“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 1522 марта кўрилган.

“АРСЛОН СОЯСИДАГИ АРСЛОН”

Яқинда АСТ нашриётида Елена Шубина муҳаррирлигида “Российская газета” шарҳловчиси Павел Басинскийнинг “Арслон соясидаги Арслон”номли китоби чоп этилди. Китоб номи отасининг исми билан бир хил бўлган Лев Толстойнинг ўғли ҳақида. Лев Львович — кўпинча уни ҳазил аралаш Йўлбарс Йўлбарсович (Тигр Тигрович) деб аташарди — бу исм билан чамбарчас боғланган ўз қисматини қандай кечишини жуда яхши биларди, аммо у тақдирга қарши исён кўтарди. У врач, ёзувчи, ҳайкалтарош, сиёсий арбоб бўлишни истаганди, бироқ ҳамма уни даҳонинг ўғли сифатида қабул қиларди. Оқибат, орзулар армон бўлди, бир инсоннинг ҳаёти синди. Отасига муҳаббати нафратга айланди.

19 март куни Москвадаги Л.Н.Толстой Давлат музейида ушбу китоб ҳамда “Кучково поле” нашриётида нашрдан чиққан Лев Львовичнинг “Ҳаётий тажрибам” номли мемуарининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ўқувчилар эътиборига Павел Басинскийнинг китобидан парча келтиришни лозим топдик.

Павел БАСИНСКИЙ,

Журналист

ЯСНАЯ ПОЛЯНАДАГИ ОПЕРАЦИЯ

1900 йилнинг март ойида Толстая Татьяна Львовнани — у пайтда Татьяна Сухотина фамилиясида эди — пешонасини очиб қайта операция қилишади. Татьяна Львовна сурункали гайморитдан азоб чекарди. Ўша пайтнинг тиббиёти учун бундай операция ўтказиш осон эмасди; биринчи операция Россияда эмас, Венада ўтказилган бўлса, иккинчисини Москвада профессор фон Штейн қилди.

Татьянанинг ота-онаси қизларидан хавотирланар ва клиникада операциянинг тугашини кутарди. Оёғини қўлга олиб кенжа қиз Саша ҳам етиб келди. Александра Толстая ўз хотираларида Татьянани кўриш учун отасини чақирган вақтни жуда яхши эслайди.

“Отам операция хонаси ёнида ўтириб кутарди. Туйқус эшик очилиб, енглари шимарилган, оқ халатда фон Штейн чиқиб келди.

— Лев Николаевич, операцияни кузатишни хоҳлайсизми?

Столда баданига хлороформ юборилган, ҳушсиз ҳолатда, мурдадек оппоқ Таня ётарди. Пешона териси ағдарилган, бош суяги тешиб очилган, юзи қип-қизил қон. Отам бўздек оқариб, чайқала бошлади. Уни тирсагидан ушлаб қолишди”.

Кечқурун уйда Софья Андреевна бу ҳақда гапириб, ғазабланди. Лев Толстойга бундай муносабатда бўлиш нотўғри эди! Гарчи у қамалга олинган Севастополда анча-мунча азоб-уқубатларни кўрган собиқ жангчи офицер бўлса-да, гарчи у наридан-бери асбоб-ускуналар билан таъминланган операция хонасида аскарларнинг қўл-оёқларини узлуксиз равишда кесиб ташлашаётганини Севастопол очеркларидан бирида тасвирлаган бўлса-да (“Севастопол декабрь ойида”), қонга ботган қизини кўришга бардоши етмасди. Қолаверса, ёши ҳам бир жойга бориб қолганди.

Умрининг охирида Толстой учун моддий, шаҳвоний нарсаларни идрок қилиш оғриқли бўлиб қолади. Уни жисмоний азият ва зўравонлик билан амалга оширилган ўлим азобларди. Бу азоб баъзида кулгили ҳолатгача етиб борарди. Толстой қопқонга тушган сичқонларни озодликка қўйиб юборар, пошнада эзиб, мажақланган каламушларнинг аҳволини кўриб ларзага келар, ҳатто деразага илинган тўрга тушиб, ўлиб қолган пашшалар туфайли-да ташвишга тушарди. Бу қисман унинг дунёқараши, вегетарианлиги билан боғлиқ: гўшт емаслик керак, негаки тирик жонзотларни ўлдириш мумкин эмас! Бу ерда онг бирламчими ёки ўзгалар азобидан пайдо бўлган бевосита оғриқ ҳиссими? Бир нарса дейиш қийин. Нима бўлган тақдирда ҳам, Толстой Тула кушхонасига бориб, у ерда ҳўкизларни шок ҳолатида тиғ остига олиб бориш учун думларини қарсиллатиб синдиришаётганини1  кўрганидан сўнг чинакам вегетарианга айланади.

Бу билан Толстой ўзининг ёки яқинларининг ўлимидан қўрқувни туймайди, балки ўлимни шахснинг руҳий негизи бор бўйича очилувчи буюк ва тантанавор лаҳза, деб шодонлик ила кутади.

Агар фон Штейн Толстойни тиббиёт нуқтаи назаридан омадли операция натижасини кўришга эмас, балки омадсиз операциядан ўлаётган Татьянани кўришга чақирганда, у ҳушдан кетмасди. Иштиёқманд кайфиятдаги қизиқиш, севиниш...

1906 йили, сентябрнинг аввалида Софья Андреевна чириган ўсимтани олдириб ташлаб, мураккаб ва хавфли операцияни бошидан ўтказади. Жарроҳлик амалиётини Толстойларнинг Ясная Полянадаги уйларида ўтказишга тўғри келди, чунки беморни Тулага олиб боришга энди кеч қолишган эди. Телеграмма орқали чақирилган машҳур профессор Владимир Фёдорович Снегирев ва операция тугагаганидан сўнг етиб келган Николай Николаевич Феноменов шундай қарорга келишганди.

Снегирев тажрибали жарроҳ эди, лекин Толстойнинг рафиқасини, бунинг устига, нобоп шароитда операция қилиш, турган гапки, таваккал қилиш, масъулиятни бўйинга олиш эди! Шунинг учун Снегирев Толстой операция ўтказилишига рози ёки рози эмаслигини сўраб, унга бир неча марта мурожаат қилади. Толстойнинг жавоби врачни тонг қолдиради: аввалига ёзувчи рад жавобини беради, сўнгра бу масалани хотини ва ўғилларининг ихтиёрига ташлаб, қўлини ювиб, қўлтиққа уради. 1909 йили, яъни Толстой ҳаётлигида чоп этилган Снегировнинг бу воқеалар ҳақидаги хотираларида оила бошлиғи ва ёзувчига нисбатан ранжиш сезилади. Профессор Толстойни тўғридан-тўғри берган саволи билан эзиб ташлайди: оқибати, эҳтимол, ўлимга олиб бориши мумкин бўлган таваккалона операцияга Толстой розими? Операция ўтказилса-ўтказилмаса, Софья Толс­тая даҳшатли азоб-уқубатда ўлиши аниқ.

Толстой аввал қарши бўлади. Негадир у Софья Андреевнанинг вафот этишига шубҳасиз ишонарди. Сашанинг сўзларига кўра, “У ғам-аламдан эмас, қувончдан кўз ёш тўкарди”.

Уни хотинининг ажалини кутган ҳолдаги ўзини тутиши ҳайратга солди. “Онам барча азобларга сабр-тоқат ва ройишлик билан бардош берарди. Жисмоний оғриқ кучайгани сари онам мулойимлашиб, юзларидан нур ёғарди, — деб хотирлайди Саша. — у тақдирдан нолиб, шикоят қилмас, ҳеч кимдан ҳеч вақо талаб қилмас, аксинча, ҳаммага ширин гапириб, миннатдорчилик билдирарди. Ажалнинг яқинлигини сезиб, у тақдирга тан берди, барча ҳаёт ташвишларига қўл силтади”.

Софья Толстаяни даволамоқчи бўлиб, йиғилган саккиз нафар врачлар, Толстойнинг фикрича, рафиқасининг айнан мана шу гўзал руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатишарди. “Уй докторларга тўла, — хушламай ёзади Толстой ўз кундаликларида, — Яратганнинг инон-ихтиёрига қарши худбинлик, ўзбошимчаликни кузатиш оғир”. Шунингдек, у рафиқасига чин дилидан ачинарди, негаки, бу дақиқаларда рафиқаси “кўнгилни ийдирадиган даражада оқила, ростгўй ва меҳрибон” эди. “Ўлим бизни яраштираётганига лолман! У мен учун ҳам, ўзи учун ҳам асл қиёфасида намоён бўлмаяптими, деб ўйладим; ҳаёт шами аста-секин сўнар экан, одам ўзлигига қайтиши, шубҳасиз. — “Эҳ, мана, гап қаерда!” — Бизлар, дорилбақода қолаётганлар ўлаётган одам чеҳрасидага нималар намоён бўлишини кўролмаймиз. Бизга кейинроқ, вақти келиб намоён бўлади...”

Толстой Снегиревга тушунтиришга ҳаракат қилади: “Мен улуғвор ва тантанавор ўлимнинг ҳақлигини бузувчи аралашувга қаршиман”.

Снегирев эса бу гапдан ғазабланади. Гарчи у операция ўтказиш нақадар зарур эканлигига ишончи комил бўлса-да, лекин иш натижа бермаган тақдирда бутун масъулият бор бўйича ўзининг зиммасига тушишини англаб турарди. “Снегирев Толс­тойнинг хотинини эрининг ихтиёрига қарши “чавақлаб ташлади”, деб гапиришлари ва ҳатто, ёзишлари турган гап. Масаланинг маънавий томонини гапирмаса ҳам бўлади, бу унинг шифокорлик обрўсига путур етди, деганидир.

Софья Андреевна эса бу пайтда касаллик газак олганидан қийналарди. Унга тинимсиз морфий юборишади. У руҳонийни чақиради, бироқ руҳоний келганда, у ҳушсиз ҳолатда эди. Кейин, Маковицкийнинг гувоҳлик беришича, ўлгудай ғам-ғусса бошланади. Толстой на рози, на қарши эди. У Снегиревга: “Мен четга чиқаман... Ҳозир болалар йиғилади, тўнғич ўғлим Сергей Львович келади... Қандай йўл тутиш кераклигини улар ҳал қилишади... Лекин Софья Андреевнанинг ўзидан ҳам сўраш керак”.

Бу орада хонадон меҳмонларга тўлади. “Деярли барча оила аъзоларимиз етиб келишди, — деб эслайди онасининг хасталигида вақтинчалик бекага айланган Саша, — ҳар доимгидек ёш, куч-қувватга тўла, тараллабедод одамлар йиғилгач, дилсиёҳликка қарамасдан, улар дарров уйни бошларига кўтариб шовқин қилишди, ўзлари билан хушхандонлик олиб келишди, чакаклари тинмай валақлашди, еб-ичишди. Хушмуомала ва овози баланд профессор Снегирев ўзига катта эътибор талаб қилди... Келганларга ётоқ тайёрлаш, барчани ов­қатлантириш, товуқ сўйишга буйруқ бериш, дори-дармон, шароб ва балиқ олиб келиш учун Тулага одам юбориш (дастурхон атрофига йигирмадан зиёд киши ўтиради ахир), келаётганларни кутиб олиш учун станцияга кучер жўнатиш лозим эди...”

Беморнинг ёнида ўтириб, Толстойнинг навбатчилик қилишига ҳожат йўқ эди, лекин у вақти-вақти билан хотинининг ҳолидан хабар олади. “Соат 10.30да Л.Н. келди, — деб ёзади Маковицкий, — эшик олдида туриб-туриб кетаётганида, доктор С.М.Полиловга дуч келди. Хонадон эгаси шифокорлар хонасига киришга журъат қилмай, врач билан даҳлизда бир-икки оғиз сўз алмашди. Сўнг аста бемор хонасига кириб, каравотдан нарироқдаги курсига ўтирди. Софья Андреевна:

— Ким у? — деб сўради.

Л.Н.:

— Ким деб ўйлагандинг?— деб рафиқасига яқинлашди.

Софья Андреевна эса:

— Ҳали ҳам ухламаяпсизми? Соат неча бўлди? — деб сўради ва сув беришни илтимос қилди.

Л.Н. у кишига сув бериб, ўпиб қўйди ва:

— Ухлай қол, — деб хонадан чиқди. Ке­йин ярим тунда оёқ учида бир келиб кетди.

“Операция вақтида отам бир ўзлари Чепижга бориб, ибодат қилдилар”, — деб хотирлайди Илья Львович.

Кетишидан олдин у шундай деганди: “Агар операция омадли чиқса, икки марта қўнғироқ чалинглар, акси бўлса, у ҳолда... Йўқ, яхшиси чалманглар, мен ўзим келаман...”

Операция муваффақиятли борарди. Профессор операция давомида ярани тиккан одамни оғзига келган сўзлар билан ҳақоратлайди: “Эҳ, сеними, немис башара! Итдан тарқаган! Лаънати немис...”

Болалар бошидек келадиган ўсимтани Толстойга кўрсатишди. “Гарчи у парвойи фалак, ҳотиржам кўринса-да, рангида ранг йўқ, юзига ғам соя солиб турарди, — деб эслайди Снегирев. — Ўсимтага қараб равон овозда мендан: “Тугадими? Мана шу зормандани олиб ташладингизми?” деб сўради”.

Наркози тарқаётган хотинини кўргач, даҳшатга тушиб, ғазаб отига миниб хонадан чиқди. “Инсонни ҳотиржам ўлишга ҳам қўйишмайди! Бояқиш аёл қорни ёрилиб, ёстиқсиз, каравотга боғланган ҳолда ётибди... операциядан бурун ҳам бунчалик инг­рамаганди-я. Бунинг турган-битгани қийноқ-ку!” Софья Андреевнанинг соғлиғи яхшилангач, Толстойнинг кайфияти кўтарилди, бироқ барибир ўзини ким томонидандир алдангандай ҳис қилаверди. “Унга қараб юрак-бағринг эзилиб кетади-я, — деб ёзади Толстой ўз кундалигида. — Улкан дард-азоб ва бу беҳудага кетмайди, деб айтиш мумкин”.

Снегиров билан Толстой қуруққина хайр­лашди. “У камгап эди, — деб эслайди профессор Толстой билан унинг хонасида хайрлашганини, — қовоғидан қор ёғиб ўтираверарди, хайрлашаётганимда, жиллақурса ўрнидан турмади ҳам, ярим ўгирилиб қўлини узатди, зўр-базўр илтифотли сўз айтди. Бу суҳбатлар, унинг мурожаати менда нохуш таассуротлар қолдирди. У нимадандир норозидек туйиларди, шундай бўлса-да, на ўзим на ассистентларим ҳаракатларида, на юриш-туришимизда ва на беморнинг кайфиятида бу норозиликнинг сабабини тополмадим. Мулоҳаза юритиб кўриб, бу хафагарчиликни Толстойнинг чарчагани ва азоб чекканига йўйдим”.

 

ГЎЗАЛ ЎЛИМ

Толстойнинг хотинини ўлимдан сақлаб қолиб, унга яна ўн уч йил умр ҳадя этган Снегирев билан хайрлашаётганидаги ўнғайсизлигини бир ғалати ҳолат билан тушунтириш мумкин. Толстой, шубҳасиз, умр йўлдошига ўлим тиламаганди. Бундай тахмин қилиш нафақат қабиҳлик эди. Толстойнинг кундаликларида ҳам, қизи Сашанинг хотираномаларида ҳам Софья Андреевнанинг соғайиб кетганидан Толс­тойнинг боши кўкка етгани ҳақида сўз юритилади. Биринчидан, у чиндан ҳам Софья­ Андреевнани севиб-ардоқлар, қирқ йиллик турмушларида рафиқасига боғланиб қолганди. Иккинчидан, Софья Андреевнанинг соғайиб кетиши Ясная Полянадаги ҳаёт одатий оқимига тушганини, Толс­той учун эса оқилона, батартиб турмуш тарзи яна қайтиб келганини англатарди, адибнинг ёши бир жойга бориб қолгани ҳисобга олинадиган бўлса, бу сув ва ҳаводек зарур эди. Сашанинг сўзларига кўра, гарчи “отам гоҳида онамнинг қийноқ ва азобларни кўз юммасдан енгганини, барчага ширинсўз, марҳаматли бўлганини меҳри товланиб” эсласа-да, бу Толстойнинг Софья Андреевна дарддан халос бўлганидан хурсанд эмаслигини англатмайди.

Гап бошқа ёқда эди. Толстой ўзини руҳан ранжигандек ҳис қиларди. У хотининнг ўлимини унинг ички дунёсининг намоён бўлиши, деб қабул қилишга ўзини тайёрлаганди, бунинг ўрнига эса Снегиревдан болалар бошидек келадиган ириган ўсимта олди. Толстой бу ўсимтани кўриб ҳотиржамдек кўринса-да, аслида кучли руҳий изтироб чекарди. Чунки айнан мана шу жирканч нарса рафиқасининг азоб-уқубатларига сабаб бўлганди.

 

ОСОЙИШТА ЎЛИМ

Толстой ўзини мағлуб, Снегиревни эса ғолиб, деб ҳисобларди. Аниқроғи, Снегирев унинг хотираларидаги ҳиссиётларни ақл тарозисига солиб кўриб, айнан шу нарсани тушунганди. Шунинг учун ҳам Толстой умр йўлдошини сақлаб қолгани учун врачга ўзининг миннатдорчилигини самимий билдиролмади. Буларнинг барчаси Толстойнинг кўз ўнгида инсоннинг ҳайвоний табиати аломатлари бўлиб гавдаланар, ўзи ҳам ўлимга яқинлашар экан, фоний дунё ишларидан янада кўпроқ хафсаласи пир бўларди. Бир кун келиб, ўзи ҳам булардан узоқлашишини яхши англарди, барчаси тобутига жойланади, шундан кейин нима ҳам қоларди?! Унинг ич-этини кемираётган нарса шу эди! Муттасил шу ҳақда ўйларди.

Сашанинг хотираларида бу вазият аниқ ифодаланган: “Онам ўз машғулотларини янгилади: фортепианода бир ўзи ва Наташа Сухотина билан икковлашиб куй чалар, тикиб-бичар, уй ичида куймаланар, баъзан Москвага кетарди. Кундалик ишлар уни яна домига тортиб кетди. Бу ҳам майли, отамга салбий таъсир қилувчи хўжалик, нашриёт ташвишлари бошланди”.

Тақдирнинг бешафқатлигини қарангки, Софья Андреевнани операция қилишганидан икки ой ўтиб Толстойнинг суюкли қизи Маша кутилмаганда зотилжамдан вафот этади. Қизнинг ўлими шунчалик тез ва ногаҳонда рўй бердики, ҳатто шифокорлар ҳам довдираб қолишди. Бу ўлим Ванечканинг ўлимини ёдга соларди: беихтиёр: “Маша отасига ушбу ўлимни ҳадя этмадими”, деган фикр туғилди. Нима бўлган тақдирда ҳам, Софья Андреевна ўзини “хавф­ли операциядан сўнг тирик қолиб”, “Машанинг ҳаётини тортиб” олди, деб ҳисобларди (Софья Андреевнанинг Лидия Веселитская билан ёзишмаларидан).

Ноябрнинг совуқ кунларидан бирида, Маша турмуш ўртоғи Николай Оболенский, укаси Андрей ва оилавий дўстлари Юлия Игумновая билан сайрга чиқади. Маша эри билан ўзларининг Пирогово номли ер-мулк­ларидан келган ғалати бир аноним хат туфайли Ясная Полянада ушланиб қолишади. Хатда мужиклар Николайни ўлдиришга шайланишаётгани ёзилганди. Бу жиддий огоҳлантириш эди. Нега десангиз, бунга сабаб — ўша пайтда Россияда ёппасига Биринчи рус инқилобидан қолган талон-тарож ва заминдорларнинг ҳовли-жойларига ўт қўйиш авж олганди. Эр-хотин ортга қайтгач, кучли шамол турди. Маша музлаб қолди. Кечга бориб иситмаси кўтарилди. Туладан доктор Афанасьев, кейин Москвадан Шуровский чақирилади. Аммо врачларнинг барча уринишлари зое кетади.

Маша бир неча кун иситмада куйиб-ёнди. “Опам гапира олмасди, фақат болаларча инграрди, — деб эслайди Саша. — Ориқ ёноқлари қип-қизариб кетганди, нимжонлигидан ёнбошлай ҳам олмасди, менимча, унинг бутун жисми қийналарди. Компресс қўйишса, қаддини бироз бўлса-да, кўтаришса ёки у ёнбошидан бу ёнбошига ағдаришса, юзи оғриқдан тиришиб кетар, баттар инграрди. Бир сафар мен қўполлик қилиб, уни нотўғри ушлаб, жонини оғритдим, у қичқириб юборди ва менга гина билан қараб қўйди. Орадан анча фурсат ўтса ҳам унинг қичқириғи қулоғим остидан кетмайди, ўша қўпол ҳаракатим учун ўзимни кечиролмайман...”

Бу ҳодисаларнинг муҳити икки ой илгариги Ясная Полянадаги вазиятдан тубдан фарқ қиларди. Врачлар кам... Ҳеч ким шовқин солмайди, югуриб-елмайди... Толстойдан ҳеч нарса сўрашмайди... Илья Львович ўз хотираларида Машанинг ўлими “ҳеч кимни ҳайратга солмади”, деб ёзади. Татьяна Львовнанинг кундалигида эса қисқагина ёзув битилган: “Синглим Маша зотилжамдан қазо қилди”. Бу ўлимда биров ажабтовур даҳшатни кўрмади. Шунчаки кеч турмушга чиққан ва чинакам оилавий бахтдан баҳраманд бўлишга улгурмаган ўттиз беш ёшли аёл бандаликни бажо келтирди, холос.

Машанинг ўлимини негадир етти ёшли Ванечканинг ўлими билан таққослашарди... “Унга қараб туриб, Ванечкани ёдга оламан, — деб ёзади Саша, — айниқса, ўлим тўшагида у Ванечкага ўхшаб кетарди. Суронли, бешафқат ажал уни орамиздан юлиб олиб кетди. Уни сақлаб қолишга уриниш беҳуда эди, назаримда. Машанинг юзи сипо ва бегонадек туйиларди, фақатгина жисми биз билан қолган-у, руҳи узоқларга учиб кетгандек эди гўё. Ванечка ўлганда ҳам у бизга номаълум, аҳамияти бисёр ненидир биладигандек туйилганди”.

Тўққиз кун ҳамма қўл қовуштириб шу ўлимни кутишди. Ниҳоят бемор терлаб кетгач, Саша докторга ёпишди. “Доктор! Доктор! У терлаяпти!” Доктор эса қўл силтаб қўя қолди. “Терлаяптими? Э, йўқ, бу совуқ тер-ку!” — деб тўнғиллаб қўйди доктор.

Софья Андреевна синглисига шундай деб ёзади: “Ҳеч қандай чора-тадбир касалликни бартараф қилолмади... Бечора қизим алаҳсираб, биронтамизга ширинсўз айтиш учун камдан-кам ўзига келди; бирам мулойим, маъсума эдики... Ўлими куни бирдан йиғлаб, эрини қучоқлаб олди, лекин бир оғиз сўз айтмади. Фақат кейинроқ дона-дона қилиб: “Ўляпман”, — деди, холос. Кечаси Маша қийналиб, қисқа-қисқа нафас ола бошлади, қўлларини кўтарганди, уни ўтирғизиб қўйишди. Унинг кўнгилни ийдириб юборадиган ҳолатини сира ёддан чиқариб бўлмайди: бошини бир томонга эгиб олган, кўзлари юмуқ, юз ифодаси шунчалар мушфиқ, маъсум, зоҳиран шунчалар гўзал эдики... Отаси унинг қўлларини ушлаб турди”.

Қизининг ўлими тасвири Толстойнинг кундалигида врачлар аралашуви билан амалга ошмаган хотини ўлимининг гўёки давоми эди. “Ҳозир, тунги соат бирда Маша жон берди. ўалати ҳолат. Мен на даҳшатни, на қўрқувни, на фавқулодда ҳеч қандай ҳисни, на ачиниш, на мусибатни туйяпман... Ҳа, бу ҳодиса жисмга оид, шунинг учун ҳам аҳамиятсиз. Мен Машани ўлаётганида кузатиб турдим: кишини лол қолдирадиган даражада осойишта. Мен учун Машанинг ўлими — инсон моҳиятини аён қилгувчи очқич эди. Унинг очилишини кузатиб қувондим. Лек бу намоён бўлиш тўхтаб қолди. “Қаерда? Қачон?” — бу саволлар инсон моҳиятинининг очилиш жараёнига доир ҳамда замон ва макондан ташқаридаги асл ҳаётга тегишли бўлади”.

Маковицкийнинг гувоҳ бўлишича, қизининг ўлимидан ўн дақиқа олдин Толстой унинг қўлини ўпган.

Астаповада жон бераркан, Толстой қизи Машани чақиради. Ўша куни отасининг бошида ўтирган Сергей Львович шундай деб ёзади: “Ўшанда мен отамнинг жон бераётганини қандай англаётганини ихтиёримга қарши эшитиб ўтирардим. Отам кўзларини юмиб ётар, ўй-хаёлларини банд қилган фикр­лардан алоҳида битта-яримтасини бир-бир гапириб қўярди. У: “Ишлар чатоқ, ишлар чатоқ...” деди, кейин эса: “Ажойиб, ажо­йиб”, деди. Сўнг бирдан кўзини очиб, тепага қараганча, баланд овозда: “Маша! Маша!” деди. Этим жимирлаб кетди. Тушундимки, отам синглим Машанинг ўлимини эслаяпти”.

Саша ва Ильянинг эслашича, ота қизининг ўлигини қишлоққа кириш жойигача, тош устунларгача, Софья Андреевнанинг гувоҳлик беришича, қишлоқ охиригача кузатиб борган. “Тош устунлар ёнида отам бизни тўхтатди, марҳума билан видолашиб, катта кўча бўйлаб уйга кета бошлади. Ортидан қараб қолдим: отам эриётган қорларни бир-бир босиб, кексаларга хос қадам ташлаб борарди, ҳар доимгидек пайпоқларини шимариб олган. Бирон марта ҳам ортига ўгирилмади...” — деб хотирлайди Илья Львович.

“Российкая газета”нинг 2015 йил 17 март сонидан олинди.

Рус тилидан

Саиджалол САИДМУРОДОВ Таржимаси