“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ПУШКИНГА ОТИЛГАН ЎҚДАН ЛЕРМОНТОВ ЮЛДУЗИ ЧАҚНАДИ

ПУШКИНГА ОТИЛГАН ЎҚДАН ЛЕРМОНТОВ ЮЛДУЗИ ЧАҚНАДИ

Адабиёт оламида шундай буюклар борки, уларнинг нафақат ижоди, балки ҳаёт йўли ҳам ўзига хос ибрат. А.С.Пушкин рус адабиётида баланд овозга эга бўлган шоир. Л.Н.Толстой эса тенгсиз ёзувчи. Уларни бир-бирига боғловчи ришталарга аниқлик киритар эканмиз, истеъдоднинг туғилишига фақат муҳит эмас, балки генларнинг ҳам катта аҳамиятга эга эканлигини англадик. Пушкинга қариндош бўлган бир шоир бор. У Пушкин ижодига ҳавас қилиб туғилган. Бу даҳоларнинг бетакрор асарларини ўқиб, ғаройиб мўъжизалар олдида ҳайратингни яшира олмайсан. Ахир бу чиндан ҳам адабиёт майдонида юз берган фавқулодда ҳолат эмасми?

Истеъдод – Тангри томонидан инсонга туҳфа этиладиган бир неъмат. Унинг насл суриши, яъни авлоддан-авлодга ўтиши айни ҳақиқат. Шоирнинг фарзанди шоир бўлмаслиги мумкин, лекин унинг истеъдоди невара, эвараларида ёки бошқа авлодларида бўй кўрсатади. Генлар ҳам маълум вақт дам олгач, қайта уйғонади. Масалан, бир авлодда икки истеъдодли шоир, яъни Александр Сергеевич Пушкин ва Михаил Юрьевич Лермонтовнинг (Александр Сергеевич Пушкин ва Лев Николаевич Толстой сингари) туғилиши ҳар қандай адабиёт ихлосмандларини ҳайратга солиши табиий. Лермонтов каби шоирнинг овози чиқа бошлаганида адабиёт майдонидан танқидчилар: “Пушкинга отилган ўқдан Лермонтов юлдузи порлади”, деб деб бонг ура бошладилар ва ёш ижодкор шеъриятидан даҳо шоир Пушкин шеърларига муштарак жиҳатларини кўрсатишга ҳаракат қилдилар. Бунга Лермонтовнинг Пушкин хотирасига атаб “Шоирнинг ўлими” шеъри сабаб бўлди. Пушкин оламдан ўтганида Лермонтов йигирма икки ёшда эди. Улуғ рус шоирининг ўлимига чинакамига қайғурган ёш истеъдод соҳибининг жафо чекиб битган шеърида жасорат учқунлари ва изтироб оҳанги қалбларни ларзага солди. Гарчанд Жуковский, Кюхельбекер, Баратинский, Тютчева ва бошқа бир қанча шоирлар бир вақтнинг ўзида Пушкин хотирасига марсиялар эълон қилганларига қарамай уларнинг ҳеч бири Лермонтовнинг шеъри каби омма қалбидан чуқур жой эгаллаган эмас. Мазкур марсия туфайли 1837 йил февраль ойининг бошларидаёқ у катта шуҳрат қозонди. Ўша вақтда танқидчи В.А.Соллогуб биринчиларлардан бўлиб: “Пушкиннинг ўлими Рус шеъриятида янги истеъдодли юлдузнинг порлашига сабаб бўлди”, деган фикрларни билдирди. Истеъдоднинг қондан-қонга ўтишига мана шу икки буюк шоир тимсолида кўришимиз мумкин. Бу икки ноёб истеъдод эгалари бир-бирига қанчалар яқин қариндош?

Гап шундаки, Пушкиннинг катта бобоси ва Лермонтовнинг катта момоси Евдокия Федоровна Пушкин-Боборикинни ака-сингиллик ришталари боғлайди, – деб маълум қилади Петербург давлат университети профессори Владимир Павлов. – уларнинг қариндошлигини таъкидлайдиган бир қанча маълумотлар мавжуд.

Хуллас, Пушкиннинг болалари Лермонтовга жиян бўлади. Рус ёзувчиси ва сиёсатчиси Николай Михайлович Карамзиннинг шоир Лермонтовга қариндошлик жиҳати бор эди. Бу оилада Пушкин ижоди ғоят қадрланарди. А.С.Пушкин шеъриятига кўпдан ошуфта бўлган шоир у ҳақда кўпроқ шу даврада билган. Лермонтов Петербург ва “Царской Село”да Екатерина Андреевна Карамзинанинг ҳузурига тез-тез бориб турарди. Бу оиланинг қизи Софья Николаевна Карамзина ёш шоирга бефарқмасди ва охир-оқибат унга турмушга чиқди ҳам.

Пушкин билан Лермонтов бир даврда яшаган бўлса-да, наҳот бир-бирини танимаган бўлса? Шу сингари жумбоқли саволлар жавоби ҳамон баҳс-мунозарларга бой. Бироқ таниқли журналист Якоб Робинарнинг ёзишича, иккала ноёб истеъдод эгаси бир-бирини билар ва ҳурмат қиларди.

Лермонтов Пушкиннинг рафиқаси Наталья Гончарова билан ҳам таниш эди. У улуғ шоирнинг аёли билан илк бор Кавказга борганда учрашган. “Лермонтов ҳаётлигида” номли китобда келтирилишича, Наталья Николаевнанинг акаси Дмитрий Николаевич Гончаров билан оғайни бўлган ва у орқали Лермонтов Пушкин билан танишган, шунингдек, шоирнинг ҳузурига тез-тез бориб турган, деган хулосаларга дуч келамиз. Лермонтовнинг машҳур биографи П.А.Висковатов: икки шоирнинг шеърларини ўқиб: “Буюк истеъдод учқунлари мавжуд. Шубҳасиз, Пушкинга ўхшайди”, деб Лермонтовнинг қобилиятига тан берганини маълум.

Икки истеъдоднинг борди-келдиси ҳақида уларнинг замондоши Александра Осиповна Смирнова-Россет хотираларида бир қанча маълумотларга дуч келдик. Лекин у:“Лермонтовнинг кўзлари жуда жозибали, аммо улар Пушкин нигоҳларидан мутлақо фарқ қилади. Пушкиннинг кўзлари сингари буюк шоирликдан дарак бермайди. Гоҳида Лермонтовнинг меҳрибон кўзларида маъюслик ва нафрат ҳам акс этади. Ўзимдан-ўзим сўрайман, Лермонтов асли кўнгли бўш инсонмикин ёки ўзини шундай тутармикин? Ёшлиги боисми, ўзига ишончсизлик ҳамда уятчанлик хусусияти жўш ургандир”, деб ёзган.

Лермонтовнинг нигоҳларидаги хомушлик – болалик чоғидаги қийинчиликлар, заҳматли йилларни бошдан кечиргани туфайлидир. Ахир ҳар қандай ноёб истеъдод эгасига ҳам оғир турмуш тарзи, йўқчилик ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Пушкин эса, барчамизга маълумки, тўкин-сочинликда улғайиб-ўсган.

Балким уларнинг руҳиятига ҳаётнинг оғир зарбалари таъсир қилгандир, бироқ Ватанга чексиз муҳаббатини ҳеч нарса синдира олмади. Ҳар икки шоирда ватанпарварлик ҳисси кучли эди. Ҳеч бир муаммо уларнинг ижодига раҳна сололмаган. Рус адабиётидаги буюк дарғаларнинг шеърларида фикримнинг исботи янада ойдин.

Манбалар: Владимир Павловнинг: “Пушкин хотирасига ёхуд буюк авлоднинг истеъдодлари” ва Яков Рабинернинг “Пушкин билан Лермонтов учрашганми?”

Зилола ЖАЛОЛОВА тайёрлади