“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 1068 марта кўрилган.

Чайқов бозорида Рафиқ Шами, олмон адиби.

"Панд берган хомчўтларимизни тасодиф деб атаймиз.”

Алберт ЭЙНШТЕЙН

“Тасодиф, балки, Худонинг имзо чекишни истамаган ҳоллардаги тахаллусидир.”

Анатоле ФРАНС

 

Ота тарафдан бувам қувноқ, қўли очиқ ва саргузаштсевар инсон эди. У Малула деган насронийлар яшайдиган тоғли қишлоқда истиқомат қиларди. Бизни кўргани Дамашққа кўпинча ёлғиз келар, чунки хотини, яъни бувим, бизни жини суймасди. Биз ҳам уни ёқтирмасдик. Биз унинг душмани – онамнинг, яъни мастона кўзларини сузиб, дадамни йўлдан урган аёлнинг ипирис­қилари эдик. Ўғлига бадавлатгина жия­нини олиб бериш режаси кейинчалик менинг онам бўлиши лозим бўлган шу гўзал, аммо қашшоқ қиз туфайли барбод бўлганди. Бувим учун энг даҳшатлисини ҳали айтмадим. Бу бувимга ўхшаган хотинларнинг ўнтасини токчага териб қўйишга қодир онагинамнинг тили эди. Бувим, онам хақида “тилини шайтондан омонат олган”, дея ғийбат қилгани-қилган эди. Худди ўша забон бувам учун, у бир марта таърифлагандек, турли миш-мишлару ҳазилларга бой кулги боғи эди. Ўзининг табиатан тортинчоқлиги боис, онамнинг гапга чечанлигига у бир умр маҳлиё буларди.

Бувам хотинига қандоқ чидаркин, деган савол менга сира тинчлик бермасди. Бир кун мен ундан нега бизникига кўчиб келмайсиз деб сўраганимда, у кулиб: “Бувинг доим музлаб юрадиган қўл-оёғини пинжимга қўйиб ётмаса, ухлолмайди. Мен унинг печкасиман”, деган эди. Оқшомлари қизил шаробини ичиб ўтираркан, менга қараб “ёқилғи” деб қўярди. Мендан бошқаси уни тушунмасди. Кулгидан нафасим тиқилай дерди ва ҳар доимгидек, отасига танбеҳ бергиси келиб, аммо бунга ҳаққи йўқлигидан дадамнинг юзлари қизариб-бўғриқиб кетарди. Бувам бизникида ётиб қолган кезлари, болалар хонасида тўшакда ётаман деб туриб оларди, дадам таклиф қилган меҳмонлар учун мўлжалланган момиқ тўшакдан бош тортарди. Бундай кечаларда бизнинг, мен ва иккала акамнинг кўзларига уйқу келмасди. Бувамнинг ҳикояларидан биз қотиб-қотиб кулардик ва бу кўпинча, дадамнинг келиб, отасига бас қилишни, тинчгина ухлашга қўйишини айтиши билан тугарди. Бадавлат ва кучли одам бўлган бувам шундан сўнг башарасини гўё қўрқиб кетгандек буриштириб, бошини кўрпага буркаб олар, бизнинг эса уйқимиз келмасди сира. Бир куни тунда у тўшагида турволиб, рақсга тушиб, баланд овозда аллақандай бир тушунарсиз қўшиқ айтарди. Мусиқаси жуда ғалати янграрди. Бувамнинг гапига қараганда, бу жинларнинг қўшиқ ва лапарлари бўлиб, унинг ўзи, кимсан, девлар ҳукмдори Шамхурешнинг рафиқаси билан рақсга тушаётганмиш. У бўлса ўз хотинининг оддий бир “осий бандага” (у бувамни менсимай шунақа атармиш) ишқи тушиб қолганини сира кечира олмаётганмиш. Жирканч ҳийлалар ишлатмасликка ваъда бергач, бувам Шамхуреш билан жанг қилишга розилик берганмиш. Аммо жинларнинг сониялар тезлигида ўз шакл-шамойилини ўзгартиришдек бемаъни одатлари бор. Уларни бўғзидан олганинг маҳал чаён ёки тимсоҳ қиёфасига киради, ерга зап қулатганингда кўлга айланиб олишади. Орқасига тепаман десанг, олов ёхуд чўғга айланади. Буларнинг барини биз илгари эшитган ҳикоялардан билардик ва ҳозир жангни зўр иштиёқ билан кузатмоқда эдик. Бунда бувам пантомима маҳоратини олий даражада намо­йиш қилмоқда эди. Назаримизда бувамнинг жағларига келиб тушаётган зарблар асносида рашкчи жиннинг кўзга кўринмас муштларини кўргандек бўлардик, гўё. Жанг ўн дақиқалар давом этди...Буларнинг барчаси болалар хонасида, бизнинг тўшагимизда содир бўлаётганди! Дафъатан, эшик шарт очилди-ю, бувам ҳайкалдек қотиб қолди.

“Ҳовлида турган тингловчиларга муз­қаймоқ тортайми ё улардан кириш учун чипта ҳақи талаб қилайми?” — деди дадам жаҳл билан. Мен пардани кўтардим. Дарҳақиқат, қўшниларимиз ҳовлимизда ўтиришарди. Ўша ёз оқшомида улар очиқ осмон остида салқин ҳаводан, шу билан бирга бувамнинг саргузаштларга бой ҳикоясидан баҳраманд бўлаётган эдилар. “Музқаймоқ ёмон бўлмасди-ку” — деди бувам, гўё унинг ўзи қизиб турган товадаги бир қошиқ ванилинли музқаймоқдек кичраяркан. Дадам фақат бош чайқади-ю, эшикни ёпиб, хонасига кириб кетди.

Дадам етарлича масофага узоқлашганига ишонч ҳосил қилган катта акам секин шивирлади: “Хўш? Ким ғолиб бўлди?”

“Албатта мен, аммо битта тишимдан айрилдим” — бувам шундай деди-ю, паст­ки жағидаги кемшикни кўрсатди. Учаламиз фонар билан пастки жағини кўздан кечириб бўлгунимизча сабр билан оғзини очиб тургани хотирамга михланиб қолган. У ҳаётининг сўнгги кунига қадар шундай эди. Бу кун ҳақида мен ҳали сўзлаб бераман. Аммо бундан анча олдин, 1953 йилнинг кўкламида у мендан “Эски шаҳарни айланмаймизми?” — деб сўради. Биз Тик кўча бўйлаб сайр қилдик. Назаримда ўша куни барча савдогарлар, тиламчилар, полиция ходимлари, ҳаммоллару ошхона хўжайинлари бувамни танигандек, унга хайриxоҳдек туйиларди. Улар бувамга хушмуомалалик билан салом бериб, уч-тўрт марта уни одамлар қаҳвага таклиф қилишар, у эса одоб билан ушбу таклифларни рад қилиб, неварам билан эски бозорга бормоқчимиз, дерди такрор ва такрор. Бу ёлғон эмасди, мен ўша куни ростдан ҳам умримда биринчи марта “Сук қумайла”, яъни эски бозор ҳақида эшитдим. Бундан ажабланиб, бувам мен билан ҳазиллашмоқчи бўлса керак, деган хаёлга бордим. Аммо у илоҳий Марям номи билан қасам ичиб, бутун бошли кўча Эски бозор деб номланишини айтди. Бу ерда ғаройиб эски-туски нарсаларни топса бўларди. Кейин у менга бу ерда нақадар ноёб буюмларни қўлга киритгани, савдогарларнинг арзон нарсаларга антиқа тусини бериб, бу соҳада ҳали янги бўлганларга қимматига пуллаб юбориши каби ҳийлакорликлари ҳақида сўзлаб берди.

Сук Қумайла аркка яқин жойда эди. Кўчанинг икки лабида митти дўконлар бир-бирига зич қатор тизилган, жойдан кўра молнинг кўплигидан йўлакларга ҳам кийим-кечак, ўйинчоқлар ва уй-рўзғор буюмлари териб ташланганди. Аммо бу ҳеч кимга халақит бермасди. Пиёдалар йўлнинг қатнов қисмидан юришар, сийрак машина ҳайдовчилари фариштадек сабрли эдилар. Улар қадам тезлигида одамлар орасида судралиб боришар, уларни эсдан чиқариб қўйган ондагина сигнал чалиб қўйишарди, холос. Мен ҳамма нарсани ушлаб кўришим мумкин эди, тез орада ранг-баранг, икки жойи пачоқ бўлишига қарамай, ажойиб куй чаладиган мусиқий қутичага дуч келдим. Сотувчи аёл фойда кўрмаса-да, уни бувамнинг хурмати учун уч лирага беришини айтди. Бу хушомаддан бошини йўқотиб қўймаган бувам бироз савдолашгач, қутичани менга бир лирага олиб берди. Бошқа бир савдогар растасидан у ўзига бир олтин танга харид қилди ва менга “бу ноёб тангани узоқ йиллардан бери ахтариб юрувдим”— деб шивирлади. Ниҳоят, у растаси деворларга ёпиштирилган қоғоз парчаларидан бўлак ҳеч вақоси йўқ савдогар олдида анча ушланиб қолди. Мен ҳайрон бўлиб, бувамдан бу одам нима сотишини сўрадим.

“Расман, у уй сотади”, жавоб берди бувам. “Бу одам маклер. Аммо норасман, унда доим энг зўр миш-мишлар бўлади, чунки у шаҳардаги жамики хонадонларни билади ва уларнинг сир-асрорларидан бохабар”

Йўл-йўлакай кетарканмиз, бир хурмофуруш бувамга қараб қичқирди: “Ҳой, икки кило ғам-ташвишни бепул оласанми ё ғам-ташвишдан фориғ қиладиган бир кило ироқи хурмо оласанми?”

“Яхшиси, хурмо оламан”, деб жавоб қилди бувам ва сотувчи менинг қўлимга катта-катта ширали хурмо солинган халтачани тутқазди.

Дафъатан, бувам ва менинг диққатимни бир дўкон олдида тўпланган, кўчанинг нариги тарафигача чўзилиб кетган одамлар ғужуми ўзига тортди. Бувам, топқир эмасларми, йўлимизда турган эркагу аёлга қарата: “Етимга йўл беринг!” — дея қийқирарди. Бу ёруғ дунёда ҳеч нарса оғир-вазмин арабни етимга йўл беринг деган ҳайқириқчалик тез ҳаракатга келтиришга қодир эмас. Бувам мени олдинга итариб, ўзи ҳам соядек эпчиллик билан йўлак бекилишидан сал илгари орқамдан етиб келди ва биз бир зумда биринчи қаторга ўтиб олгандик.

“Етиммиш” пичирладим мен унга, чунки менинг ота-онам эндигина ўттизни қаршилаган эдилар. “Ҳа, энди, етмиш йилдан кейин Албатта етим бўласан-да”, — деди-ю, нигоҳини олдинга қаратди. “Буни қаердан биласиз, дея сўрашга оғиз жуфтладим-у”, содир бўлаётган нарсаларга хаёлим кетиб, дар­ҳол ота-онам эсдан чиқди. Оғзимни очиб, дўкон қаршисида эски курсида ўтирган одамга тикилдим. У: “Сотилади” деб ёзилган бир бўлак оқ картонни олдига тутиб турарди. Бу ёзувни ҳижжалаб ўқий олардим. Дўконга кираверишда уй-рўзғор буюмлари ва бир тўда эски-туски кийимлар олдида кўк рангли комбинезон кийиб олган, ёши ўтиб қолган бир аёл турарди. У шу онда y ўз эрини нима сабабдан сотаётганини ақлига сиғдира олмаётган бир йигит билан баҳслашарди. Албатта, етти ёш бўла туриб ҳамма нарсага ақлим етарди, деб ёлғон гапирмоқчи эмасман. Ақлим етгани шу бўлдики, бу аёл ўз эрини қариб қолгани боис сотмоқчи эди.

“Бу одам кар-соқов бўлмаса ҳам, кунлаб, ойлаб, йиллаб оғиз очмай яшаши мумкин” аёлнинг жон-жаҳди билан айтилган бу сўзлари ҳеч эсимдан чиқмайди. Мен яна, бу одам отларнинг билимдони эканлигини ва аёлнинг қарамоғида эса учта вояга етган ногирон ўғиллари борлигини тушундим. ўала-ғовур кучайди, аммо аёл ҳаммасига бардош берарди. Ҳатто, жиккаккина бир одам полицияни чақирмоқчи бўлганда ҳам, у қўрқиб кетмади.

Бироздан сўнг европача костюм кийган қарироқ киши аёлнинг ёнига келиб, сўралган пулни қуртдек санаб унинг қўлига тутқазди. Унинг қанча бергани ҳозир эсимда йўқ. Аммо аёлнинг эрини сўнгги бор бағрига босиб йиғлагани эсимда. Бувам иккаламиз мум тишлагандек жимгина йўлга тушдик. Назаримда, ушбу ҳодиса унга ҳам қаттиқ таъсир қилганди. Ниҳоят, уйга кетаётган маҳал, зираворлар бозори бўлмиш Сук ал Бусурия тепалигига етганимизда чоғи, мен ундан аёл эрини нега сотганини сўрадим.

“Йўқчиликдан. Ҳар ҳолда бундай оғир замонларда энди унинг куни ўтиб туради, анави кишига бўлса отбоқар топилди”. У бир муддат сукутга чўмди. “Отлар унинг индамаслигидан хафа бўлишмайди, аёлларга эса бу ёқмайди”.

“Бувим ҳам сизни сотадиларми?”

У жилмайди. “Йўқ, бундай деб ўйламайман, ҳар гал мендан қутилмоқчи бўлганида, бирор янгиликни сўзлаб бераман, шунда бу унинг эсидан чиқиб кетади”, — деди у.

Ўша куни, мени сотиб юбормасликлари учун, аёлларга ҳар доим турли ҳикояларни сўзлаб беришни яширинча дилимга тугдим. Уйга кетарканмиз, яна бир режани пишитиб қўйдим.

“Ўша аёл эрини яхши кўрадими?” — деб сўрадим бувамдан.

“Албатта, хайрлашаётганда йиғлашганини кўрдинг. Уни сотиб олган харидор у истаган маҳал хотинини кўргани бориши мумкинлигини айтиб, тасалли берди”.

Ана энди менинг режам маромига етганди.

Уйга келгач, индамас, жиддий дадамни эски бозорда сотиб, унинг ўрнинга арзонгина бувамни, бунинг устига радио ҳам сотиб олишни таклиф қилганимда, онамнинг кўзи қинидан чиқиб кетаёзди.

“Аммо мен дадангни яхши кўраманку”, — деди онам кутганимдек, унинг бундай жавоби бутун оламга маълум эди.

Мен унга “Ҳечқиси йўқ, у сизни истаган маҳал кўргани келиши мумкин”, дея тасалли бердим.

“Йўқ, йўқ. Асло уни сотмаймиз, бувангни бўлса текинга оламиз”.

Ажабланарлиси шундаки, орадан бир ҳафта ўтиб, дадам онамга радио олиб берди. Балким миннатдорчилик эвазигадир. У замонларда бу матоҳ жуда қиммат турарди ва бир жиҳозга ўхшарди. Кўчамизда бундай дабдабали нарса Мишел дўхтирдан кейин фақатгина бизда бор эди. Шундай қилиб, қўшниларимиз қаҳва ичгани, қўшиқ, янгиликлар ва ҳикояларни тинглагани доим бизникига келадиган бўлишди. Баъзан дадам, радио токдан кўра кўпроқ қаҳва истеъмол қилади, деб жаврарди. Шунда мен онамга қараб cекингина пичирлардим: “Эски бозор”. У бўлса, маккорона кулиб қўярди.

 

Немис тилидан Гулноза Набиева таржимаси.