“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ИМТИҲОНЛАР ЯҚИН...

ИМТИҲОНЛАР ЯҚИН...

Ўтган куни Тошкент давлат маданият ва санъат институтининг Экран ва саҳна драматургияси факультетига ҳужжат топширдим. Танлашдан аввал иккиланишлар бўлди, албатта. Ўйлаб кўрсам, тўғри йўлда эканман. Негаки келажагимни боғлаганим – таржимонлик соҳаси учун энг мос йўналиш айни шу. Чет тилларини, шеър ё наср таржимасини мустақил ўрганишим мумкин, аммо драматик таржима учун алоҳида билим ва кўникма талаб этилади. Зеро, мақсадим ҳам ўзбек таржимачилик мактабида драматик таржима йўналишини ривожлантириш эди.

Ҳужжат топширётган вақтим руҳимда Софоклнинг нафасини, Стейнбек шивирию ҳали асарлари ўзбекчада жаранг­лашини кутиб турган Южин О’Нилл, Дарио Фо каби улуғ драматургларнинг далдасини ҳис қилдим. Қароримни қайта таҳлил қилиш жараёнида Ҳарольд Пинтер, Гюнтер Грасс, Эжен Ионеско, Сэмюэль Беккет каби улуғларнинг қисқа, бир пардали пьесаларини қачонлардир тажриба учун таржима қилганимни, Набоков каби постмодернистларнинг, Эсхил каби антик драматургларнинг кўплаб ижод намуналари ҳали келажак таржима рўйхатларида қолиб кетаётганини эсладим.

Ўзимча нималардир ёзиб, нималарнидир хаёл қилиб кўрдим. Усмон Азимнинг “Ҳалил Султон” тарихий фожиасига ёзган психоаналитик шарҳларимни, Қўчқор Норқобилнинг туркчага таржимасини бошлаганим “Қуёшни сен уйғотасан” драмаси қораламаларини, ўзимнинг саҳна учун ёзилган кичик-кичик фожиа-фантазияларимни қайта кўздан кечирдим. Муносибманми? Мендан кўра кучлироқ бошқа бир тенгдошимнинг йўлини тўсиб қўймасмиканман? Охири бир қарорга келдим: топшираман!

Топширишдан аввал драматург сифатида нималар қила оламан, нималар қилишим керак, деган саволларга жавоб беришга уриндим ва ўзим учун алоҳида рўйхат тузиб чиқдим:

1. Ўзбекистонда экспериментал театр ташкил қилиш ва унда жаҳон постмодернистик драматургияси дурдоналарини саҳналаштириш;

2. Жон Голсуорси, Эжен Ионеско, Ҳаролд Пинтер, Семюэль Беккет, Южин О’Нилл, Дарио Фо, Воле Шойинка каби замонавий театр дарғаларининг туркум асарларини ўзбек тилига таржима қилиш;

3. Ўзбек театрларида ХХI аср инсонининг дунёга муносабатини очиқ-ойдин, ҳеч қандай қўшимчаларсиз очиб бера олувчи драмалар яратилишига замин яратиш;

4. Ёшлар онгида дунёқарашини неореалистик жиҳатдан кенгайтирувчи драматик асарларни ўрганиш ва саҳналаштириш;

5. Театршуносликнинг ўзбек сегментида абсурд театри бўйича билим ва кўникмаларни ошириш, унга кўр-кўрона эргашиш, тақлид қилишдан сақланиш;

6. Жадид драматургиясини янгича ракусларда ўрганиш, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” асарида фрейдизм изларини тадқиқ қилиш каби назарий тадқиқотларни амалга ошириш;

7. Ўзбек театрларига халқнинг қизиқишини орттириш учун трагикомедия йўналиши орқали нафақат ижтимоий, балки умуминсоний-руҳий муаммоларни ҳам кўтариб чиқиш;

8. Драматик таржима мактабини шакллантириш.

Бўлажак драматург сифатида буларнинг қанчасини бажара олишим Ўзигагина аён.

Бугун мен ва мен тенгилар ҳаяжон ичра сўнгги япроқдек титраб турибмиз. Имтиҳонлар яқин, рўёблар яқин... Ҳамманинг ҳам талаба бўлгиси келади. Бўлсин! Орзуларимиз томон бир қадам қолди, қадрдон. Бир ғайрат қилсак етамиз, қолгани Худодан...

Мирзоҳид МУЗАФФАР