“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Икки халқ ифтихори

Профессор Аббос Замонов буюк шоир Мақсуд Шайхзоданинг 1972–73 йиллар орасида чоп этилган сайланмасига ёзган сўзбошида уни “икки халқ фарзанди”, деб атаганди. Бу таърифнинг давоми ўлароқ, уни “икки халқ шоири”, “икки халқ ифтихори”, дея эътироф этиш ҳам тўғри, назаримда. Кўриниб турибдики, Мақсуд Шайхзода ҳар икки асрда ҳам озар ва ўзбек халқларининг қардошлиги, биродарлиги тимсоли сифатида кўзга ташланади. Дарҳақиқат, жуда кам ижодкорлар ҳам ўзи туғилган, ҳам ўзига нон берган ўлканинг чинакам фарзандига айланиб кета олганлар.

Шайхзоданинг номини адабиёт ичра танитган шеърлари содда тилда ёзилгани билан эътиборга молик. Булар Мақсуд муаллимнинг “Оқсоқол” ва “Тошкентнома” достонларидир. “Жалолиддин Мангуберди”, “Мирзо Улуғбек” каби трагедиялари эса уни чин маънода профессионаллар сафига қўшди. Ўзи туғилиб вояга етгани жой Оқтошда янги тур мактабда таҳсил олгани ва Бокуга келиб ўша даврнинг улуғ сўз санъаткорлари бўлмиш Ҳусайн Жовид, Абдулла Шоиқ кабилардан дарс олгани унинг ижодига таъсир қилмасдан қолмайди. Умрининг оҳирига қадар Шайхзода ижодида романтик тушунча ва романтик услуб унинг асосий йўли бўлиб қолди.

Шоирнинг ўтган аср ўттизинчи йиллар қаламга олгани “Рамз” ва “Шамоллар” шеърлари ўз романтик пафоси билан шеъриятга янги руҳ ва овоз билан улкан бир истеъдод кириб келаётганидан дарак берарди. Бу шеърларнинг қаҳрамонлари ўз руҳий дунёлари ичра бошқа дунёлар кашф этар, ўша дунёларда қанот чиқариб учишни орзу қилар эди. Шамолнинг телбанамо ошиқдек тасвирланиши, унинг лаблари билан соҳилларни ўпиши, афсонавий образ бўлмиш парига айланиши романтик услубнинг аломатларидан ҳисобланади. Ҳатто Микоил Мушфиқнинг Шайхзодадан аввал ёзган “Шамоллар” шеърини ўқиганингизда-да бу бир хил номли икки шеърнинг бир-бирига ҳиссий ришталар ила узвий боғланганининг гувоҳи бўласиз.

Мақсуд муаллимнинг 1937 йилда ёзилган “Қанотлар” шеъри ўз эпиграфи билан киши эътиборини тортади. Бир жумладан иборат мазкур қошсўз унинг бутун бошли ижодига алоқадордир. М.Ҳодий ва Ҳ. Жовидда ҳам худди шу ҳол кузатилади. Уларнинг ижодида осмонга ва уфқлар ортига учмоқ истаги бирдек рол ўйнайди.

Булутмас, ёғдудан сўроқ бер бизга,

Очсин оғушини нурли коинот.

Нур ила рўй берар ҳар бир мўъжиза,

Биз қанот истаймиз, учмоқ-чун қанот.

 

Шайхзода шеърларида табиат энергетик манбага айланади. Унинг “Келинг, учайлик” (1938) шеъри бунга ёрқин мисол бўла олади.

Ҳар бир шоир ўз изтиробидан вужудга келади. Бу изтироб баъзан орзу шаклида, баъзан эса қайғу ва армон шаклида юракларга кириб келиши, бор гап. Шайхзода лирикасида ўша ёруғ изтироб умид ва муҳаббат кўринишида қоғозга тўкилади. Ўша даврнинг шиддаткор руҳи Шайхзода қаламида сайқал топади.

Адабиётнинг бош мавзуси Инсондир. Инсонни куйламаган, унинг орзу-аламларини, оғриқларини куйламаган шоирнинг қалами синишга маҳкум. Шайхзода эса бутун ижодий умри давомида айнан биз айтаётган ўша, Ҳазрати Инсон ҳақида баҳс этгувчи асарлар яратди. Ҳар бир асарида шахснинг ички дунё­си ҳам романтик, ҳам реалистик услуб билан рўй-рост очиб берилди. Бунда муаллифга тиниқ тасвирлар, аниқ психологик баҳолай олиш, сўз танлаш борасидаги дид қўл келади.

Келинг, шу улуғ кунларда Мақсуд муаллимнинг драмаларига ҳам бир назар ташлайлик. Адиб яратган Улуғбек образида Ҳусайн Жовиднинг Буюк Темур ва Сиёвуш образлари бирлашади ва бундан ўзига ҳос ботиний портрет яралади. Улуғбек темурийзода қардошларига тахт учун курашларни тўхтатишни буюргани, Темурнинг қондошлар қирғинини тўхтатишга бел боғлаганини эслатиб юборади. Ўғли томонидан унга ўлим жазоси тайинланганида эса, кўз олдингизга беихтиёр Сиёвуш келади.

Энди Улуғбек расадхонасини зиёрат қилаётганларга бир ривоят сўйлайдилар. Айтишларича, ўша расадхона талабаларидан бирини карвон йўлини нотўғри чамалагани учун ўлдирадилар, аммо Шайхзода бу ривоятни ўз асарларида ишлатмайди, чунки унинг карвонлари ҳали йўлдан адашгани йўқ!

Камрон АЛИЕВ,

Озарбойжон Миллий Фанлар Академияси мухбир аъзоси

Озар тилидан ФАРАҲ таржимаси