“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 1276 марта кўрилган.

ТУШ ҳикоя

Уильям Сомерсет Моэм

1917 йилнинг август ойида хизмат вазифам тақозосига кўра, Нью-Йоркдан Петроградга боришимга тўғри келганди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан у ерга Владивосток орқали боришни маслаҳат беришди. Мен эрталаб Владивосток бандаргоҳида кемадан тушиб, бир кунимни ушбу шаҳарда ўзим истаганимдан ҳам кўра, мароқлироқ ўтказдим. Транссибирь тез­юрар поезди агар ёдимдан чиқмаган бўлса, ўша куни кечки соат тўққизлар атрофида жўнаши керак эди.

Мен вокзал ресторанида тушлик қилдим. У ерда одам жуда гавжум ва тиқилинч бўлганидан, четроқдаги бир кичикрок столни танладим, стол ёнида биргина одам ўтирар ва унинг афт-ангори нимагадир мени ўзига жалб қилганди. Баланд бўй, норғул гавдали бу киши рус миллатига мансуб эди; унинг семизлиги мени лол қолдирди, бечоранинг қорни ниҳоятда қаппайиб кетганидан у столдан хийла узоқроқ ўтирарди. Унинг бармоқлари жуссасига нисбатан кичикроқ бўлиб, назаримда панжалари тугаши биланоқ билаклар эмас, балки улар ўрнига бўрсилдоқ сонлар осилиб тургандек туйиларди. Узун ва ингичка сочлари бошининг тепа қисмидан ёнламасига ҳафсала билан таралган бўлиб, назаримда у шу тарзда тепакалини беркитарди; унинг кенг мўл ва ияклари остида иккита бағбақа ҳосил қилган сарғиш юзи, гарчи обдон қиртишланган бўлса-да, ортиқча ялтираб турганлиги боис кишида нохуш кайфият туғдирар, кичкинагина бурни эса гўё унинг бесўнақай башараси ичида миттигина чучварадек кулгили кўринарди; унинг тим қора, ёниб турган кўзлари ҳам бироз кичик, чўғдек қизариб, қимтиниб турувчи лаблардан иборат оғзи аксинча, ўта беўхшов ва ҳайбатли эди. Ҳартугул бу одамнинг кийиниши бир нави, устидаги кийимларига чидаса бўларди: унинг эгнида ҳали кўп кийилмаганига қарамай бироз уринган қора костюм бўлиб, назаримда унга сотиб олингандан бери на чўтка ва на дазмол теккан эди.

Ресторандагилар яхши хизмат қилмас, ёнингизга официант чақиришнинг ҳам иложи йўқдек туйиларди. Тез орада биз бир стол теграсида ўтирган шеригим билан суҳбатга киришиб кетдик. У инглиз тилини бинойидек билар ва равон гапирарди. Тўғри, талаффузида бироз ноқислиги бор эди-ю, аммо бу тингловчига оғир ботмасди. Шеригим суҳбат асносида кимлигим, келгусида нима ишлар қилишни режалаштираётганим ва ҳоказо, ҳоказолар тўғрисидаги саволларга кўмиб ташлади. Ўша пайтдаги хизматим моҳиятига кўра, ҳар кимга ҳам ошкор қилинавермаслиги туфайли суҳбатдошимнинг саволларига ташқи жиҳатдан очиқ ва рост туйилувчи жавобларни бердим, холос. Аслида, айтганларимнинг бари самимиятдан, ҳақиқатдан анча йироқ эди.

Унга ўзимни журналист деб таништирдим. У мендан: “Ҳаётингизда ҳеч бадиий ижод йўналишида, айтайлик, енгил ўқиладиган насрий асарми, ҳикоями, хотирами, бошқа нарсаларми ёзишга тўғри келганми?” дея сўради. Саволига жавобан, асосий ишдан бўш пайтимда бадиий йўналишда ҳам қалам тебратиб туришимни айтдим. Шунда у ҳозирги рус ромманнавислари хусусида гапира кетди. У худди зиёлилардек сўзлар ва унинг яхшигина таълим олгани шундоққина кўриниб турарди.

Суҳбат асносида биз официантга икки тақсимчада шовул ва карам солинган кўкатшўрва келтиришни буюрдик. Шеригим чўнтагидан унча катта бўлмаган арақ шишасини олиб, ўзи билан ичишимни сўради. Билмадим, бу арақнинг таъсиримиди ёки ҳамсуҳбатимнинг табиати асли шундаймиди, ҳар ҳолда, кўп ўтмай у, мен сўрамасам ҳам, азбаройи очиқлик билан ўзи ҳақида анча-мунча нарсаларни сўзлаб берди. Яглишмасам, у ўзининг келиб чиқиши асилзодалардан эканлигини, касби ҳуқуқшунослиги, эътиқодига кўра, радикаллигини айтди. Ҳукуматдагилар билан бўлиб ўтган аллақандай нохуш можаролар туфайли узоқ муддат хорижда яшашига тўғри келибди, бироқ энди мана, уйига қайтаётган экан. Баъзи ишлари туфайли Владивостокда бироз муддат ушланиб қолибди, аммо бир ҳафтадан сўнг у Москвага жўнаб кетмоқчи экан; шунингдек, у мабодо, Моск­вага йўлим тушгудай бўлса, ўзини, албатта, қидириб топишим лозимлигини ва бундан у ниҳоятда хурсанд бўлишини маълум қилди.

— Сиз уйланганмисиз? — сўради у мендан.

Дабдурустдан берилган бу саволдан бироз ҳайрон қолган бўлсам-да, лекин: “Ҳа,уйланганман”, — деб жавоб бера қолдим. У оҳиста хўрсиниб қўйди:

— Мен эса бўйдоқман. Бир вақтлар Швейцариялик аёлга уйлангандим; хотиним Женева шаҳрида туғилганди. Ўқимишли, аломат аёл эди-да ўзиям. Инглиз тилини сув қилиб ичворганди, шунингдек, немис тилида ҳам, италян тилида ҳам бир хилда бийрон гапирар, француз тилини-ку айтмай қўяқолай, илло бу — унинг ўз она тили эди. Рус тилидаям бошқа ажнабийларга қараганда, анча дурустроқ сўзлашарди, талаффузи ҳам тоза эди.

У ёнгинамиздан турли егуликлар билан лиқ тўла патнис кўтариб ўтаётган официантни чақирди ва менинг тушунишимча: (дарвоқе, мен рус тилини яхши билмайман)

— Сенинг овқат келтиришингни тағин қанча кутишимиз керак? — дегандай гап қилди. Официант унга жавобан қисқагина бир сўзни айтди-ю, бош­қа хўрандалар олдига ошиқди, назаримда бу айни кутилган ибора эди шекилли, шеригим тинчланиб, “хайрият” дегандек, уф тортиб қўйди. Ке­йин эса:

— Февраль инқилобидан кейин рес­торанлардаги хизмат сифати ҳам расво бўлиб кетди-да, — деди.

У шундай дея туриб, навбатдаги, агар янглишмасам нақ йигирманчи сигаретини тутатди. Мен бўлсам соатимга қараб олдим-да: “Энди поездга ўтиришдан олдин қаерда, бамайлихотирроқ ва тузукроқ овқатланиб олсам экан”, — деб ўйлай бошладим.

— Хотиним, чиндан ҳам жуда ғаро­йиб эди, — дея гапини давом этарди рус шеригим. — У Петрограддаги зодагон ойимқизлар учун очилган энг нуфузли ўқув муассасаларида мусиқадан сабоқ берарди. Биз у билан узоқ йиллар аҳил-иноқ турмуш кечирдик. Аммо у табиатан жуда рашкчи бўлиб, бахтга қарши мени ниҳоятда қаттиқ севарди.

Унинг гапларини тингларканман, юзимдаги жиддийлик ифодасини зўрға тутиб турардим. Илло, суҳбатдошим, шу тобда умрим давомида учратган одамлар орасида энг ёқимсизи ва иркити бўлибгина қолмай, балки ўтакетган мижғови ва бемаъниси ҳам бўлиб туйилаётганди. Ҳолбуки, одатда, қизилюзли семиз ва бақалоқ кишилар анчагина ёқимтой бўлишарди. Лекин бу шўртумшуқ ҳамсуҳбатимнинг ҳайбати ҳам, дарди-алами ҳам алланечук ёқимсиз эди.

— Тўғри, мен ҳамма вақт ҳам унга садоқатли бўлганман, деган даъводан йироқман. Турмуш қурганимизда у ёш эмасди ва бизларнинг никоҳимиз роппа-роса ўн йил давом этди. У кичкинагина, озғин боз устига қомати ҳам беўхшовроқ эди. Аммо тили заҳаргина эди бояқишнинг. У мени гўё ўзининг шахсий буюми ўрнида кўрар ва агар бирор бегона аёл мени ёқтириб қолгудек бўлса, бундан ғазабланиб жазавага тушарди. Хотиним мени нафақат ўзимга таниш аёллардан, балки қадрдон дўстларимдан, севимли китобларимдан, ҳатто мушугимиздан ҳам рашк қиларди. Бир гал мен уйда йўқлигимда у энг яхши кўрадиган пальтомни кимгадир бериб юборибди, денг, нега бундай қилганининг сабабини сўрасам: “Сиз шу пальтонгизни ҳамма нарсадан кўпроқ яхши кўрасиз”, — деса бўладими, ҳайратдан анг­райиб қолганман..

Аммо мен табиатан анча босиқ одамман. Хотинимнинг бу қилиқлари ғашимга тегмасди, десам ёлғон бўлади. Бироқ, мен шунда ҳам, унинг турли аччиқ-тиззиқ гапларига кўникиб кетганимдан ортиқча эътибор бермас ва буни истамас ҳам эдим. Негаки, унинг феъли шунақа эди-да; бу хусусият унга қон билан кирган, буни баайни табиат ҳодисасидек қабул қилардим. Ахир қайси бир маънили одам нохуш об-ҳаводан ёки тумовдан хафа бўлиб ўтирди, дейсиз. Мен унинг турли айбловларини, ортиқча маломатларини имконим борича рад этардим, лекин бунинг иложини тополмай қолсам, индамайгина елкамни қисиб, сигарет тутатардим, холос.

Хотинимнинг жаҳлимни чиқариш учун ўйлаб топадиган доимий жанжаллари-ю, машмашалари менга деярли таъсир қилмай қўйганди. Тўғри, баъзида ўзим ёлғиз қолган кезларда: “Хотиним мени жонидан ортиқ яхши кўрадими ёки кўргани кўзи йўқмикан”, дея ўйлаб қолардим. Бинобарин, одатда, бу икки туйғу бир-бири билан боғлиқ; муҳаббат билан нафрат ораси қилча бўлади, деган гаплар ҳам бор.

Биз у билан то умримизнинг охиригача ана шу тарзда яшаб ўтишимиз ҳам мумкин эди. Агар... агар кунлардан бир куни, ҳаётимиздаги ўта ғайриоддий ва ғалати бир воқеа содир бўлмаганида, албатта. Ўшанда кечаси ярим тунда мен хотинимнинг аянчли чинқириғидан уйғониб кетдим. Азборойи чўчиб кетганимдан, тўшакдан туриб ҳам ўтирмай, ундан нима гаплигини сўрадим. Хотиним даҳшатли туш кўрганлигини: тушида гўё мен уни ўлдирмоқчи бўлганимни айтди. Биз ўшанда бир ҳашаматли уйнинг юқори қаватида яшардик; уйнинг айланма зиналари оралиғи анчагина кенг бўлиб, бамисоли тубсиз қудуқдек кўринарди. Хотинимнинг тушида, биз иккимиз ана шу зиналардан юқори қаватга кўтарилганимизда, мен уни икки қўлим билан маҳкам қучоқлаб, зинага ўрнатилган ҳимоя тўсиқларидан пастга улоқтириб ташлашга ҳаракат қилган эмишман. Дарҳақиқат, зинанинг пастига мармар ётқизилган бўлиб, бу ердан қулаган одамнинг тил тортмай ўлиши муқаррар эди.

У қўрқинчли туши таъсиридан ҳамон ўзига келолмас, мен уни тинчлантириш учун қўлимдан келганча ҳаракат қилардим. Бироқ, орадан бир кун ўтиб ва ундан кейинги кунларда ҳам у ўша бехосият туши тўғрисида гапиришдан тўхтамасди; мен унинг хаёлида юз берган бу бемаъниликнинг устидан қанча ҳазил-мазах қилиб эрмаклашимга қарамасдан, ўша гапларни такрорлайверишидан билдим-ки, бу фикр унинг миясига қўрғошиндек мустаҳкам ўрнашиб қолганди. Гапнинг индаллосини айтганда, энди менинг ўзим ҳам ўша туш ҳақида ўйлай бошлагандим. Илло, бу туш менга, шу пайт­гача ўзимга номаълум бўлган, аниқроғи, хаёлимнинг кўчасига ҳам келмаган ниманидир ойдинлаштиргандек эди. Хотинимга гўё мен уни ёмон кўрадигандек ва доим ундан қутилишни истаб юрадигандек туйилаверарди. Наздимда, у ўзининг қилғиликлари баъзан чидаб бўлмас даражага етишини англар ва ҳатто айрим пайтлари мен уни ўлдириб қўяқолишим мумкинлиги ҳақида ҳам ўйларди, чоғи.

Инсон ўй-хаёлларининг ройиши турлича, одамзод хаёлот йўналишини ҳеч қачон олдиндан билиш ёхуд унга аввалдан иқрор бўлиш мумкин эмас; гоҳида миямизга шундай фикрлар келадики, уларни бировга айтишга ҳам уяласан киши. Баъзида мен хотиним ўзига бир жазман орттирса-ю, унинг билан бирга қочиб кетса, ажойиб иш бўларди, деб ўйлардим, ёки бўлмасам, бирорта осонроқ ўлим топадиган дардгами, фалокатгами дучор бўлса-ю, мен озодликка чиқсам, дердим; лекин зинҳор-базинҳор уни ўз қўлларим билан ўлдириб, бу дардисардан ўзимни халос этишим мумкинлиги ҳақидаги фикрга бормаганман.

Ўша мудҳиш туш бизнинг иккимизга ҳам кучли таъсир кўрсатганди. Хотинимни у жуда қўрқитиб қўйди; энди у ўзининг заҳар тилини тийиб, ўзаро муносабатларимизда менга хийла ён боса бошлади. Аммо мен зинадан юқорига, ўз хонамизга кўтарилар эканман, ҳар гал зина тўсиқларига бир бора эгилиб, хотинимнинг тушига кирган мудҳиш жиноятни амалга ошириш қанчалар осон ва жўн иш эканлиги ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим. Зина ёнидаги тутқичлар чиндан ҳам жуда паст ва ўта хавфли эди. Биргина тезкор ҳаракат билан бу ишни ҳал этиш мумкин. Миямни тинмай пармалаётган бу елимшак фикрдан қутулишим осон эмасди.

Орадан бир неча ой ўтиб, хотиним яна мени ярим тунда турткилаб уй­ғотди. Ниҳоятда чарчаб ухлаганимдан унинг бу қилиғидан жаҳлим чиқди ва ғашим келди. Қарасам, унинг ранги нақ докадай оқариб кетиб, тинмай қалтирарди. Айтишича, тушига яна ўша мудҳиш воқеа кирибди. У “ҳиққиллаганча” йиғлар экан, мендан: “Сиз мени ростдан ҳам шунчалар ёмон кўрасизми?” — дея сўради. Мен уни юпатиб, бағримга босдим, ўзим билган барча авлиёю анбиёларнинг номини айтиб, зинҳор хотинимни ёмон кўрмаслигим ва уни севишим ҳақида қасам ичдим. Ниҳоят у хотиржам тортиб, уйқуга кетди. Дарҳақиқат, уни тинчлантириш, кўнглига таскин бериш учун қўлимдан келганча уриндим. Шундан кейин жойимга чўзилдим, ўрнимда ётибман-у, лекин сира ухлай олмасдим. Шу тобда мен хотинимнинг айланма зиналар орасидаги бўшлиқ қаърига гурсиллаб йиқилганини, унинг танаси пастдаги мармар тошларга қандай урилганини кўргандек ва ҳатто унинг сўнгги фарёдини ҳам эшитгандек бўлдим. Бу даҳшатли ҳолатни тасаввур қилишнинг ўзиданоқ этим жунжикиб кетди.

Шундан сўнг ҳамсуҳбатим жимиб қолди, унинг пешонасида бир неча йирик тер томчилари кўринди. Ўз ҳикоясини у жуда жўяли ва таъсирчан қилиб сўзлаётганидан, мен уни жон қулоғим билан эшитардим. Шишада тағин озгина арақ қолганди; у қолган арақнинг ҳаммасини қадаҳга қуйди-да, бир кўтаришда сипқориб қўя солди.

Хўш, шундай қилиб, хотинингиз, кейинчалик, нима сабабдан ўлганди ўзи? — дея сўрадим, мен унинг ҳикоя­сини жуда қизиқ жойида тўхтатиб қўйганлигига сабрим чидамай.

Ҳамсуҳбатим ён чўнтагидан ювилмаган, иркит дастрўмолини олиб пешонасидаги тер томчиларини ҳафсала билан артди.

— Воқеа-ҳодисаларнинг ғалатилигини кўринг-ки, бир куни унинг жасади айнан ўзи айтган зиналар остидан топилди. Тепадан қулаб тушганида шўрликнинг бўйни чўрт синиб, боши мажақланиб кетибди.

— Жасадни ким топибди?

— Уйимизда истиқомат қиладиган қўшнилардан бири, у ўша мудҳиш воқеа содир бўлгандан кейин уйга кирган биринчи киши экан.

— Сиз қаерда эдингиз?

Суҳбатдошимнинг бу саволга жавоб бераётганида юзи нақадар машъум­ ва муғомбирона ифода касб этганлигини сўз билан тасвирлашга ожизман. Наздимда, унинг кичкинагина, киртайган кўзларида алланечук ваҳшатли учқун ялтиллагандек бўлди.

— Мен ўша оқшом бир дўстимникида зиёфатда эдим. Уйга воқеа содир бўлгандан чамаси бир соатлар кейин қайтдим.

Шу пайт официант биз буюртма қилган яхна гўштни ҳам келтириб стол­га қўйиб кетди. Суҳбатдошим жуда катта иштаҳа ва ҳафсала билан овқатланишга тушди. У йирик-йирик гўшт лаҳмларини оғзига солар ва деярли ямламасдан ютаётгандек эди.

Мен ҳайрат ва ҳаяжондан донг қотиб ўтирардим. Наҳотки, у ҳозир мана шу ерда, менинг олдимда жуда мураккаб ва чигал тарзда. коса тагида нимкоса услубида, ўз хотинини ўлдирган қотил эканлигига иқрор бўлаётган бўлса? Бу давангирдай хомсемиз ва тепса тебранмас одам сира қотилга ўхшамасди; мен унинг бундай разилона жиноятни амалга ошириш учун ўзида журъат топишига зин­ҳор ишонмасдим. Тағин ким билади, дейсиз? Балки, унинг менга шунчаки бир қўпол ҳазил қилгиси келгандир?

Бир неча дақиқа ўтгач, мен ҳамсуҳбатим билан хайр-маъзур қилдим-у, поездга кечикмаслик учун ўрнимдан қўзғалдим. Шундан сўнг уни қайтиб учратмадим. Аммо орадан шунча йиллар ўтса-да, ҳамон у ўша рус кишиси менга рост гапирганмиди ёки ҳазиллашганмиди, буни ҳеч тушуниб етолмайман.

Рус тилидан Муҳиддин ОМОН таржимаси

 

Муҳиддин ОМОН – шоир, таржимон, ношир. 1963 йилда Самарқанд вилояти Пойариқ туманидаги  Қоракесак қишлоғида туғилган. 1985 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетини   тугатган.

Айни пайтда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг  масъул ходими.