“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Китоб дунёнинг барча қулфларини очади

Баҳодир ОХУНОВ,

Чуст туман ҳокими

Китоб дунёнинг барча қулфларини очади

Мутолаа кишида хат-саводни ўрганган давридан эҳтиёжга айланади. Чунки бола саводи чиққач, аввал ўқиб билган воқеа-ҳодисаларидан кўпроқ билишни истайди. Ана шу истак уни мутолаа эҳтиёжига ундайди. Ўқиш тафаккурнинг бойиши, кўпроқ билиш, ҳаётни англаш, инсон руҳиятини тушуниш демакдир. Шунда ҳам яна ва яна мутолаа, эҳтиёжга айланаверади. Инсон учун ўқиёлмай қолиш — сўқир бўлиб қолиш билан тенгдир. Ўқиёлмай қолиш бу фожеа. Чунки ўқимаслик билмаслик, англамаслик, мулоҳаза қилмаслик ва фикр юритмаслик, демакдир. Инсон ўзи ўқиётган нарсасини тушуниб, чуқур ҳис қилса, уни мағзини чақсагина, мутолаа ҳаётий эҳтиёжга айланади.

"Мен ўзимдаги ҳамма яхши хислатлар учун китобдан миннатдорман", деган эди улуғлардан бири. Биз аждодлари ой нурида китоб ўқиб, не-не асарлар яратган, Беруний, Ибн Сино, Хоразмий, Навоий каби дунёни ҳайратга солган буюклар, маърифат учун ҳаттоки ширин жонидан кечган Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир авлодларимиз. Шундай экан, қўлимизда турган китобни бугунги дориломон кунларга етиб келишимизга сабабчи бўлган жон фидо қилган адиблар ҳаққи-ҳурмати  ўқимоғимиз лозим. Зероки, глобал ечим топиш йўлида ҳам китоб биз учун энг яқин дўст ва маслакдош ҳисобланади.

Яхши кутубхона лаълдан аъло, деган ҳикмат бор. Яхши китобхон эса ҳаммадан аъло, назаримда. Китобхон фақат, китоб варақлаган одамгина эмас, балки, ўқиганларининг маъносини тушуниб, уларга амал қиладиган инсондир. Илгарилари миллат келажаги, миллатнинг борар йўли акс этган китобларни тўплаш, кутубхона ташкил этиш жуда қийин бўлган. Шунга қарамай, ўша давр­ларда ҳам ҳақиқий китобхонлар кўп бўлган эди. Улар китобга таянган ва ўзгача меҳр қўйган. Ҳозир эса расталарда китоб тўла, ҳашаматли китоб дўконлари бор, исталган китобларни топишимиз мумкин. Лекин ўқувчиларда китобга меҳр озгина сусайган, назаримда. Китоб миллатнинг юраги, юрак эса уришдан тўхтамаслиги лозим.

Техника асри, ҳаттоки, китоб­лар шаклига ҳам таъсир кўрсатди. Электрон китоблар пайдо бўлди. Замонавий телефонда бир-иккита китоб олиб юрувчилар ҳам топилади. Китобнинг электрон ёки ҳақиқийсини танлаш, албатта, ҳар кимнинг ўзига хавола. Мутолаанинг қайси шаклини танлашдан қатъий назар, китобхонликка бўлган қизиқиш ва меҳр сўнмаса бўлгани. Чунки, китоб фарзандларимизнинг илмий ва маънавий камолоти омилидир.

Китоб ўқимаслик жоҳиллик. Жоҳил одам билан сира муроса қилиб бўлмайди. Бугунги ёш китобхонларга ўзбек халқ ижодининг сара намуналари, достондан тортиб эртак, роман, қисса ҳикояларгача ўқиб чиқишни, шунингдек, Машрабнинг "Мабдаи Нур", Кайковуснинг "Қобуснома", Абдулла Қодирийнинг "Меҳробдан чаён", Ў.Ҳошимовнинг "Дунёнинг ишлари", "Икки эшик ораси", Саид Аҳмаднинг "Жимжитлик", "Уфқ", П. Қодировнинг "Авлодлар довони", Чингиз Айт­матов, Эрнест Хеменгуэй, Бальзак, Стендал, Анна Ахматова, Лев Толстой асарларини тавсия қиламан.

Китобга меҳр беришни фарзандга гўдаклигидаёқ ўргатиш лозим. Афсуски, бугунги болалар китоб ўқиш ўрнига компьютер ўйинлари, интернетдаги бемаза сайтлар билан оввора. Тўғри, ҳозир компьютерлар бутун коинотни бошқаряпти. Лекин бола, аввало, эртак ўқиши шарт. Шунда унинг онгида яхшилик эзгу фазилат, ёмонлик эса, қабиҳлик экани ҳақида тасаввур шаклланади. Эртак ўқиб улғайган болалар юксак мақсадлар билан яшайди.

Чуст туманида китоб ва китобхонлик бўйича бугунги кунда 2 та катта китоб савдо дўкони ишлаб турибди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва ҳомийлар билан ҳамкорликда "Экспресс кутубхона" лойиҳаси асосида имконияти чекланган болалар учун кўчма китоб дўконлари ташкил этилиб, ҳар бир болага ўзи ёқтирган китоблар совға қилинди. Қолаверса, ҳар бир МФЙ марказларида биттадан барча қулайликларга эга бўлган кутубхоналар қуриш ишлари режалаштирилган.

Хуллас, китоб дунёнинг барча қулфларига тушадиган калитдир. Энг муҳими, бу калит бизнинг қалбимиз қулфини ҳам очади. Китоб — яхшилик ва ёруғлик йўли. Келажак йўли. Мутолаа ана шу йўлни нур бўлиб ёритади.