“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

СЎЗ САЛТАНАТИ

СЎЗ САЛТАНАТИ

Қадрли ўқувчилар! Бугунга адабиёт дарсини бошладик... Биласизларми, Адабиёт миллатнинг руҳи ҳисобланади. Адабиёт — халқ ҳаётининг ойнаси. Камол ҳам, завол ҳам у билан узвий боғлиқдир.

Ривоят қилишларича, бир донишманддан "Дунёдаги энг лаззатли нарса нима?" — деб сўрабдилар. Донишманд "Сўз" деб жавоб берибди. Дарҳақиқат, ота-боболаримиз сўзни қадрлаган. Зеро, сўз туфайли ҳам ҳикмат, ҳам санъат даражасидаги асарлар дунёга келган. Шу туфайли, Адабиёт — Сўз салтанатига айланган. Унинг ўз шоҳ-султонлари, ўз қонун-қоидалари мавжуд. Ҳазрат Навоий ана шу салтанатнинг султони сифатида сўз мартабаси туфайли азизлик шоҳсупасидан мустаҳкам ўрин эгаллаб, боқийлик бахтига мушарраф бўлган мўътабар сиймодир.

Айтиш лозимки, фасоҳат мулки (шеърий нутқ гўзаллиги) нинг соҳибқирони Алишер Навоийнинг "Ҳайрат ул-аброр" достонида "бир турфа" шаҳар, яъни "ажойиб бир шаҳар" деган ибора мавжуд. Бу шаҳарда ҳамма нарса бор: масжид, бозор, маҳалла, кўча, боғлар, ҳатто майхона ҳам... Унинг сувлари жаннатдаги беҳишт сувига ўхшар экан. Шаҳарда бир қаср бўлиб, қасрнинг ичида баланд бир гумбаз ҳам бор эмиш. Қасрнинг ажойиб бир эшиги бўлиб, ҳар очилиб- ёпилганда ундан дуру гавҳарлар сочилар экан..

Бу шаҳарнинг ҳукмдор ва амалдорлари, олиму фузалолари билан бирга хизматкорлари ҳам бор экан. Буларнинг ҳаммаси рамзий бўлиб, Навоий бу шаҳар мисолида ниҳоятда мураккаб тузилишга эга бўлган инсон вужудини ва бу вужудда ҳамма аъзоларнинг ўз вазифалари борлигини маъжозий тимсоллар воситасида тасвирлайди. Жумладан, қаср — инсоннинг боши, беш саҳн — кўз, қулоқ, оғиз, бурун, даҳн бўлиб, уларга доимо беш та ишбилармон хизматда бўлиб, кўрилган, эшитилган, сезилган, таъмли-таъм­сиз, иссиқ-совуқдан подшоҳ — ақлга хабар бериб турар экан.

Қаср эшиги — оғиз, унинг икки табақаси- лаб, у ҳар очилиб, ёпилганда сочиладиган дурлар — Сўз экан.

Шу боис ҳам мутафаккир шоир шоҳ асари "Хамса"нинг биринчи достони "Ҳайрат ул-аброр" асарининг бир неча бобларини сўз ва унинг таърифига бағишлайди. Муқаддас китобларнинг бирида аввал сўз пайдо бўлган эди, дейилади. Шу боис, шоир ҳам дунё сўз туфайли пайдо бўлганлигини мантиқий фикрлар силсиласида шундай таърифлайди:

Қайси насим улки эрур гулфишон,

Барги гулу настарин андин нишон.

Бу ики яфроғини қачон зуфунун,

Бир-бирига қўйса бўлур "коф-у нун".

Даҳр муқаййад била озодаси,

Борча эрур "коф" ила "нун" зодаси.

Мазмуни: Азалий ва абадий зот томонидан бир насим (ёқимли) шабада эсди", Кун" ("Ярал") деган сўз айтилди. Бу гуллар сочувчи шабада бўлиб, настарин ва гулнинг япроқлари ундан нишона. Уларнинг бир-бирига ёпиштирилишидан "кофу нун" ҳосил бўлди, (яъни арабча "коф" ва "нун" ҳарфлари бир-бирига қўшилса "Кун" ўзбекчаси "Ярал" деган маънодаги сўз ҳосил бўлади) Дунёдаги яратилган барча мавжудотлар ва бир-бирига боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган ҳамма нарса ана шу бир сўз замирида пайдо бўлган.

Жон ўлиб ул, руҳ анинг қолиби,

Ким танида руҳ — анинг толиби.

Байтнинг мазмунидан сўз жон бўлиб, руҳ унинг қолипи, чунки руҳ ҳамиша сўзга талабгордир, руҳ инсон танасининг жони бўлса, сўз руҳнинг жонидир деган маъно англашилади.

Мутафаккир яна сўзга таъриф берар экан, унинг мартабаси, шарофати олдида ҳар қандай бойлик қадрсиз эканлигини уқтиради:

Сўз гуҳарига эрур онча шараф,

Ким, бўла олмас анга гавҳар садаф.

Алишер Навоий сўзнинг сеҳри, зарофати, жозибаси, қудрати, шунингдек, ўзбек тилининг бой ва гўзаллиги воситасида бебаҳо дурдоналар яратди. Сўз — дунёнинг энг буюк мўъжизаси, оламнинг ибтидо ва интиҳоси эканлигини исбот қилди.

Ҳазрат Навоий ўз асарларида сўзнинг боқий, азалий ва абадийлигини эътироф қилар экан, сўз қанчалик кўп қўлланса, шунчалик сайқалланиши ҳақида шундай ёзади:

Олам эли зарра йиғса жовид,

Нурини кам айлагайму хуршид,

Игна учи била жазб этиб нам,

Ким баҳр сувини айлагай кам.

Яъни, олам аҳли қуёшдан фойдаланган билан унинг нури тугамаслиги, денгиз сувига игнани ботириб ёки намлаб олган билан у камаймаслигига ўхшатади.

Дарҳақиқат, асрлар, йиллар оша тилдан-тилга, авлоддан авлодга ўтиб, севилиб ўқилаётган, халқимиз ардоғидаги мумтоз асарларни уммонга менгзаймиз. Бу уммоннинг суви туганмасдир. У худди мавж урган тўлқинлар каби ҳозирги кунларимизгача гоҳ тўлиб, гоҳ ҳайқириб оқиб, ўзининг залвори билан авлодларнинг ташна қалбларини пок­лаб, руҳиятимизга, маънавиятимизга салмоқли таъсир кўрсатмоқда.

Мутафаккир шоир Сўзга алоҳида меҳр бериб, унинг силсиласида жаҳоншумул маънавият дурдоналарини яратиш баробарида нафақат туркий тилни юксакликка кўтарди, балки кишиларни сўзга эҳтиёткорлик ва масъулият билан муносабатда бўлиш, сўзни қадрлаш, ширинсухан бўлишга ундади, Мутафаккир шоиримиз бежиз "Тилга ихтиёрсиз-элга эътиборсиз" дея бонг урмайди.

 

Мадина МАТЁҚУБОВА,

Хоразм вилояти, Урганч туман ХТМФМТТЭБ она тили ва адабиёти, ўзбек, қардош тиллар методисти