“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

УЛАР ШУНЧАКИ ОДАМЛАР ЭМАС...

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси Бош шифокори Анвар Ражабов билан суҳбат

– Анвар ака, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва уларнинг хонадони, кекса адибларимизнинг кўнгли ва қалбидан жой олиш, улар билан тил топишишнинг ўзига яраша қийинчилиги бор, деб ўйлаймиз...

– Жаҳон адабиёти айвонида ҳам сўзи, ҳам амали билан қалбларга шифо улашган ижодкорлар кўплаб топилади. Масалан, буюк рус адиби Чехов бир вақтнинг ўзида етук врач бўлган. Толстойнинг шоҳ асарларидан бири бўлмиш “Крейцер сонатаси”нинг ёзилишида ҳам ёзувчининг дўсти ва табиби Душан Маковицкийнинг ўрни беқиёс бўлганини ва йигирманчи аср дунё шеъриятининг забардаст вакилларидан бири, швед шоири, Нобель мукофоти соҳиби Тумас Транстрёмернинг кучли невропатолог сифатида танилгани ҳам бизга маълум.

Биз элимизнинг таниқли инсонларига хизмат қилаётганимиз, уларнинг соғлиги учун қайғуриш масъулияти зиммамизда турганидан фахрланамиз. Очиғи, давримизнинг қанча номдор, улуғ шоир ва адиблари билан кўришиб, танишиб, айримлари билан ота-боладек иноқ, ака-укадек аҳил бўлиб кетганмиз. Уларнинг айримларини бешафқат вақт, муқаррар ўлим орамиздан олиб кетди. Бугун Хотира ва қадрлаш айёми олдидан уларни эслаб, ёдга олиб, шундай буюк инсонларнинг ташаккурини эшитганим, дуосини олганимдан ич-ичимдан қувонаман. Элимизнинг азиз ўғлонлари Абдулла ака Орипов, Эркин ака Воҳидов, Ўткир ака Ҳошимов, Носир ака Фозилов, бетакрор шоирамиз Ҳалима опа Худойбердиева ва бошқа машҳур шоир ва адибларимизни бугун ёдга олиб, улар билан қилган мулоқотларимиз, муолажалар пайтидаги мазмунли суҳбатларни эслаб юрагим ғалати бўляпти. Ўтганларнинг охирати обод бўлсин... Яратган тирикларнинг умрини зиёда этсин! Барча ижод аҳли ҳамиша қадр ва эъзоз топаверсин.

– Ижодкор халқи бошқалардан кўра фарқ қилади-а?!..

– Шундай. Баъзида ижодкор ўзи ёзаётган асари таъсиридан чиқолмаган ҳолатида бизнинг ёнимизга келади. Бу одамга умуман бошқача муомалада бўлишга тўғри келади. Яна бошқа бировнинг ниманидир излаётгани, ёзиш ҳолатига мослашаётгани сезилиб туради. Ёзувчи халқини нима бўлган тақдирда ҳам унинг оламига киришга уринмасангиз, шифокор сифатида у билан тил топишолмайсиз. Улар шунчаки одам эмас, уларнинг дунёси бошқа. Баъзан олдингда бир бемор турганини биласан ва унга қараганингда беморни эмас, хаёли уйида – ёзув столи устида қоғозларида қолганини кўрасан. Битишга чоғланаётгани асарига янги ғоя қидираётган шоир ёки ёзувчини кузатасан. Кўз ўнгида саҳна ва ўзи яратган образларни воқеликка йўналтираётган одам қаршингда турган бўлади. Нега? Негаки, улар ижодкор. Вужудидаги дард вақти-вақти билан хуруж қилиши мумкин, аммо ёзиш дарди ундан-да оғир. Бу чин маънодаги гап. Мен адиблар ва шифокорлар ўртасида узвий боғлиқликни кўраман доим. Бизнинг биргина хатомиз инсонларни нобуд қилиши, бир умр тузатиб бўлмас ҳолга солиб қўйиши мумкин. Ижодкор, айниқса, маънавият улашмоқчи, йиллар оша ўзи яратаётган ғояларни тарғиб қилмоқчи бўлган шоир-ёзувчи хато қилиб қўйса, бир шахс эмас, бутун бошли жамиятни нобуд қилиб қўйиши шак-шубҳасиздир. Шу туфайли ҳар иккимиз ҳам бир-биримизга бўлган масъулиятни мустаҳкам ушлаб турамиз. Мен ижодкорлардан маънавий, руҳий қувват оламан. Уларга эса ўз навбатида жисмоний баркамоллик улашаман.

– Анвар ака, ҳар бир касбнинг ўзига яраша қийинчилиги бўлади. Шифокорлик касбининг машаққатлари ҳақида гапирсангиз...

– Халқ орасида шифокорлик машаққатли касб, деган гап юради. Аммо мен бунга қўшилмайман. Қачонки, одам ўз касбини севмаса, унга меҳр қўймаса, қийинчилик туғдиради. Биз, айниқса, сўзни ўз фарзандидай кўрадиган инсонларга жуда эҳтиёт бўлиб муомала қилишимиз керак. Чунки ижодкорлар борки, бизнинг айтар сўзимиздан қандай ҳолатдалигимизни билиб олишади. Бир оғиз ширин сўз беморга миллионларга олинган дори-дармондан яхшироқ таъсир қилиши мумкин. Ҳатто тиб илмининг султони Ибн Сино бобомиз ҳам “Шифокорда бургутнинг кўзи, шернинг юраги, аёлнинг қўли бўлиши керак”, деган экан. Буларнинг бари Сўзда акс этмоғи айни ҳақиқатдир. Боиси, шифокор беморининг руҳини даволамасдан туриб, танадаги касалликни даволай олмайди. Беморингни соғайиши, аввало, унинг ўзига, кайфиятига боғлиқдир.

Мана, Сизлар “Китоб дунёси” газетаси орқали юртдошларимиз орасида китобхонлик маданиятини ошириш йўлида хизмат қиляпсизлар. Бу ҳам жамиятимиздаги айрим маънавий бўшлиқни тўлдиради, даволайди. Шундай газета учун катта раҳмат. Яқинда газеталарингиз “Олтин қалам” миллий мукофотини қўлга киритибди. Бу муносиб ютуқ! Меҳнатларингиз ўз ўрнида қадр топди. Мавриди келганда, газета жамоасини, мухлисларингизни ва барча китобхонларни юксак эътибор ва эътироф билан табриклайман.

Дилбар ИСМАТУЛЛАЕВА суҳбатлашди