“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 561 марта кўрилган.

ҚАЛТИС ҲАЗИЛ

Дороти ПАРКЕР, Америка адибаси.

Лени ҳар куни оқ танлиларнинг уйини йиғиштириб, кийимларини ювиш учун у уйдан бу уйга қатнарди. Оқсоч қош қорайгунга қадар тиним билмасди. Лени бу тўладан келган қора танли аёл. Уни бесўнақай гавдаси учун ҳам «баҳайбат Лени» деб аташарди. Тўғри, бундай аёлларга уй юмушларини бажариш бироз қийинчилик туғдирар, бироқ у яхши яшаш учун тинимсиз меҳнат кераклигини биларди.

Бу бахтиқаро аёлнинг эри оламдан ўтган. Тўнғич қизи Эрлиндан бўлак ҳамма боласини тупроққа топширган эди. Лени қизини жонидан ортиқ кўрар ва ҳар ҳафта совғалар билан сийларди. Чиройли ўйинчоқлар кейинчалик нафис кўйлакларга алмашди. Ниҳоят Эрлин вояга етиб, турмушга чиқадиган вақт етди…. Бир куни куёви уйга келиб, Ленига Эрлиннинг кўзи ёриганини айтди. Чақалоқ ўғил бола эди. Улар янги меҳмонга Раймонд деб исм қўйдилар. Боланинг катта-катта кўзлари бувисиники каби чиройли бўлса-да, бу ёруғ дунёни кўрмасди. У сўқир эди… Минг афсуски, эртасига Эрлин ҳам вафот этди.

Бечора Лени Раймонд билан ёлғиз қолди. Ўзи емай едириб, ўзи ичмай ичириб, неварасига шамолни ҳам раво кўрмай ўстирди. Хуллас, Раймонд улғайиб қолди. У бувисига эшикни очиб берар, унинг ҳолдан тойган оёқларига пойабзалини кийдириб қўярди. Ҳаттоки, у Ленини ишга жўнатиб ўзи гилам тўқир эди. Лени уларни оқ танлиларга сотишини айтганда, Раймонднинг оғзи қулоғига етди. Бироқ Лени ярим тунда гиламни бўлакларга ажратар, Раймонд эса кундузи бўлакларни тағин бирлаштирарди.

Уларникига қўшнилар тез-тез чиқиб туришарди. Ҳар хил кулгили воқеалардан сўзлаб бериб, Раймонднинг кўнглини олишарди. Уларнинг ҳазили болага мойдай ёқар эди. Раймонд Ленисиз кўчага чиқадиган бўлди. Деворларга, тўсиқларга суяниб, ҳасса ёрдамида йўл топиб юрарди.

Қиш келди. Бу қиш қора танлилар учун жуда оғир келди. Бир ҳабаш аллақандай қилмиши учун оқ танлилар ҳамма қора танлиларга иш бермай қўйди. Кўчага учраган ҳабашни уриб таҳқирлай бошладилар. Лени ва Раймонднинг ҳоли кундан-кунга оғирлашиб борарди. Бечора буви ҳеч қачон қилмаган ишини қилди. Раймонднинг овқати, кийими учун оқ танлиларга иш беришини сўраб ялина бошлади. Ниҳоят бир хоним қаттиқроқ ишласа, эрининг эски кийимларини беришини айтди.

Баҳор келди… Раймонднинг қалб қуёши чарақлаб кетди гуё. У яна кўчага чиқа бошлади. Кўшнилар билан кулишди. Раймонд ҳаётни куйлади. Уларни кулгиси ёкарди. Бир куни қандайдир кулган овозни эшитиб қолди. Бу ғалати кулги эди, ҳеч ҳам дўстлариникига ўхшамас эди. Кимдир уни итариб юборди. Яна ва Яна… У қочмоқчи бўлди, бироқ қаерга?!... У югураётиб йиқилиб тушди. Турмоқчи ҳам эдики, яна биров беаёв туширди. Раймонд йиғлаб қонга беланиб, чангда ва қоронғиликда ётарди. Атрофида ҳеч ким йўқ эди, фақат қалтис ҳазил, аянчли мазах бор эди.

Инглиз тилидан Ҳуринисо ОСТОНОВА таржимаси.