“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 807 марта кўрилган.

“МЕН ҒАЛАБА БИЛАН ҚАЙТАМАН!”

Дунёга донгдор ёзувчининг ўз волидасига битган хатлари

“Ботинингда кечаётган нимаики туйғу бўлса, уларнинг ҳар бирини зоҳирингга чиқариш ўринлимикин?..”

Худди шу сатрларни беқиёс мусаввир Ван Гог акасига ёзган мактубида ўта ҳассослик ҳамда ҳайрат ила баён этган, гўёким беадад санъат қаърига ғарқ бўлган инсоннинг нечоғли улкан қалб билан яшаш лавҳасини тасвир этгандек эди бу билан... “Одамнинг юрагида беаёв бир гулхан ловуллаб ётаркан-у, аммо биров ўша ўтни пайқай олмас экан, барча йўловчилар ўт олдидан бепарво ўтиб кетаверар, бутун бошли бир жоннинг дилида ўртанаётган оловни ҳеч қачон кўролмас, фақатгина ўша одам дарахт учига чиқиб, кўкка қараб ўрлаётган қуюқ тутунларгагина кўзи тушиб қолар ва шунда ҳам унга зиғирча эътибор бермай, ўша-ўша гўл ҳолларида миқ этмасдан ўз йўлида давом этиб кетавераркан. Шундай экан, биз – санъаткорлар умрбод ўз ичимиздаги ўша гулханни эҳтиёт қилишимиз, уни ўчириб қўймаслигимиз, ҳозирча ҳеч кимса бизни муҳим ҳисобламаса-да, бениҳоя катта матонат билан сабр қилмоғимиз лозимдир...”

Жуда кўплаб жаҳон намоёндалари Ван Гог тилга олган олов тафти ишқида ижод этиб, фақат санъат ва адабиёт кишилари бўлиб ҳаёт кечирдилар. Уларнинг кўпчилиги ўша гулханни бахт ва иноят деб билдилар, асарларига сингдирдилар, ўзлари ҳам ўтга сингидилар. Бироқ камдан-кам ёзувчиларгина ботиндаги оташ акси ила юзма-юз келиб, унга қарама-қарши равишда олишиб ўтдилар. Уларнинг наздида, аслида энг олий саодат ўз қалбинг билан ана шундай кураш ва ғалаён эди.

Жумладан, номи дунёга машҳур адиб, романнавис ҳамда драматург Томас Вулф ҳам алангали қалбини бутун жаҳон миқёсига гуриллаган ҳолида кўтариб чиқа олган энг ноёб истеъдодлардан биридир. Унинг бир-биридан оташли нутқлари ва пўртанали денгиз мисол гувиллаган руҳдаги битилган битиклари ёзувчининг “Онамга хатларим” номли қайдларида буткул аён бўлади ва биз Вулфнинг айнан шу ёзишмаларини ўқиганимиздан кейингина, ҳатто адибнинг катта-катта романларини ўқиб ҳам, биз ҳамон Вулф­ни теран англолмаганлигимизни тан оламиз. Т.Вулфнинг “Онамга хатларим”и ХХ асрнинг энг буюк ёзувчиларидан бирининг чинакам қалб акс-садолари бўлади.

Томас ўз қисматининг асил ҳунарманди эди, унга ишлов ё парвариш шарт эмасди, ҳаётнинг ўзи уни болаликданоқ чиниқтирган, аллақачон дунёга идроки зукко этиб тарбиялаб қўйганди. Вулфнинг отаси қабр тоши ясовчиси, онаси эса меҳмонхонада оддий оқсоч бўлиб хизмат қиларди. Бўлажак ёзувчи эса камбағал оиладаги саккиз боланинг энг кенжаси эди. У ўн беш ёшига қадар таҳсил олиш имконини тополмади. Бунинг аянчли сабаби: оиланинг фақирлиги эди. Ўн тўққиз ёшида Вулф Гарварднинг Санъат ва Фан олийгоҳига талаба сифатида қадам қўйди. 1921 йилнинг май ойлари ўртасида илк имтиҳонларини топширган авжи йигирма ёшлик навқирон йигитча Том онасига қуйидагича мактуб йўллаганди:

 

“Бўйнимга беҳад оғир юк олдим, ўша юк сенинг қанчалар мушфиқлигингни оқлаш юкидир, онажон! Башарти ўзимни ўзим енголмасам, уйга қайтишимни сен ҳеч қачон кутма! Қайта мен ҳақимда ҳеч вақт эшитмайсан, агарда шу ўғлинг ўз қалбидаги исёнга дош беролмай қолса... Лекин аксинча, мен ғалаба қилсам, оҳ, буни ўйлаш мен учун нечоғли фараҳ, у ҳолда мен яна уйга қайтиб, сени маҳкам қучмоқликка тайёрман, мунисам! Ўшанда сени севикли фахр ҳамда ўз-ўзимдан рози ҳолатда юзларингдан тўйиб-тўйиб ўпгумдир, онажон! Бироқ бу орада тентак ўғлингни биронта заифлик — худбинлик, мағрурлик, мутеликми забҳ этса, унда ўша йигитча тамоман мағлуб, ички ғалаёнларга таслим бўлгусидир.

Аммо сен ҳозирдан ғам емай тургин, азизам, гар толе қуши мажруҳ умид бошига қўнишни қисмат этса, мен бутун умр ҳеч қачон енгилмайман. Мен шундай ўйлайман, мангу енгилиш ғуссаси бу — сен ҳар нафасингда талпиниб бораётган “порлоқ қуёш” йўлининг ҳалокатидир! Ана шу менинг асл ўлимимдир... Фақат, онаизорим, фақатгина сен доимо ўғлингдаги ёлғиз бир ҳақиқатни ҳечам ёдингдан чиқармагин: Менинг юрагим бу — сен ва отамга нисбатан уммондек миннатдорчилик ҳамда абадий фарзандлик садоқатидир ва айнан шу куч мени мудом олдинга, шонли сафарлар сари ундовчи кучли стимулдир”.

Вулф юқоридаги хатидан сўнг тез орада Гарвард университетининг нуфузли дипломини қўлга киритди, аммо кейинги йили жонажон отаси ҳаётдан кўз юмди. Бу — мудҳиш кўргилик Томаснинг озурда кўнглига қаттиқ таъсир ўтказди, шу билан бирга унинг тақдирига ёзувчилик дардини тамға этиб босди. Лекин Вулф бу абадий фироқ ситамига чидади, ўз ичидаги куюк ҳасрат аламини қаламдан олди. Мана, унинг 1923 йил март ойида яна онасига ёзган хатидан айрим сатрлар:

“Биламан, юрагимдаги доғ асло кетмайди, биламан, бироқ мен унга камтарлик билан умрбод тавозе қилиб яшашга маҳкумман. Нетайки, мен шундай барқарор одамман. Бошқалар каби вақт алдовига учиб, ўтмишдаги кўргиликларимни эсдан чиқаролмайман. Ўта самимият билан шунга қаттиқ ишонаманки, мени тўхтатадиган ягона ҳокими мутлақ бу — телбалик, фалокат ва ёки... ўлимдир! Биламан, менинг ёзганларим оҳанжама ёш хонимларга, кеккайган киборлар ёки фаҳми паст яна кимларгадир ёқинқирмаслигини ўзим биламан, лекин мен ҳар бир сатримни фақат ҳақиқат, виждон ва матонатга йўғрилган алпозда битишимни улар билолмайди. Аммо вақтики келиб, менинг китобларимни ҳам бошга кўтарадиган бир замонлар келади, онам! Ўша кунгача майли, ўғлинг ҳамон энди атак-чечак қилиб юришни ўрганаётган гўдакдек умр кечириб тураверсин, майли... Фақат сен мени тушунасан, онажон, фақат сен ишонасан менинг барча-барча осмоний хаёлларимга, самовий тушларимга, шикаста умидларимга... Бироқ сендан ўтинчим шуки, ҳеч маҳал мендан шоҳларга ёқадиган асар ёзишимни илтимос қилма, ўтинаман, сўрама буни мендан! Ўз болангни ўзинг ҳалок қилма. Азиз адабиётга бўлган чуқур садоқатимга мени хиёнат эттирма, онажон! Биласанми, мен фақат ҳаётни ёзмоқчиман, бор рангу оҳанги ила фақат ва фақат ҲАЁТНИ ЁЗМОҚЧИМАН! Ҳаёт эса шакару шарбатдан иборат эмас доим, ва лекин у асил инсонни шундай усулда тарбият этади. Билсанг, Худоям ҳамиша ўз осмонида яшамайди, бу дунё ҳам ҳар даврда ҳақ бўлган эмас! Ҳаммаси ёмон ҳам эмас, ҳаммаси яхшиям эмас, ҳаммаси хунук эмас, бироқ бари гўзал ҳам эмас. Зеро, бу – ҳаёт, ҳаёт, ҳаёт – коинотда умрбоқий адолат мана шудир! У жуда шафқатсиз, меҳрибон, жоҳил, олижаноб, жўшқин, худбин, аҳмоқ, донишманд, гўзал, бадбашара, азобли, қувончли – бари-бари аралаш бўлган тўхтовсиз бир оқимдир бу. Мен буларнинг ҳамма-ҳаммасини ёзишни истайман, она! Мен уни, Ҳаётни топмоқлик учун, англаб етмоқлик учун ернинг барча пучмоқларигача етиб бораман ва... юрагим ёрилиб ўлмасимдан аввал шуларнинг барини қадрдон қоғозларимга ўта ҳаққоний ва гўзал тарзда тўкиб солмоқликни Парвардигордан ҳар онда тилайман.

Эҳтимол, бутун ер юзасида шу тилак каби ўта зерикарли ва оддий истак йўқдир, аммо мен дуо қилдим: ўз қалбимни, унда гуриллаётган оташни қоғозда намоён этишни ният қилдим. Она, ҳаёт менга не демак, биласанми? Ҳаёт — мен ёзаман ёки ўламан, демакдир!..”

Энг охирги хатларидан бирида Вулф волидасига шундай деб ёзган эди:

“Бизга ҳақиқий ўқитувчи ҳаётнинг ўзи экан. Ҳеч нарсага тоқат қилиб бўлмайди, аслида. Ҳеч нарса абадий эмас. Меҳру муҳаббатдан бошқа, буни мен кашф этиб билдим...

Онажон, онажон, ўлгунимча унутмайман, ғанимат ҳар нафасимда ёдда тутаман — сенинг барча меҳнату заҳматларингни ва бир куни уларнинг ҳақини сенга, албатта, қайтараман. Ўғлинг жуда буюк бўлади, она, мабодо тўсатдан ўлиб қолмасам, шаксиз, мен буюк бўламан, сен эса менинг онам сифатида роса машҳурликка эришасан! Ишон, мен бу сўзларимни ниҳоятда жиддийлик ҳамда дилгирлик ила айтмоқдаман, зеро, ўз қалбим ўзини ўзи енгишига оқибат ишонди! Бир куни бутун ер куррасида менга тенг келадиган биронта зот топилмас бўлади, она! Мен ғалаба қиламан, унутма: Мен уйга ғалаба билан қайтаман, она! Билиб турибман, бу тахлит сўзларни одатда ғирт аҳмоқларгина тилга олиши мумкин, бунақа ҳавойидек сўзлар ёлғиз аҳмоқларгагина тегишлидир, аммо майли, аҳмоқларни ҳам ўз ҳолига қўяйлик, қўлларидан келган ишни кўрсатиб қўйишсин улар ҳам, ҳатто енгилса ҳам уларнинг устидан кулмайлик – зотан, улар шунчаки аҳмоқлар эди...”

Мана шу мактубидан кейин ҳеч қанча вақт ўтмасдан, Вулф ўзининг “Уйингга қайт, болажоним” номли китобини ёза бошлади, бу унинг биринчи биографик асари эди. 1929 йилда чоп этилган худди шу асар Томас Вулф номини дунёга ёйиб юборди, уни шуҳрат чўққисига олиб чиқди. Ўшанда Вулф ҳали ўттизга ҳам чиқмаган эди. Орадан тўққиз йил ўтгач, бу ноёб қалб соҳибини умр чакалакзорларидан бедаво зотилжам касали ёзувчининг ўттиз тўққиз ёшига етишига атиги икки ҳафта қолган фурсатда ҳаётдан олиб кетди. Улуғ адибнинг дафн маросимидан бир кун ўтиб, “Нью Йорк Таймс” газетаси қуйидагича хабар ёзди:

“Унинг ботинида ҳали ҳаётга ва ижодга тўймаган батамом сарфланмас қувват, туганмас ғайрат ва саркаш ташналик мавж уриб ётарди. Лекин афсуски, айнан шу ғалаёнлар ёзувчини самовий юксакликка кўтарди-ю, то у ўша фазода яшагунича бўлмасдан, яна бир зумда уни ер қаърига маҳв этди. Аммо Томас Вулф деган улуғ ном тарих саҳифаларида мангу қолди”.

 

Инглиз тилидан Қандилат ЮСУПОВА таржимаси.