“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МАЪНАВИЯТ МАВЗУСИ КУН ТАРТИБИДАН ТУШМАЙДИ

МАЪНАВИЯТ МАВЗУСИ КУН ТАРТИБИДАН ТУШМАЙДИ

— Она Ўзбекистонимиз эришган барқарор ривожланиш самараларини, эртанги юксак тараққиётимиз кафолатларини бугун фақат кўнглида заррача инсофи қолмаган кимсагина кўрмаслиги, эътироф этмаслиги мумкин. Ахир Юртимиздаги адолат, қонун устуворлиги, маънавият, маърифат, инсоний мулоқот маданиятининг қанчалар муҳим ўрин тутиши бутун дунёга ўрнак, десам муболаға бўлмайди. Айниқса, амалга оширилаётган маънавият билан боғлиқ ишлар бутунжаҳон афкор оммасининг диққат марказида турибди ва эндиликда дунёнинг ривожланган давлатлари ҳам бу борада юртимиз билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Юртбошимизнинг биргина “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарининг бир неча тилга таржима қилиниб, ўрганилгани ва мамлакатлар ўртасида жорий этилгани гапимнинг исботидир.

Шундан келиб чиқиб, ўтган йилда ҳам айнан миллий маънавиятимиз, маърифатимиз ривожига ҳисса бўлиб қўшиладиган қатор нашрларни амалга оширдик. Жумладан, йил давомида Республика Маънавият ва маърифат кенгаши ҳомийлигида «Маънавият тарғиботчисига ёрдам» туркумида 34 номдаги рисола чоп этиб жойларга етказилди. Профессор М. Қуроновнинг «Огоҳлик: тарих ва замон сабоқлари» номли китоби ҳам маънавий-мафкуравий тарғибот ишларимиз самарадорлигини таъминлашда асқотиши тайин.

«Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекис­тоним!» номли услубий қўлланма эса таълим муассасаларимизда вояга етаётган барча ўғил-қизларимизнинг истиқлол берган улкан имкониятлар, самаралар ва марраларимиздан воқиф бўлишида беминнат хизмат қиляпти.

Юқорида таъкидлаганимдек, нашриётимиз ўз номига содиқлигини ҳатто дарсликлар сарлавҳасидан ҳам англаб олсак бўлади. Жумладан, ўтган йилда умумий ўрта таълим мактабларининг 5-6 синфлари учун «Ватан туйғуси», 7-8-9 синфлар учун эса «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари» дарсликларини катта нусхаларда чоп этдик. Шуниси эътиборлики, мазкур дарсликлар республикамизда таълим-тарбия бериладиган барча қардош тилларда ҳам нашр этилди.

2015 йил — «Кексаларни эъзозлаш йили» муносабати билан бизнинг нашриётимизга «Кексаларимиз — хонадонларимизнинг файзу фариштаси» номи остида 8 та плакатни ўз ичига олган рангли туркумни чоп этиш ишониб топширилган эди. Бу иш ҳам ўз вақтида ва юқори сифатда адо этилди. Бундан ташқари, таниқли публицист Муртазо Қаршибоевнинг мазкур йил мазмун-моҳиятини теран очиб берган «Элда эъзоз топган кексалар» номли китоби кўпчиликнинг самимий эътирофига эришди.

Қисқа қилиб айтганда, 2015 йилда нашрга тайёрлаб чоп этганимиз барча маҳсулотларимиз ҳам қай бир жиҳати билан азиз ўқувчиларимиз кўнглидан жой топа олган бўлса, бизга бундан ортиқ қувонч йўқ.

Бу йил режа-мўлжалларининг ҳаммаси тўғрисида олдиндан очиқ гапириб қўйиш — тобора кенгайиб бораётган ноширлик бозорида сирни ошкор қилиш билан баробар бўлишини яхши тушунасиз. Шундай бўлса ҳам, нашрга тайёрлаётганимиз айрим китобларни санаб ўтишим мумкин. Жумладан, гарчи икки маротаба катта нусхаларда чоп этилмасин, ўқувчиларини топиб кетган И. Буничнинг «Партиянинг олтинлари» китобини (устоз Озод Шарафиддинов таржимасида) қайта нашр этмоқчимиз.

Бундан ташқари, маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитратнинг 5 жилдли тўла асарлар тўпламини, ёшлигида қатағон қурбони бўлган истеъдодли шоир Ботунинг танланган асарларини, йирик адабиётшунос Б. Қосимовнинг чуқур илмий-маърифий таҳлиллардан таркиб топган мақолалар тўпламини ва бошқа шу сингари ўқишли китобларни чоп этиш келгуси йилдаги эзгу ишларимиз бўлажак.

Суннат АҲМЕДОВ,

«Маънавият» нашриёти директори