ ёзганлигига қизиқди. Чўнтагидаги бир долларидан бўлак йўқотадиган давлати йўқ эди. Керакли манзилга борганда чиндан ҳам маҳобатли иморатни кўрди. Эшик қўнғироғини чалди. Эшикни бир гўзал хоним очди. 

– Кечирасиз, эълон бўйича келувдим. Бу ҳазилми? 

– Нима деяпсиз? Асло!  

– Бу уйнинг нархи чинданам атиги бир долларми?  

– Нега ажабланасиз? Нима бир долларга уй харид қилиш мумкин эмасми? Бу ҳаётда иложи йўқ ишнинг ўзи йўқ.

Қувончдан терисига сиғмаган дайди бир долларни дарҳол  аёлга тутқазди ва муҳташам уй соҳибига айланди. Бахти кулганига қарамай, у ақли теран аёлнинг бу ажойиб иморатни нега сув текинга сотаётганига ажабланганини яшириб ўтирмади. Аёл эса унга жилмайганича:

– Боғини сўрамай, узумини еявермайсизми! – деди, лекин саёқ икки оёғини бир этикка тиқиб, уни ҳол-жонига қўймаганидан кейин шундай деди: – Марҳум эрим хотинларга ўч одам эди. Унинг бу қилиғидан қанчалар қийналганимни дастурхон қилиб ўтирмайман, лекин шундай бўлсаям эримнинг ҳурматини жойига қўярдим. Умр йўлдошим нариги дунёга кетар чоғда ҳам мени куйдириб кетишни унутмаган экан. Марҳумнинг васиятига кўра, бу уйни сотиб, пулини маъшуқасига беришим талаб қилинарди. Бошида жуда куйдим ва куйиндим. Ахийри эримнинг васиятини ерда қолдирмасликка қарор қилдим. Бу эълон ярим йил осилиб турди. Унга қизиққан ягона одам сизсиз. Шундай экан, тақдирнинг кутилмаган бахтидан баҳраманд бўлиб яшайверинг! Худо омадингизни берсин! Ажойиб бошпана билан сизни қутлайман!

У калитларни уйнинг янги соҳибига топшириб, чиқиб кетди.

 

Инглиз тилидан Лобар НОРБОЕВА таржимаси.