“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“Буюкларни ўргансак – буюк бўламиз”

Худойберди ТЎХТАБОЕВ,

Ўзбекистон Халқ ёзувчиси:

Дунёда кучли ёзувчилар борлигини инкор этиб бўлмайди, лекин ўзимизнинг ёзувчилар ҳам улардан қолишмайди. Аммо адабиётда бир-биридан ўрганиш, бир-бирига таъсир этиш бор. “Жаҳон адабиёти” журналининг ташкил этилишида Президентимиз айтган эдилар: “Биз жаҳондан ўрганишимиз керак ва жаҳон биздан ўргансин!”. Ана шу маънода адабиётимизда ва журналистикамизда иккита катта йўналиш пайдо бўлди. “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил этилди ва ўқувчилар бутун дунё адабиёти дурдоналаридан баҳраманд бўлиб боряпти. Шундай пайтда сизнинг газетангиз пайдо бўлди. Бу нур устига аъло нур. Президентимиз: “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” – дея эътироф этадилар. Адабиётга муҳаббат уйғотиш, инсонлар қалбига сингдириш орқали катта-катта муаммоларни ҳал қилиш мумкин. Айниқса кейинги пайтда бу нарсалар жуда авж олди. Турли йўллар: кўраётган киноларимиз, видеоларимиз, болаларимизнинг қўлларидаги телефон орқали ҳам “оммавий маданият” хуружлари билдирмасдан кириб келмоқда. Юртбошимиз ҳар доим ўз нутқларида: “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак” – деб таъкидлайдилар. Мана шу “оммавий маданият”нинг таркибида жаҳолат бор. Бугун шиддат билан кириб келаётган “оммавий маданият”нинг олдини биз ўзимизнинг буюк маданиятимиз билан ва жаҳон маданиятининг нодир намуналарини ўрганиш орқалигина тўса оламиз.

 “Китоб дунёси”нинг йўналиши жуда тўғри кетяпти. Яширмайман, баъзи журналларимиз бор ўттиз икки саҳифа чиқади. Танқид ҳам қилдим ўттиз икки саҳифа чиқяпти, лекин маънавиятимизга қандай таъсир қиляпти, руҳиятимизни нега тўлқинлантирмайди? Газета ёритаётган яхши йўналишларни айтиб ўтмоқчиман:

– Жамиятга адабиёт, маънавият соҳасида буюк хизматлар қилган кекса авлоднинг ҳаётидан лавҳалар, ижод намуналаридан берилиб, ўқувчиларга таништириб бориляпти.

– Газетада адабиёт муаллимларига сўз бериляпти. Адабиётни болалар онгига, қалбига сингдирадиган муаллим бўлади. Адабиёт ўқитувчилари орасида баҳс бўляпти, десак муболаға бўлмайди. Мактабларда адабиёт қандай ўқитилаётгани, таълимнинг сифати қай даражадалигидан хабардор бўлиб боряпмиз.

– Гоҳо-гоҳо ўқувчи болаларнинг ижод намуналари бериб бориляпти. Бундан бошим кўкка етди.

– Биз узоқ йиллар давомида бошқа халқлар адабиётидан узоқроқ бўлдик. Жаҳоннинг буюк адиблари, уларнинг хотиралари, улар ҳақида ёзилган асарлар рўйхати бериб борилаётгани қувонарли ҳол.

– Чет тиллардан таржима қилинаётган асарларни ўқиб, таржима маданиятини ўрганиш мумкин. Айниқса, корейс, япон, инглиз, француз тилларидан ўзбек тилига ўгирилаётган асарларнинг аксариятини аёллар таржима қилаётганини кўриб беҳад севинаман. Ўзимиздаги буюклар ҳам бериб бориляпти. Суйима Ғаниевага ўхшаш адабиётшуносларимиз, Европадан қилинаётган таржималарга тенг ва юқори келадиган асарлар, катта авлод қаторида ёшлар ижодига ҳам кенг ўрин бериляпти.

Шундай буюк ёзувчиларни баъзи ёшларимиз билмас эди. Буюкларни ўргансаккина, буюк бўламиз. Буюкларнинг буюклигини тадбиқ қилсаккина, буюк бўламиз. Ёш ёзувчиларга жой берибсизлар. Катта авлод қаторида ёшлар ҳам чиқиб боряпти.

Буюк алломаларимиз кўп бўлган. Нимагадир узоқ йиллар улар унутилди. Уларнинг ҳаёт йўллари, ижодлари билан газетхонларимиз янада кўпроқ, яқинроқ танишса, нур устига аъло нур бўларди. Масалан Фурқат, Муқимий, Аваз Ўтар, Завқийнинг босиб ўтган йўли ёшларга намуна бўлади. Булардан ташқари ўнлаб адабиётимизни ушлаб турган адибларимиз бор.

Бу газета болажонларимизнинг ҳам севимли газетасидан бири бўлса. Болалар ёзувчиларини ҳам вақт-вақти билан бериб борсанглар.

 

Муяссар ИБРОҲИМОВА

ёзиб олди