“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Таржима
  • 1558 марта кўрилган.

ОНАМ ҚАНДАЙ ЁЗАРДИ? (Марина Цветаева ҳақида хотиралар)

Ариадна Эфрон

Ҳамма ишлари, кечиктириб бўлмас юмушларини белгилаб, эрта тонгдан тиниқ бош ва оч қорин билан ишга ўтирарди. Қайнаб турган қора қаҳвасини ёзув столига қўярди. Бу шундай кундалик ишга айлангандики, у оддий столга эмас, иш столига келгандай эди. Бу ишни қилмаса, қилолмаса – ёзолмасликдан қийналарди.

Стол устидан бор ортиқча буюмларни бир томонга йиғиштириб, дафтар ва тирсаклари учунгина жой қолдирарди. Қўлини пешонасига тираб, бармоқлари билан сочини тарар, ўйларини жамларди.

Ёзаётганда ҳеч нарсани эшитмас, гўё бу оддий қўлёзма эмас, балки бор туйғуларини ютаётган фикр ва қаламнинг қудрати эди. У алоҳида варақларга эмас, ҳамиша дафтарга ёзарди. Ҳар қандай – ёзув дафтарларидан тортиб, то гроссбух (бухгалтерия иш дафтарлари)гача ишлатарди, асосийси, бўёқ чапланиб кетмаса кифоя эди. Инқилоб йилларида дафтар тақчил бўл­ганда қоғозлардан дафтарларни ўзи тикиб оларди. Оддий қаттиқ ёғочли ручкада ингичка мактаб перосида ёзарди. Бўёқли ручкалардан сира фойдаланмасди. Вақти-вақти билан чекиб, қаҳва ичиб қўярди. Сўз жарангини эшитиш учунми, ғудраниб-ғудраниб оларди. Ўрнидан туриб кетмасди, хона бўйлаб айланиб юрмасди, аксинча, қадалгандек, михлангандек стулда ўтирар, столдан нари кетмасди.

Илҳоми келса, асосийсини ёзиб оларди, буни ҳайратли даражада тез уддаларди. Хаёлларини жамлаб, шеърнинг қора ишларини қиларди – керакли сўз туркумлари, сифат, қофияни изларди, матн тайёр бўлгач, гўё унга шўнғиб кетарди, қайта ишлашдан чарчамасди. Айтайлик, фикр ва туйғуларнинг уйғунлигига эришиб, кетма-кет қофиялар, турли-туман сатрлар қуйилиб келса, кераксиз деб билган сатрларни чизиб ташламай, белгилаб қўяр, улардан янги нимадир яратишга уринарди. Катта асар – катта иш бошлашдан аввал унинг бор моҳият-мазмунини охиригача пишиқ ўйлаб олар, қурар, режалар тузар, ўзига дам бермас, ўша оқим – ўша ҳолат – ўша руҳдан чиқиб кетмасликка тиришар, бундай пайтда уни фақат илҳом, ижод бошқарарди. Ҳуснихати ўзига хос чиройли, аниқ эди. Уни ўқимоқчи бўлган ўқувчи ўсиб бораётган қисқартмаларга ҳар қадамда дуч келар; кўпгина сўзлар сўзнинг биринчи ҳарфи билан белгиланар; борган сари қўлёзмалар қўлёзманинг қўлёзмасига айланарди. Ёзув характери жуда эрта, болаликданоқ бошланган эди. Аслида, ёзувга нисбатан бефарқликни ўқувчига нисбатан ҳақо­ратга тенг бефарқлик деб тушунарди. Ҳар қандай муҳаррирга, терувчига ҳурмати баланд эди. Шунинг учун ҳам оққа кўчирадиган матнларни чиройли ёзувда ёзар, айниқса, босмахонага юборадиган қўлёзмаларга алоҳида эътибор берарди. Хатларга кечиктирмай жавоб ёзарди. Эрталабки почтадан хат келса, қўлёзмаларини четга суриб қўйиб, хатнинг жавобини ўзи ёзиб ўтирган дафтарнинг бир четига ҳам ёзиб қўяр, буни ижоднинг бир оқими деб ўйларди. Хатларга ҳам ижодга қарагандай қарар, қўлёзмаларидай қадрларди.

Баъзан дафтарига кун давомида яна қайтиб келарди. Тунда фақат ёшлик пайтларидагина ишларди. Иш пайтида ҳар қандай ҳолатни руҳига бўйсундирарди, таъкидлайман: ҳар қандай! Меҳнатсеварлик қобилияти ва ички туйғуларнинг уйғунлиги унинг шоирлик истеъдоди билан баробар эди. Ишлаб бўлгач, дафтарини ёпиб, деразасини очарди – олддаги куннинг барча ташвишлари ва заҳматларига бағрини тутгандай...

 

Ойгул СУЮНДИҚОВА таржимаси.