“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Ташқарида қор ёғиб турса...

Мирза АЗИЗОВ,

Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри директори, Ўзбекистон халқ артисти:

 

— Ҳар бир янги йил ўзгача, нимаси биландир ёдингда қолади. Уларни бир-бирига таққослаб, қиёслаб бўлмайди. Ахир умрингнинг янги йилини кутиб оляпсан, келаётган йилинг омадли бўлиши, хуш келиши учун ҳам уни «энг яхши янги йил», деб атайсан. Аслида, энг яхшиси, болалигингда, ота-онангнинг бағрида ака-опаларинг билан кутган байраминг бўларкан. Янги йилни фарзандларинг, невараларинг билан кутишнинг ҳам гашти бор. Аммо, барибир, олис болалигимда қолиб кетган қорбобога ишонч-у арчани безатиш учун ясаган ўйинчоқларимиз хотири қалбимни хира чироқдай липиллаб ёритиб, илитиб туради. Ташқарида паға-паға қор ёғиб турса, уйда жигарларинг билан бир танчада исиниб ўтирсанг... Бундан ортиқ завқ, қувончни тасаввур қилолмайман. Балки бу болаликни қўмсашдир...

Айниқса, саксон биринчи йилни синфдошларим билан кутиб олганимиз сира ёдимдан чиқмайди. Соддалигимиз, ишонувчанлигимиздан ҳалигача кулгим қистайди. Ўшанда ўнинчи синфни битиргандик. Бир синфдошим саккизинчи синфни битириб, Андижонга кўчиб кетганди. Янги йил арафасида ўша ўртоғимиздан хат олдик. У бизни байрамни Андижонда кутиб олишга таклиф қилганди. Тўрт-бешта бола йиғилиб байрам куни йўлга тушдик. Айтилган манзилга бориб кечгача кутдик. Кўча совуқ, дўстимиздан эса дарак йўқ. Бахтга қарши уйининг манзилини ҳам билмаймиз. Изғирин жонимиздан ўтиб кетди. Охири кечга яқин Андижон — Тошкент йўналишидаги поездга ўтириб ортимизга қайтдик. Чақиртўқайга етганда тушиб қолдик. Чақиртўқай бизнинг қишлоғимиздан ўн икки километр узоқда эди. Янги йил куни кўчада бирор зоғ йўқ, машина ҳам ўтмайди. Бунинг устига соат ўн бир бўлган. Битта эски Москвич ўтиб қолди. Зўрға тўхтатсак, бир кишига жой бор экан. Дўстларимиздан бири: «Мен етиб олай, сизлар кутиб туринглар. Акамнинг машинасида келиб ҳаммангизни олиб кетаман», дея ишонтириб кетди. У ҳам бизни чув тушириб кетганди. Соат бир-иккиларда уйга кириб бордик. Ўшанда янги йилни кўчада музлаб кутиб олганмиз.

Бугун юртимизда жуда катта ўзгаришлар бўляпти. Ҳар бир қилинаётган ҳаракат халқимизга фаровонлик олиб келяпти. Келгуси йилда ана шундай эзгу ишларга ўз ҳиссамизни қўшиш насиб қилсин. Шукроналик туйғуси ҳеч биримизни тарк этмасин. Халқимизга бахт ва иқбол тилайман!

 

Муяссар Иброҳимова ёзиб олди