“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 1311 марта кўрилган.

ЭТИКДЎЗ

Том ОДЕНКРАНС, Америка адиби

Дастурхондаги бўтқани кўрган Жоннинг ранг-рўйи ўзгарди.

– Янами? Мен бўтқа емайман!

– Болажоним, – ялинчоқ оҳангда сўзлади она, – онанг ўлсин, болам. Бундан ортиғига ҳозир кучим етмайди.

– Доим битта гапни қайтараверасиз! Ойи, айтинг қачон қурбимиз етади ўзи? Дэни, Лили, Жуниордан нима камим бор? Улардан яхши ўқисам ҳам ўшалардай бўлолмайман! Бу такасалтангларнинг егани олдида, емагани кетида. Ҳар доим ошиғи олчи! – алам билан сўзлади бола.

– Ҳавас қил, болам, ҳасад қилма. Бир кун биз ҳам бойиб қолармиз.

– Қачон? Туянинг думи ерга теккандами?

– Шайтонга ҳай бер, болам, кел, яхшиси ов­қат еймиз.

– Мен бўтқа емайман!

– Хўп, нима қил дейсан, болам? Фаррошнинг ойлиги билан рўзғор тебратиш қийин экан. Отанг тирик бўлганда, балки яхшироқ яшармидик?

– Топиб олган гапингиз шу! Баридан тўйиб кетдим!

Она йиғлаш учун орқасини ўгирди. Жон аччиқ билан ўрнидан турди ва ташқарига отилди. У кўчада узоқ санқиди ва цирк олдидаги ўриндиққа чўкди. Унинг кайфияти йўқ эди. Елкасига тоғ ағдарилгандай ва бу юкнинг дастидан букчайиб бораётгандай эди назарида.

– Пойабзалингиз йиртилган экан, тикиб берайми? – сўради биров.

Шундагина Жон ўриндиқ қаршисида ўтирган этикдўз болани кўрди.

– Пулим йўқ, – деди у дағал оҳангда.

– Пулини топганда берарсиз, барибир, қиладиган ишим йўқ, – деди у.

Жон этикдўзнинг таклифига кўнди ва эски пойабзални унга тутқазди.

– Дунёнинг ташвиши бўйнингизга тушганга ўхшайди? Нега бунча ғамгинсиз?

Жон биринчи марта унинг камбағаллигидан кулмайдиган ва уни камситмайдиган дўст топганидан суюнди. У дардларини айтиб, кўнгил чигилини ёзди.

– Мен ҳам сиз каби етимман,  – деди этикдўз бола унинг гапларини эшитиб. – На онам бор, на отам. Бу шафқатсиз дунёда синглимдан бўлак яқиним йўқ. Эрталаб мактабга бораман. Дарсдан сўнг бу ерга келаман. Топганим рўзғорга учма-уч бўлади. Лекин шунисига ҳам шукр! Нолишга ҳақим йўқ, чунки биздан баттарлар бор. Оч-наҳор яшаётганлар қанча... Синглимнинг куни етимхонага қолмаса бўлди...

Жон этикдўз боланинг гапларини эшитиб, ўз ҳолидан нолиганига уялди.

– Мана, пойабзалингиз, янгидай бўлди. Энди мен борай, синглим кўзлари тўрт бўлиб кутиб ўтиргандир? Бўтқа пиширишим керак. У ҳали кичкина овқат қилишни билмайди...

Этикдўзнинг ортидан қараб қолган Жон йиғлаб юборди. Бола оқсоқ эди...

 

Инглиз тилидан Вазирабону АСАДОВА таржимаси.