“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БАҒРИКЕНГЛИКНИ ИФОДАЛАГАН ШЕЪР

1941 йил 26 июнда «Правда Востока» газетасида ўзбек ёзувчиларининг мактуби босилиб чиқди. Мактубда бундай дейилган эди: «Фашизм жаҳон маданиятига ажал олиб келмоқда. Одамлик қиёфасини йўқотган фашистлар жаҳон маданиятининг буюк обидаларини ўтга солиб ёндиргани эсимизда...

Биз, Ўзбекистон ёзувчилари, мана шу даҳшатли уруш кунларида бутун халқ билан бир жон, бир тан бўлиб ғалаба учун курашамиз, найза билан қалам бизнинг қуролимиз бўлади».

«Улуғ Ватан уруши бошланган биринчи кунданоқ ўзимни сафарбар эълон қилдим, – деб ёзади Ғафур Ғулом. – Гитлерчи – фашист босқинчиларга қарши шеърлар аскарларини шакллантирдим».

Уруш йилларида серфарзанд оналар кўпдан-кўп ўғил-қизларни ўз қанотлари остига олиб, уларни ҳам ўз болалари қатори ювиб-тарадилар, ўраб-чирмадилар. Турли миллат болаларидан ўн тўрт нафарини ўз тарбиясига олган Шомаҳмудовлар оиласининг дов­руғи бутун мамлакатга ёйилди. Ўзбек халқининг ушбу хислатлари шоирнинг дунёга машҳур «Сен етим эмассан» шеърида ўз аксини топди. Уруш касофатидан сарсон-саргардон бўлган норасидаларнинг қисмати ўзбек шоирининг юрагига, айниқса, яқин эди. Ахир, унинг ўзи ҳам етимликни бошидан кечирганда, йигирманчи йилларда интернатга мудирлик қилганида, худди ана шундай жафокаш, аламдийда норасидаларга мураббий бўлган эди-да. Йўқ, ўзбек халқи бу гўдакларнинг бир кун бўлса ҳам етимлик азобини тортишга йўл қўймади.

Улуғ шоир ва адиб оч-­яланғоч, юпун кийинган болаларни ўзбек халқи меҳрибонлик билан кутиб олаётганларини ўз кўзи билан кўриб, таъсирланган. Мана шу воқеалардан ҳаяжонланиш, таъсирланиш натижасида «Сен етим эмассан» шеъри яратилган. Бу ҳақда марҳум шоирнинг рафиқаси Муҳаррам ая Ғуломова қуйидагиларни ҳиқоя қилиб берганлар: «1941 йилнинг куз ойларида фронт ичкарисидан қарилар, ота-онасиз қолган болалар Тошкентга вагон-вагон келтирила бош­ланди. Болалар келадиган кунлари Ғафур ака, албатта, вокзалга чиқардилар. У ерда етим, мурғак, нимжон болаларнинг аҳволини кўриб, қаттиқ изтиробга тушар, юраклари эзилиб кетганидан бир неча болани ўз тарбияларига ҳам олмоқчи бўлганлар. 1941 йилнинг июль ойида Яшар исмли 5 ёшли ўғлимиз вафот этган эди. Ўн етти ёшли, Ғафур акага ўғилдек бўлиб қолган Жўрахон исмли укам урушга кетиб ҳалок бўлганди. Икки ўғлидан кетма-кет ажралиш уларга қаттиқ таъсир қилганди. Ғафур Ғулом ота-­онадан ёш етим қолганлари, уч сингилларига ота ўрнида ота бўлиб уларни тарбия қилишда моддий-маънавий эзилганлари сабабли етимликнинг оғир фожиа­си уларнинг юракларида ўчмас из қолдирганди. Етим болаларнинг аянчли аҳволи кўнгилларини пора-пора қилиб юборар, айниқса, вокзалдан қайт­ганларидан сўнг тинч-осойишталигини йўқотиб, безовта бўлиб юрардилар. Биз ўша вақтларда эски шаҳардаги Қорасарой кўчаси 52-уйда яшардик. Ҳовлимизга киришда чап тарафда зина билан чиқиладиган икки уй, ўртаси катта айвон, унинг олдида эса яна бир панжарали тахта айвон бўларди. Ғафур ака ёз ойларида тонг саҳарда туриб, муздек сувда ювиниб, шу айвонда ижод қилардилар. Ҳовлимиз унча катта бўлмаса ҳам дид билан қилинган гулхона бор эди. Бир томонда ярми қизил, ярми сариқ қантак ўрик, бир томонда обинов­вот олхўри бўлар, ўртасида қатор атиргул, қизилгул, яна бир хил оловранг гул бўларди. Энг ўртасида ҳамма гуллардан баланд «президент» деган гул ўсарди. Атрофига эса ҳожирайҳон, садарайҳон экканмиз. Куз ойлари тугаб, совуқ тушиб қолгани сабабли деразаси ҳовли ва кўча тарафга қараган китобхона уйда ижод қилардилар. Кўча деразаси яқинига катта қизил хонтахта қўйилиб, атрофига кўрпачалар тўшалган, хонтахта ўртасида катта сиёҳдон, чап томонда эса «Куллиёти Мирзо Бедил» китоби турарди. Кеқурун хонадаги гулдонга ҳожирайҳон, садарайҳонлардан солиб қўяман, эрталаб уйнинг эшиги очилганда райҳоннинг муаттар ҳиди киши руҳиятини жонлантириб юборарди. Ҳар вақт биринчи бўлиб мен турардим, самоварга олов ташлагач Ғафур ака чиқар, ювиниб, ижодий ишлар билан шуғулланардилар. Бир куни мен чиқсам, китобхона уйнинг чироғи ёқилган, Ғафур ака шеър ёзмоқдалар. Эшикни очиб секингина салом бериб ичкарига кирдим. У киши шунчалик ҳаяжонланиб кетганларидан ҳаттоки менинг хонага кирганимни ҳам, салом берганимни ҳам сезмадилар. Астагина тепаларига яқинлашдим. Қўлларида шеър битилган қоғоз билан менга қарадилар. Шеър­ни аста ўқий бошладим, лекин бир саҳифа шеърни охиригача ўқий олмай йиғлаб юбордим. Чунки битилган сатрлар кишини йиғлатмасдан қўймасди. «Сен етим эмассан» шеъри шу тариқа ёзила бош­лаган эди. Узоқ ёзилди. Баъзи кунлар бир сатр ҳам ёзмай Бедил ўқиб ўтирар эдилар. Гоҳида эса бир-икки қоғоз ёзардилар. Шеър­ни 7 декабрда ёзиб тугатганлар, тугатганларидан кейин эса нашрга беришга шошилмадилар. Негадир кўнгиллари тўлмаётган эди. Шеърни бир неча марта қайта ишладилар. Январь ойининг охирларида газета редакциясига олиб бордилар. Шеър 1942 йилнинг 1 февралида «Қизил Ўзбекистон» газетасида босилиб чиқди».

Кўп ўтмай ушбу шеър Светлана Сомова таржимасида рус тилида нашр қилинди. Ўзбек халқининг бағрикенглигию инсонпарварлиги, болажонлигию меҳрибонлиги каби хусусиятларини ўзида акс эттирган ушбу шеър тез орада жанггоҳларда қўлма-қўл бўлиб тарқалиб кетади. «Ўзбек халқи фарзандларимизга меҳрибонлик кўрсатиб ўз бағрига олаётган экан», деган юпанч ила аскарларимиз душманга қарши нафрат билан жангга киришган.

 

Лутфулла ИЛҲОМЖОНОВ,

ТДИУ катта ўқитувчиси