“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 1466 марта кўрилган.

Мен чиқардим қуёшни Шарқдан

 

Александр Сергеевич ПУШКИН

        ҚУРЪОНДАН ИҚТИБОС

 

        П.А. Осиповага бағишланади

                                       I

Онт ичаман жуфту тоқ ҳаққи,

Қилич ҳаққи, ғазоват ҳаққи,

Онт ичаман мен Зуҳро ҳаққи,

Хуфтондаги ибодат ҳаққи:

 

Айт-чи, сени қачон тарк этдим?!

Мен гўшаи таскин ичра, айт,

Бошин силаб, кимни беркитдим

Синчил нигоҳ таъқиб этган пайт?!

 

Мен эмасми, сен – ташна учун

Саҳро сувин йўкдан бор қилган?

Мен эмасми, тилингни бутун

Ақлларга ҳукмдор килган?

 

Мардона бўл, ёв бил ёлғонни,

Ҳақ йўлидан дадил юр, марғуб,

Етимларни суюб, Қуръонни

Қулларимга айлагил тарғиб.

 

                                       II

Эй, Расулнинг пок аёллари,

Устуворсиз жами аёлдан:

Сизга даҳшат – фисқ хаёллари.

Сиз оромбахш гўша ичра шан,

Маъсум яшанг: сизгадир мерос

Биби Марям ёпинган либос.

Садоқатли қалбни асрангиз

Ҳалол оғуш, қутлуғ ишқ учун,

Осийларнинг назари бу кун

Юзингизга тушмагай ҳаргиз!

 

Сизлар эса, эй саҳобалар,

Муҳаммадга бўларкан меҳмон,

Зинҳор уни ғайри йўл томон

Бошламоқдан қилинг тавбалар.

У илоҳий ваҳийга шайдо –

Яшар экан, боқмагай асло

Мадҳиялар, ҳиссиз сўзларга:

Шукр дея, эъзозлаб базмин,

Пок дил билан қилингиз таъзим

Уйидаги ёш канизларга.

 

                                       III

Қовоқ уйди, кўнгли ғашланиб,

Кўр шарпасин сезган пайғамбар:

Югурар-у, ёмонлик яниб,

Дилга рахна солишга кўрқар.

 

Каломулло, сенга, пайғамбар,

Берилмаган шаккоклар учун.

Тарғиб айла Қуръонни, магар

Осийларни зўрламоқ нечун!

 

Нимасига кеккаяр инсон –

Туғилгани учунми ожиз?

Қўғирчокдек яшаб нотавон,

Сўнг ўлгани учунми ожиз?

 

Тангри аввал ўлдириб фаршда,

Сўнг жон ато этганигами?

Кунларини қўриқлаб Аршда –

Қисматга жо этганигами?

 

Ё бергани учунми ризқ-рўз,

Зайтунни ҳам, хурмо, нонни ҳам?

Меҳнатини олқишлаб бесўз

Токзорни ҳам, пайкал, донни ҳам?

 

Сур тортади, бироқ, Исрофил;

Ерда қўпар қиёмат куни:

Онасидан безади ўғил,

Оғасини тарк айлар ини.

 

Қути ўчиб шунда қўрқувдан,

Барча энур Тангрини таниб

Ва осийлар қулар юзтубан

Ловуллаган ўтга чулғаниб.

 

                                       IV

Кўп қадимда, қодир Яратган,

Кибрдан маст ҳоким бир куни

Баслашмоқчи бўлди сен билан;

Босиб қўйдинг, лекин, сен уни.

Дединг: «Ерга бахш этиб ҳаёт,

Жазоларман ўлим билан бот,

Измимдадир менинг бор дунё».

«Мен ҳам, – деди у, – бериб ҳаёт,

Жазоларман ўлим билан бот:

Мен сен билан тенгман, эй Худо».

Лек сендаги илоҳий шахтдан

Ўчди осий такаббур уни:

«Мен чиқардим қуёшни Шарқдан,

Қани, чиқар ўарбдан сен уни!»

 

                                       V

Ер турғундир; гумбази само

Дастингдадир, дастинг толмагай,

У қуруқлик ё сувга асло

Қулаб, бизни босиб қолмагай.

 

Сен қуёшни ёқдинг, Яратган,

У ёритгай еру кўкни тек

Биллур ичра ёғду таратган

Зайтун мойи сингган пиликдек!

 

Яратганга сиғин, у қодир:

Жазирама кунда ҳимоя;

Булутларни кўкка йиғадир;

Бахш этадир оғочга соя.

 

У шафикдир: у Муҳаммадга

Очди порлоқ Қуръонни Аршдан;

Топинайлик нури абадга,

Кўзимиздан арисин туман.

 

                       VI

Кирмадингиз тушга беҳуда

Салла ўраб, айтиб такбирлар,

Қўлда тутиб қонли шамширлар

Сиз хандақда, қалъа устида.

 

Тингланг шодон даъват сасини,

Ўтли саҳро ўғлонлари, сиз!

Канизларни асир олингиз,

Бўлашингиз жанг ўлжасини!

 

Сиз енгдингиз: сизга шон кулар,

Қўрқоқларнинг аҳволи хароб.

ўазоватга бермади жавоб

Сирли тушга инонмай улар.

 

Суқланганча ўлжага бу дам,

Қилмишидан пушаймон, секин,

Қўшиб олинг, дерлар, бизни ҳам:

Сизлар эса рад этинг кескин.

 

Жангда шаҳид кетганлар албат

Жаннатмакон дея олди ном.

Улар энди дохилсиз ором,

Фароғатга чўмди то абад.

 

        VII

Қўзғол, эй хавфнок:

Бу тун ғорингда

Муқаддас чироқ

Ёнур тонггача.

Сидқий тоат-ла

Қувгил, пайғамбар,

ўамгин ўйларни,

Нопок рўёни!

Тонггача тоат,

Ибодат айла;

Арш китобини

Ўқи тонггача!

 

                                                       VIII

Виждонингни сотиб рангпар фақирлик узра,

Эҳсон сочма сен тамагир қўл билан сира;

Аршга мақбул бўлгай фақат тўлиқ саховат,

Маҳшар куни бўлиқ ҳосил берган ер монанд,

Уруғ сочган, бахтли ихлосманд,

У юз карра тақдирлагай заҳматинг албат.

Лекин агар бу дунёда феълинг қилиб тор,

Сен хасислик билан тутсанг гадога нисор,

Бахил кўлинг юмиб турсанг оғриниб, малул,

Билки: берган хайр-эҳсонинг харсангдан жала

Ювган гарддек кетар бирйўла, –

Яратганнинг даргоҳида бўлмагай қабул.

 

                                                       IX

Сўнг ҳорғин йўловчи шаккоклик килди:

Сув ила сояни Тангри деб билди.

Саҳрода тентираб уч кеча-кундуз,

Ҳарорат ва чангдан зўрға очиб кўз,

Боқаркан атрофга ноумид, нолон,

Хурмою қудуқни кўрди ногаҳон.

 

У танҳо хурмога отди ўзини,

Ёрилган тилию қақроқ кўзини

Оромбахш сув ила сарафроз этди,

Сўнг хачир ёнида уйқуга кетди

Ва ўтди устидан йиллар карвони:

Биру бор Тангрининг шудир фармони.

 

Келганда йўлчига уйғонмоқ они,

Кўз очиб тинглади олис нидони:

«Кўпданми уйқуга кетдинг саҳрода?»

У жавоб беради: «Кеча самода

Чошгоҳнинг қуёши кезарди юксак,

Чошгоҳдан то чошгоҳ ухлабман, демак».

 

Нидо дер: «Йўқ, йўлчи, ухладинг узоқ,

Ётганда ёш эдинг, қарибсан-ку боқ,

Боқ, хурмо ўрнида бир ҳовуч кукун,

Бу сувсиз масканда қуримиш бутун

Қум босган ул қудуқ – саҳро булоғи;

Боқ, ётар оқариб хачир чаноғи».

 

ўам билан оҳ тортди бир лаҳзалик чол

Қалтироқ бошини эгиб бемажол...

Мўъжиза рўй берди шу дам саҳрода:

Барига жон кирди, янги жилода

Яна бош силкиди эпкиндан хурмо,

Яна сувга тўлди қудуқ руҳафзо.

 

Оқарган сўнгаклар тикланиб бир-бир,

Вужудга кирди-ю, ҳангради хачир;

Йўлчи қувонч туйди, кучи жўш урди,

Қонида тирилган ёшлик гупурди;

Илоҳий бир ҳайрат қўзғолди унда:

Худони ёд айлаб йўл олди шунда.

 

                                                                                      1824

 

Рус тилидан Абдулла ШЕР таржимаси.