“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҲАЛОВАТ ИСТАГАН ЁЗУВЧИ

ҲАЛОВАТ ИСТАГАН ЁЗУВЧИ

Эрнест Хемингуэйнинг ўлими тўғрисида турли хил тахминлар юради. Лекин асл ҳақиқат нимада эканлигини кўп-да ўйлаб кўрмаганмиз.

Айрим ижодкорларнинг нафақат ҳаёти, балки ўлими ҳам турли шубҳа-гумонларга тўла. Америкалик таниқли ёзувчи, Нобель ва Пулицер мукофотлари совриндори Эрнест Хемингуэйнинг ўлимига, 56 йилдирки, аниқлик киритилмаган. Ўз жонига қасд қилишга ёзувчидаги ирсий мойилликми, руҳий касалликлар шифохонасидаги муолажаларми, I жаҳон урушида орттирган дардларми, ФҚБ (Федерал Қидирув Бюроси)нинг ўринли-ўринсиз таъқибларидан сабр косаси тўлибми, хуллас, буларнинг барчаси ҳақида фикр-мулоҳазалар талайгина. Ижодкорнинг эркин нафас олиши учун аввало ҳаловат зарур. Ҳаловат ва эркинлик унинг руҳиятини озиқлантиради.

Today in literature нашрининг ёзишича, Э.Хемингуэй бир қатор касалликлар, жумладан, гипертония ва қандли диабет билан оғриган. Бироқ бояқишни даволаш учун Рочестер шаҳрида жойлашган Майодаги психиатрик клиникага ўтказдилар. Бу ёзувчи руҳиятига салбий таъсир этиб, уни чуқур депрессияга кўмди. Шунингдек, уни доим ФҚБ таъқиб қилаётгандай, ҳамма жойга яширин эшитиш мосламалари қўйилган, почтаси, телефон қўнғироқлари, банкдаги ҳисобрақами мунтазам текширилиб тургандай туюлаверарди. Оддий йўловчилар ҳам унга шубҳали эди.

1933 йил АҚШда Хемингуэйнинг ҳаётида ғалати воқеа содир бўлди. Бир қаллоб ўзини бутун мамлакатга Эрнестман, деб таништириб, Хемингуэй китобларига дастхат қўйиб, одамларни боплаб лақиллатди. Кўпчиликдан қарз олиб, жанжал кўтарди ҳам. Ёзувчи ўша ғаламисни тутишга қанчалик уринмасин, икки қўлини бурнига тиқиб қолаверди. Алал-оқибат, Хемингуэй ўзи емаган сомса ҳақини тўлашга мажбур, бўйнидаги қарзни тўлади. Мана шундай дилхираликлар ҳам ижодкорни барчага шуб­ҳали қарашга мажбур этганди.

“Чол ва денгиз” китоби унга қанчалик шуҳрат келтирган бўлса, қисса билан боғлиқ миш-мишлар оз эмасди. Кубалик балиқчилар орасида кўзбўямачилари топилиб, матбуотга қиссадаги чол айнан улар эканлиги, қисса сюжетини Эрнестга сўзлаб беришганини маълум қилишади. Китоб муваффақият қозонгану ёзувчи гўёки уларни рози қилмагани ҳақида уйдирмалар тўқишади. Орадан бир йил ўтгач эса, “Чол ва денгиз”даги бола образига даъвогарлар ҳам туғилди. Шу сингари туҳматлар унинг жиғибийронини чиқариб, соғлигига ёмон таъсир этди.

1980 йилда Э.Хемингуэйни ФҚБ ҳақиқатан тинимсиз пойлагани тасдиқланди. 2011 йил 2 июлда “Нью-Йорк Таймс” газетасининг “Фикр” рукнида ёзувчининг биографи А.Хотчнер ФҚБ Хемингуэйни изма-из кузатганини таъкидлайди.

Ҳаёти алғов-далғов бўлган Хемингуэйни руҳий касалликлар шифохонасида электрошок билан даволашга киришдилар. 13 маротаба муолажа қилингач, у хотираси билан биргаликда қобилиятини ҳам йўқотди. Бундай кўргиликка аранг бардош берган ёзувчи: “Менга электрошок ўтказган врачлар ёзувчини асло тушунмайди. Барча психиатрлар бадиий асар яратишганда, ёзувчини чин маънода англаган бўлар эди. Хотирамни ўчириб, миямни тозалашдан не наф топишдийкан?!” деганди.

Даволаш мобайнида у дўстига қўнғироқ қилиб, ФҚБ уни шу ерда ҳам тинч қўймаётганини айтади. Кейинроқ уни аналогик усулда даволаш ке­йинроқ яна такрорланди. Бироқ ҳеч қандай натижа бермади. Энди унинг қўли асло ишга бормай, тушкун кайфияти авж олди, тез-тез ўз жонига қасд қилиш ҳақида сўзлайверди.

Э.Хемингуэй Майо клиникасидан чиққач, Кетчумдаги уйида 1961 йил 2 июль эрталабки соат 7:30 да севимли қуроли билан ўз умрига нуқта қўйди. Жаҳонга машҳур адиб 61 ёшида вафот этди. Лекин ўлимидан аввал бирорта хат ёзмаган. Рафиқаси Мэрининг (тўртинчи рафиқаси) матбуотга берган хабарига кўра, Хемингуэй тонгда қуролини тозалаётиб, бехосдан ўзини отиб юборган. Табиийки, турмуш ўртоғини ҳурмат қилган аёл эрининг обрўсига гард юқтирмасликка интилади.

Маълумотларга қараганда, Эрнест Хемингуэйнинг отаси, акаси Лестер, опаси Урсула ҳамда невара қизи Марго ҳам ўз жонига қасд қилган. «Мариэль» исмли яна бир невара қизининг айтишича, у ҳам ўзини ўзи ўлдириш васвасасига дучор бўлган. Аммо қизнинг иродаси мустаҳкам экан, бундай аҳмоқона ўйни миясидан чиқариб юборишдай бахтга эриша олган. Сўнгроқ у ўз жонига қасд қилишни бартараф этиш бўйича тузилган жамоат ташкилотининг вакилига айланди.

Ёзувчининг авлодида ўзини ўлдириш васвасаси борлиги ҳам аниқланган. Балки шу боисдан Тангри ато этган истеъдодига путур етиб, у ўзини бошқара олмаган. Бундан ташқари, уруш кўрган одамнинг шикастланган руҳиятини қайтадан тиклаш мушкул. Ҳаётидаги турфа зиддиятлар, олди-қочди гаплар, йўқчиликлар унинг озор чеккан руҳиятини баттар топтади. Қийинчиликлар йиғилиб-йиғилиб, ёзувчининг ҳаётдан совишига олиб келган.

Инглиз тилидан
Зилола ЖАЛОЛОВА тайёрлади