“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Муҳаббатни ҳис қилдик

Фатхулла МАЪСУДОВ,

Ўзбек Миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

 

— 2017 йил нафақат хонадонимиз учун файзли, барокатли йиллардан бири бўлди, балки ўзбек миллий театри жамоаси номидан қувонч билан, шукроналик билан айтишим мумкинки, биз учун ҳам аввалги йилларга нисбатан ўзгача йил бўлиб келди, жамоамиз ҳар йилгига нисбатан самарали меҳнат қилди. Бир йил давомида кўплаб янги  спектакллар қўйишга муяссар бўлдик. Бундан ташқари, йил давомида жудаям, кўп тадбирлар, учрашувлар, ижодий кечалар ўтказдик, одамларни театр санъатига нисбатан муҳаббатини, ҳурматини янада яхшироқ ва яқиндан ҳис қила олдик. Айниқса, жорий йилдаги муҳтарам Президентимизнинг санъат соҳаси вакиллари билан бўлган навбатдаги учрашуви биз учун алоҳида аҳамиятга эга воқелик бўлди. Бугун ўзбек театри ва киносидаги мавжуд муаммолар, камчиликлар ҳақида атрофлича айтиб ўтилди, бу эса бизга жудаям катта масъулият юклади, ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга ундади. Президентимиз томонидан “Дўстлар” клубининг ташкил қилиниши биз учун муҳим янгиликлардан бири бўлди. Клуб юртимиздаги ўттиз етти нафар театр ва бадиий жамоалар қошида ўз фаолиятини олиб бориши ва шу билан бирга бизнинг фаолиятимизга доир қатор қонунлар белгиланди. Ҳозирда театримизнинг моддий техник базаси мустаҳкамланди, бу эса ўз навбатида биз ижодкорларга, санъаткорларга фақатгина ижод қилишимиз учун яна катта йўллар очилганидан далолат. Репертуарларимизни янгилаб, театр томошабинлари учун қулай шароитлар яратишга, яхши асарларни саҳнага олиб чиқишга ҳаракат қилиб келяпмиз. Шуни айтишим мумкинки, юртимизда санъат соҳасига, ижод аҳлига берилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар учун Юртбошимизга миннатдорчилик билдирамиз. Санъатсевар юртдошларимиз, халқимиз бор. Ўзбек халқи азал-азалдан меҳр-муҳаббатли, ҳамиша эзгуликка интилади. Янги йилни ана шундай халқимиз билан кутиб олиш, уларга чин дилдан хизмат қилиш,   масъулият билан ишлаш кириб келаётган йилда ҳам насиб қилсин.

2018 йил мана шундай баракали ва барча учун қувончли йиллардан бири бўлсин.

 

Зулхумор ёзиб олди