“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Ҳазратни ҳар кун ўқисак...

Замин баланд тоғларни кўтариб туриши мумкин, бироқ заминнинг кўксини тоғлар юксалтириб туради. Буюклар ҳам шундай — халқнинг қадри, ўтмиши ва келажагини юксалтиради. Буюклик ҳеч қачон талқину таҳлилга, мақтовга эҳтиёжманд эмас, худди қуёш ёруғлик ва ҳароратга эҳтиёж сезмагани каби.

Ҳазрат Навоий ҳақида ҳам шундай дейиши мумкин. Бу улуғ зот инсондаги барча ноёб фазилатлар эгаси — бу чарху дунда қўлига қалам тутган аҳли ижод ичидаги буюкларнинг буюги! Аввал ҳам, кеча ҳам, эртага ҳам шундай бўлиб қолиши шубҳасиз!

Биз Навойига юз бурсак қўлимиз осмон бағридаги булутларга санчилган чўққиларга, бошимиз эса офтобга етгудай бўлади. Улуғ бобомиз даҳоси бизнинг фахримиз, ғуруримиз, дунё ижод саҳнининг энг тўридаги ўрнимиз тимсолига айланган.

Ҳазрат Навоий ижоди, Навоий инъом этган мангу, барҳаёт ижод булоғи борасида қадимдан то бугунга қадар сон-саноғи йўқ битиклар мавжуд. Бизнинг замонимизда ҳам қанчалаб зукко олимларимиз, иқтидорли адибларимиз Навоий даҳоси ҳақида арзирли изланишлар олиб боришмоқда. Уларнинг ёрқин ва заҳматли меҳнати олдида ифтихор билан бош эгамиз. Навоийнинг руҳи қўлласин деймиз.

Улкан тоғ салобати ҳаммага бирдек кўриниб тургани каби Навоий ижоди сарбаландлиги ҳам кўзимизни қувонтириб, дилимизни чароғон этади. Тўғри, барчамиз ҳам зукко олимларимиз сингари Шеърият султони меросини нозик ва маромига етказиб талқин қалолмаслигимиз табиий. Бироқ, Навоий ҳақида ҳар биримиз — хоҳ тадқиқотчи, хоҳ муаллим, хоҳ талаба, хоҳ бошқа бир касб эгаси бўлмайлик, қувваи ҳофизамиз даражасида сидқидилдан сўзлашга, ул зот ижодини кучимиз етгани даражасида талқин қилишга уринсак, бу ҳолга ижодпарвар бир халқ болаларининг ўз даҳосига самимий эҳтироми деб қарамоқ керак. Ҳар бир уйни Навоий нури ёритиб турсин.

Таҳририят

 

Садритдин ИСАКОВ,

Чортоқ туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири

 

“Оламда туркий ва форсий тилда сўзловчи бирон бир инсон йўқки, у Навоийни билмаса, Навоийни севмаса, Навоийга эҳтиром ва садоқат билан қарамаса...

Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”, – деб ёзади муҳтарам Юртбошимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида. Дарҳақиқат, ўзбек халқининг улуғ мутафаккири Алишер Навоий жаҳон адабиёти, маданиятига, инсонлар бахт-саодати, халқ фаровонлиги, мамлакат ободонлиги учун улкан ҳисса қўшган. Алишер Навоий турк дунёси адабиётининг энг машҳур вакилидир. Чунки ҳеч ким бу тил ва адабиётнинг равнақи учун унингдек хизмат қилолган эмас. Навоийдек жаҳоний зот «Хитойдан то Хуросон»гача  ёйилган туркий қавмларни «якқалам» қилди ва шу билан бирга миллатнинг иқтисодий, сиёсий, маънавий равнақига буюк таъсир кўрсатди.

Ул зот ҳақида салкам олти юз йиллик наридан туриб, боз устига, бебаҳо асарларидан тўлиқ бохабарлик нашъаси йўқ мендек бир кишини ҳазрат шаънига сўз айтиши... ростини айтганда, нокамтарлик. Ёшман, ҳали ўқишга, уқишга кўп фурсат бўлади деб, мана, олтмишга қадам қўйдим-ки, сўз санъатининг бу бемисл даҳоси ижодини астойдил ўрганишга рағбат кўрсатмаяпман... Навоийнинг минбар бандалари тилидан тушмайдиган, қолаверса, кўча-куйда, катта-кичик давраларда оғиздан оғизга кўчиб юрадиган унча-мунча ҳикматлари, нишонга ўқдек тегувчи пурмаъно ибораларини тўтиқушдек такрорлаб, ул зот ижодидан бохабарман, деб мақтаниш.., билмадим, аммо, бу ўзбек фарзанди учун жуда-жуда уят! Шу боис, Навоий деганда кўнглимга не ҳис, қай туйғу келишини ифода қилмоқчиман.

Мазкур мақолани ёзиш арафасида, дастлаб хотирни титкиладим. Ўқиган-эшитганларим — ғазаллар, ҳикматлар, ривоятлар, кейин.., Навоий ҳақидаги асарлар: Иброҳим Мўминовнинг “Навоий ва Жомийнинг адабий ижтимоий фикрлари” номли каттагина мақоласи, Иззат Султоннинг “Навоийнинг қалб дафтари” номли чуқур илмий-маърифий асари, Воҳид Абдуллаевнинг “Улуғ шоир ижодининг қалби” номли илмий тадқиқоти, Абдуқодир Ҳайитметов, Суйима Ғаниева, Иброҳим Ҳаққул, Нодир Рамазон, Малик Орипов сингари олимлар қаламига мансуб тадқиқотлар, Ойбекнинг “Навоий” романи, Ғафур Ғуломнинг “Алишер” номли гўзал шеъри, Абдулла Ориповнинг, Сирожиддин Саййиднинг ёниқ, эҳтиросли шеърлари, Иброҳим Ғафуровнинг “Навоийга унсият” номли туркум мансуралари, Омон Мухторнинг иккита жажжи, ихчам романлари, Эркин Аъзамнинг “Навоийни ўқиган болалар” номли жуда таъсирли ҳикояси ва ниҳоят “Алишер Навоий” номли бадиий фильм. Бори — шу.

Файласуф Фукуяманинг тарихнинг якунланиши ҳақидаги назариясига кўра, бирон ғоя ёхуд ғоялар тизими ҳукмрон бўлган фурсат — бутун бошли бир давр, инсоният тарихидаги навбатдаги тўлқин. Навоий даҳоси ҳам янги бир тарихга, даврга асос солди, Навоий даври бошланди. Бу давр мангудир, бу даврнинг умри халқ қадар абадий, ўлмас. Биз Навоий даврининг болаларимиз, биз Навоий боис мумтоз бўлган тилни она деб атаймиз, унда изҳорлар айтамиз, иқрорлар айтамиз. Ажабки, Навоийни билмаслик, англамаслик иқрорини беркитганимиз беркитган...

Энди бу мазудаги гапни мухтасар қилиб, гарчанд, маънан ҳаққим ва ҳаддим бўлмаса-да, ҳазрат Навоийнинг бизга жуда катта сабоқ бўладиган бир фазилатларига тўхталмоқчиман. Бу — устозга ҳурмат, эҳтиром кўрсатишдир.

Навоий асарларида бебаҳо ҳикматлар бисёр. “Шоирнинг ҳикматлари на замону замин, на мазҳабу дин ва на ижтимоий тузуму сиёсий туркум жиҳатидан чекланган”. Бу ҳикматларнинг аксарияти эса устозга, мураббийга ҳурмат руҳи билан лиммо-лим.

Даҳоларнинг туғилиши, ўз-ўзига бўлган ишончи ҳамиша атрофдагиларни ҳайратга солиб келган. Навоий Ҳиротни тарк этиб, Самарқандга ҳижрат қилган кезларида, устози Саййид Ҳасан Ардашерга ёзган мактубида шундай байтлар бор: 

Мен ул менки то турк бедодидур,

Бу тил бирла то назм бунёдидур.

Фалак кўрмади мен киби нодире,

Низомий киби назм аро қодире.

Худо еткурур онча суръат манга

Ки, бўлмас битиришга фурсат манга.

Эътибор қилинг, юқоридаги сатрлар ёзилган вақтда Навоий бобомиз эндигина йигирма уч ёшга кирган эдилар. Ўйлаб кўрилса, шу ёшдаги йигитнинг бу қадар қатъий ишонч ила ўз-ўзига юксак баҳо бериши.., очиғи, бундай журъатга фақатгина даҳолар қодир!

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Навоий буюк сўз санъаткорлари — Низомий ва Фирдавсийни ўзига устоз деб билгани, чуқур ҳурмат қилгани маълум. Аммо ҳурмат бошқа, бу ижодкорлар мероси олдида ҳайиқиш бошқа. У эса юқорида қайд этилган мактубида “Шоҳнома” (Фирдавсий), “Хамса” (Низомий) ўттиз йилда ёзиб битирилганини айтгач, яна ўша комил бир ишонч ила ёзади:

Не “Шоҳнома”ким, “Хамса”га урсам эл (қўл),

Ўтиз йилки они Низомий демиш,

Қошимда эрур икки-уч йиллиқ иш.

Ушбу мисраларни ўқиш асносида инсоният тарихидаги буюк сиймоларнинг ўзлари ҳақидаги фикрлари беихтиёр кўнгилдан ўтади.

Аммо шундай бир комил ишончга, етук бадиий салоҳиятга эга бўлган Навоий..., бир мавзуда қарийб эллик йил хаёл сурди, эллик йил ёзишга тараддуд кўрди, эллик йил изланди. Бу асар “Лисон ут-тайр” эди...

Нега? Менимча, бу саволга жавобни Навоийнинг ўта масъулиятли эканлиги орқали бериш мумкин. 

Маълумки, у замонларда мактабда ўқиш-ўқитиш ишлари араб ва форс тилларида олиб борилган. Алишерни ҳам беш ёшга тўлар-тўлмас мактабга берадилар. Мактабда хат-савод чиқариб, ҳарф таний бошлаган кезларда Навоий Фариддидин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достони билан танишади. Қуш тили шарҳи баён этилган, мажозий маънолар марварид доналаридек сочилиб кетган бу асар ҳали бола Алишерни бутунлай ром этди ва уни ёд олди.

Албатта, етти-саккиз ёшли боланинг бир неча ўн минг мисрадан иборат достонни ёд олиши фавқулодда ҳодиса, улкан истеъдод нишонаси. Эътиборлиси шундаки, Навоийни адабиёт оламига, маънолар маҳзанига, сўз уммонига етаклаган бу асар бир умр шоир эътиборида турди. Ниҳоят, Навоий ўз замондошлари, шеър аҳли томонидан ҳар қанча юксакликка кўтарилганига қарамай, ҳар жиҳатдан, айтайлик, аввало, маънавий жиҳатдан ўзини шу ишга қодир, ҳақли деб билганидан сўнггина Атторга эргашиб, қуш тилини шарҳ этмакка киришади:

Олтмишқа умр қўйғонда қадам,

Қуш тилин шарҳ этгали йўндим қалам .

Ўйлаб кўрилса, бунда жуда катта маъно, масъулият ҳисси бор. Болалик кезларида онгу шуурига муҳрланган достон каби асар битиш орзусини нақ эллик йил қалбида, кўнгил тубида сақлаш улкан маънавий жасоратдан дарак. Бошқа томондан олганда, бу Навоийнинг Фариддидин Атторга нечоғлик улуғ эҳтиром ила қараганидан нишонадир. Негаки, “Навоий бу асарини ҳам туркий эл қошида тўла жавобгар одам бўлиб ёзди. Ўз эли олдидаги жавобгарлик туйғуси ҳали ҳеч кимда бунчалар қудратли тарзда намоён бўлмаган эди” . Ҳа, Иброҳим Ғафуровнинг бу фикрларида кучли мантиқ бор. Ахир бу асар туркий тилда битилган дастлабки ва ягона “Мантиқ ут-тайр”, ундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам бунингдек назм жавоҳири яратилган эмас.

Маънавий устозга бўлган ҳурмат йиллар давомида шаклланиб, кучайиб борди. У ўз достонини азбаройи камтарлик боис, Аттор асарининг таржимаси деб баҳолайди. Ҳатто достон якунида махсус бир бўлим орқали бу достонга Навоий деб тахаллус қўя олмаслиги боисини айтади. Аттор қушларни етти водийдан олиб ўтиб, охирида фано манзилига етказади. Шу туфайли Навоий бу дурдона асарга Фоний тахаллусини қўяди. Устозга эҳтиромнинг гўзал намунаси бу, шундай эмасми? Фақат бугина эмас, у “Шайх Аттор сағанасини янгидан тиклаб, салобатли мақбара қурдиради, бу мақбара Нишопурнинг улуғ зиёратгоҳига айланади” ...

Илму толиблар, устозу шогирдлар бугун ҳам бор. Аммо ўз устозига Навоийдек эҳтиром кўрсатган шогирдлар ҳамиша тансиқ. Боиси не? Навоийдан ўрганадиган жиҳатларимиз нақадар кўп ҳали…