“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Ақл-идрок овози

Акмал САИДОВ,

Академик

Франция Президенти Эммануэл Макроннинг “Революция” деб номланган китоби “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида нашрдан чиқди.

 

Эммануэл Макрон «Революция»

2016 йилги французча ва 2019 йилги ўзбекча нашрлар

 

«Франция Президентининг сиёсий ва иқтисодий дастури тўла ифода этилган ушбу китоб мамлакатимиз академик ва ишбилармон дои­ралари, олимлар ва амалиётчилар томонидан синчиклаб ўрганилмоқда, – деб ёзади Президент Шавкат Мирзиёев китобга ёзган «Ақл-идрок овози» сарлавҳали сўзбошисида. – Шуниси эътиборлики, ўз китобига «Революция» деб ном берганига қарамасдан, муаллиф «Шок терапияси» ғоясини илгари сурмайди. Унинг фикрича: «Янги муносабатларни ўрнатиш учун аввал яратилган барча нарсаларни бузиб ташлашнинг ҳожати йўқ». Бу ғоя бизнинг юртимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган, пухта ўйланган, ижтимоий йўналтирилган ислоҳотлар фалсафаси билан уйғун ва ҳамоҳанг эканини қайд этиш лозим».

«Сўниб бораётган умидимизни қайта уйғотиш учун биз дунё воқелигига – у қанчалар кескин ва аччиқ бўлмасин – очиқ юз тутишимиз керак», деган илк жумлаёқ китобхонни дарров ўзига жалб этади.

Эммануэл Макрон ўз китобида Франциянинг ҳозирги ҳолатига аниқ ташхис қўя олган. Бунда муаллиф ўз фикр-мулоҳазаларини дунё миқёсида юз бераётган тадрижий ва инқилобий ўзгаришлар, юзага келаётган турли муаммолар таҳлили билан ўзаро уйғунликда, ишонарли ва ғоят таъсирчан услубда баён этгани алоҳида диққатни тортади. Уни мутолаа қилган французлар ўз Президентига «Сиёсат осмонида ўзининг адабий ва фалсафий қирралари ҳам ўта ёрқинлигини кўрсатган порлоқ метеорит», деган таъриф берадилар. Эммануэл Макрон «Революция» китоби мисолида қотиб қолган сўллар ва ҳеч кимга қайишмайдиган ўнг партия тарафдорларидан фарқли равишда учинчи йўлни танлаганини аён қилди. Яъни Франциянинг янги Президенти Буюк Британия собиқ Бош вазири Тони Блэр ва АҚШнинг собиқ Президенти Билл Клинтон каби ўзи учун мутлақо янги йўлни – ташаббуслару орзу-истакларга бой социал-либераллар йўлини кашф этди.

У «Биз китобларда битилган билимларга, илму ирфон ва ҳикматларга риоя қилишимиз керак. Адабиёт – ободлигимиз ва фаровонлигимиз гарови», деган фикрни так­рорлашни яхши кўради. Бу ғояни Эммануэл Макрон ўзининг «Революция» китоби мазмун-моҳиятига ҳам чуқур сингдирган.

Эммануэл Макрон китоби танқидчиларининг фикрича, авваламбор, асар номи билан мазмуни бир-бирига мос эмас. Яъни уларнинг даъвосига кўра, китобда инқилоб ҳақида ҳеч қандай сўз бормайди, ҳатто Эммануэл Макрон илгари сурган фикр ва ғояларда ҳам инқилобий руҳ сезилмайди. Муаллиф сиёсатчидан ҳам рисоладагидек адиб чиқиши мумкинлигини исботлаган ва Жорж Помпиду услубида ижод қилган, холос.

Танқидчиларнинг бошқа бир гуруҳи эса Эммануэл Макроннинг китобида аниқликдан кўра мужмаллик кўпроқ, деган фикрни билдиради. Айни чоғда, бундай мужмаллик фикрсизлик ёки ғоясизлик оқибатида эмас, балки муаллифнинг сиёсий стратегияси туфайли келиб чиққан. Нима бўлганда ҳам, олқишловчилар ва танқид қилувчилар битта фикрда ўзаро якдил: Эммануэл Макрон ўз мақсадига эришишга астойдил интилмоқда.

Президент Эммануэл Макрон томонидан Францияда амалга оширилаётган комплекс ўзгаришлар Ўзбекистонда катта қизиқиш ва эътибор билан кузатиб борилаётгани бежиз эмас. Бинобарин, Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, «Бу ўзгаришлар, аввало, конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятни янада бирлаштириш, давлат бошқаруви тизими ва солиқ қонунчилигини такомиллаштириш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инновацион технологияларни кенг жорий этиш, социал соҳани ривожлантириш каби устувор йўналишларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир».

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8–9 октябрь кунлари Франция Республикасига амалга оширилган расмий ташрифи арафасида ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилган ва илк нусхаси Парижда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда муаллифга тақдим этилган бу китоб мамлакатимиз академик ва ишбилармон доиралари, олимлар ва амалиётчилар томонидан синчиклаб ўрганилаётгани айни муддаодир.