“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

КИТОБЛАРДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ

Дилшод ШАМСИДДИНОВ,

«Соғлом оила – соғлом ҳаёт» МЧЖ директори, шифокор, педиатр

КИТОБЛАРДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ

Китоблар – ҳар миллатнинг маданиятини, онгу тафаккурини ва мавқеини белгилайди. Китобсиз миллат – маданиятсиз халқ, маданиятсиз қавм, дейди машҳур ёзувчиларимиздан бири. Дарҳақиқат, мутолаадан тўхтаган инсон тафаккур заифлигига йўлиқа бошлайди. Чунки китоблар бевосита қалб ва тафаккур ўртасидаги мулоқот кўпригидир. Яхши китоблар ўқувчини тинглайди, суҳбатлашади, дардига шифо беради. Баъзан кўп китоб ўқишнинг фойда ва зарарли томонлари ҳақида мунозараларга дуч келамиз. Аслида, бу ҳақда замонавий тиббиёт нима дейди? Бунинг бир неча жиҳатларини кўриб чиқамиз:

1. Фикрлашни ривож­лан­ти­риш.

Мутолаа жараёнида ўқувчи беихтиёр асар сюжети ва бош қаҳрамоннинг хатти-ҳаракати ҳақида мушоҳадага берилади. Ўз ўрнида, инсон мияси вақти келиб пайдо бўлаётган саволларга, ҳолатларга ечим топа бошлайди. Мабодо, ҳаётда бундай воқеа рўй бермаса ҳам мия учун бу яхши озуқа ва машқ ҳисобланади.

2. Стрессни енгишга ёрдам беради.

Яхши китобларни ўқиш – инсонга стрессларни енгишида ва ундан буткул халос бўлишида ёрдам беради. Улар мутолаа давомида вақтинча бўлса ҳам китобда ўйлаб топилган воқеалар ёрдамида ўзларининг муаммоларини унута бошлайдилар. Мутолаа тугагач, ўқувчи ўзини анча енгил ва тетик ҳис этиб, муаммоларга тик қарай бошлайди.

3. Луғавий захирасини бойитишга ёрдам беради.

Классик адабиёт ва яхши ёзилган замонавий асарлар мутолааси туфайли инсоннинг сўз бойлиги ортади. Баъзан нотаниш сўзларнинг маъносини тушуниш учун ҳам луғатларга қарашига тўғри келади. Вақти келиб эса у ўз фикрини янада тўлиқ, равон қилиб етарли даражада ифодалай бошлаши шубҳасиз.

4. Касалликларнинг олдини олиш.

Яхши китобларни ўқиш – турли онкологик хасталиклар, миянинг эрта қаришини, ақли заифликни, Альцгеймер касалликларининг олдини олишида ёрдам беради. Китоб мияни дои­мий машқ қилдириб боради. Янгидан-янги маълумотларни ўзлаштиришга, қайта ишлашга мажбур қилади. Натижада ақл тиниқлаша бошлайди.

5. Инсоннинг ўзига бўлган ишончини оширади.

Ўзига бўлган ишонч дадиллашгач, инсон кўпчилик орасида ҳам ўзини йўқотмайди, мулоқотга тез киришади. Доимо атрофдагиларнинг диққат марказида бўлади.

Шунингдек, мутолаа – уйқуни яхшилаш, диққатни ривожлантириш, инсонни тушунишга ва ҳис қилишга ёрдам бериш, кайфиятини кўтариш ва муаммоларни ечишида асосий кўмакчи бўлиши маълум.

Китоблар – нафақат катталар, балки энг аввало, болаларнинг ақлий ривожланишида, тасаввурини кенгайтиришида, уни бойитишида асосий катта туртки бўлади. Айниқса, китобни овоз чиқариб ўқиши натижасида ўқувчининг талаффузи ва нотиқлик қобилияти ошади. Фарзандларига бу усулда китоб ўқиб бериш оиланинг янада аҳиллашувига хизмат қилади.

Бироқ транспорт воситаларида кета туриб ёки ётган ҳолда ўқиш, қоронғи ва ёруғлик кам тушган жойда мутолаага шўнғиш – соғлик учун зарарли.

Атрофга боқсангиз, ишдан барвақт бўшатилган, одамлар билан кам мулоқот қиладиган, кам ўқийдган инсонлар тез қарий бошлашини кузатасиз. Кекса бўлишига қарамай, доимо ўқишни машқ қиладиган инсонлар эса тетиклини йўқотмайди.

Инсон қанча кўп қайғули китобларни ўқиб, салбий мавзудаги киноларни кўрар экан, организмида қон қуюқлашиб, депрессияга туша бошлайди, иммунитети пасаяди, натижада ҳар хил онкологик ва бошқа турдаги касалликларнинг ривожланишига омил бўлади.

Библиотерапия – бу турли хил стресс, қўрқув ва ваҳимага тушган инсонларни китоб билан даволаш усулидир. Унинг асосий максади:

– инсонни доимо позитив фикрлашга ўргатиш, миясидан негатив ва пессимистик руҳдаги фикрларига барҳам бериш;

– ўзининг муаммо ва ҳиссиётларини уялмай, қўрқмай, ўзини айбламай, тўғри ва ҳаққоний қабул қилишга ўргатиш;

– инсонларга муаммолар ечимининг бошқа йўлларини кўрсатиш ва уларга бошқача назар билан қарашга ўргатишдан иборатдир.

Танқидий китобларни ўқиш – ўзгалар фикридан чиқолмайдиган инсонларнинг дадиллашувига ёрдам беради. Ҳазил-мутойиба китоблар эса кайфиятни кўтариш ва ижобий фикрлашга ўргатади.

Фольклор ва афоризмлар – стрессни енгиш ва ўзига булган ишончни оширишни, фантастик руҳдаги асарлар инсонни детектив-креатив фикрлашга ўргатиб, дунёқарашни ўстиради.

Драматургия – кучли эмоцияларни енгишга, илмий-фалсафий адабиётлар эса муаммоларни ечимини топишга ёрдам беради.

Бир сўз билан айтганда, инсон камолотида, соғлиғида ва тафаккурини бойитишда китоб­лардан ўзга нажот йўли йўқ. Илм-фанда ҳам, тиббиётда ҳам, руҳият ва қалб оламини ҳам ёритгувчи, шубҳасиз, беминнат китоблардир.