“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Эслайсанми, расмим кўрганда сен ҳам...

Болалигимда аям мен ҳали эшитмаган эртаклар, ашулалар, шеърлар айтиб берардилар. Берилиб эшитардим. Аммо сира хаёлимга келмасдики, бу шеър-қўшиқлар кимники, уларни қайдан биладилар, сўрамаганман. Вақтлар ўтиб эртаклар ва ашулаларни бувиларидан, шеърларни эса тоғаларидан тинглаб ўсганларини билдим...

Яқинда ўша шоир тоғамнинг (аямнинг тоғаси) китобларини топиб олдим. Сўзбошида устоз Қамчибек Кенжа шоир ҳақида айтган сўзлари эътиборимни тортди: “Холдоржон Қуронбоев табиатан вазмин, сипо бўлса-да, муросасиз инсон. Бу жиҳат унинг шоирлигида, яъни асарларида ҳам ўз аксини топиб туради. Эҳтимолки, ижодкор бўлгани учун ҳам ундаги ички туғёнлар, исёнлар бўртиброқ кўринади...”

Тоғам бугун орамизда йўқ. Бироқ асарларида уларни кўргандай бўламан...

 

 

Юлдуз ЎРМОНОВА,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати

 

 

Холдоржон ҚУРОНБОЕВ

* * * 

Бургутдан сўрдилар: “Қандай ҳикмат бор,

Болангни тоблайсан чўққига элтиб?

Унда зўр-ку хатар, машаққат, озор,

Нобуд бўлмайдими йиқилиб-нетиб?”

 

Бургут жавоб берди: “Агар бугундан

Чўққи ташвишини солмасам бошга,

Эртага нимани кутаман ундан,

Қандай интилади ахир қуёшга?!”

 

 

Кўзларинг

 

Севасанми дердим, севмайман дердинг,

Лекин кўзларингда аксин кўрардим.

Тилда гоҳо-гоҳо алдоқчи эдинг,

Шунда кўзларингдан ростин сўрардим.

 

Кўзларинг ростини айтиб турар, бас,

Сен мени қанчалик алдама, дилдор.

Унутаман дединг, ишонгим келмас,

Кўзинг ҳамон мени этар умидвор.

 

Сурат

 

Сарғайган суратдан боқиб турибсан,

Қанча йиллар оша ноз билан ҳамон.

Ўчган ўтни яна ёқиб турибсан,

Шу дам кўзинг – юлдуз, юрагим – осмон.

Юлдуздан безанган осмон бахтига

Бахтимни қиёслаб боқаман қиё –

Бир нафас энтикиб йигит вақтимга!..

Яшаргандай бўлар дунё ҳам гўё.

Эсга тушар унут бўлган қадамлар,

Салқин анҳор бўйи ва хилват боғлар;

Эсга тушар тугал у шеърий дамлар,

Лолазор, адиру пистазор тоғлар.

Оёғинга кирса мабодо тикан,

Уни кипригимда олай деганим;

Ва сенинг дунёда вафо бор экан,

Вафо дунёсида қолай деганинг.

Сўзингни қўшиқдай тинглаганларим,

Шу қўшиқ кифтида қилган парвозим.

Сочингни нозланишинг, менинг эъзозим.

Эсга тушар рашкинг ва менинг рашким,

Сенинг таъналаринг ва менинг таънам.

Хўшлашиш чоғида сел бўлган ашким,

Эсга тушар бари, бевафо санам.

Эслайсанми, расмим кўрганда сен ҳам...