“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Адабиёт мангу яшайди

Маҳфуза ЭРГАШЕВА,

Бухоро шаҳри 35-умумтаълим мактаби олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси,

“Шуҳрат” медали соҳиби

 

Адабиёт нима?

– Буюк файласуф Арасту санъатнинг моҳиятини киши қалбини поклашда, тозартиришда кўрган эди. Бадиий адабиёт ҳам башарият учун биринчи галда айнан мана шу вазифани ўтайди. Зеро, адабиётнинг ўзи ҳайратга, муҳаббатга ўч юраклардан отилиб чиқувчи сокин нидо, ҳайқириқ, шивирдир.

Турфа қиёфалар, тақдирлар, ҳодисотлар, туйғулар, фикрлар... ва уларнинг сўзу жумлалардаги зуҳури... Мажнун, Ҳамлет, Дон Кихот, Фауст, Анна Каренина, Отабек, Зебининг ҳаёти билан яшаш, уларнинг дарду қувончини, ўй-кечинмаларини бор бўйича туйиш, шу орқали фикрлаш лаззатию машаққатини тотиш, оламни ҳамда ўзини, ўзлигини англаш... Гарчи адабиёт дунёси вакилларининг шахсияти, миллати, ижтимоий мансубияти, тили, фикр ва маслаги, яшаган замонаси турлича эса-да, уларнинг бари бизга таниш, қадрдон. Чунки одамзоднинг фитрати, тийнати, моҳияти мудомсиз ўзгаришсиз ҳамда ягона эканлиги боис ҳам Сўз санъати, Сўзга муҳаббат замонлар оша, маконлар оша авлоддан авлодга ўтаверади.

Адабиёт ўзга санъатлар қатори инсонни ҳайвонот оламидан ажратиб турувчи чорраҳадир, эҳтимол. Дунёда эзгуликнинг лоақал хирагина чўғи бор экан, бу шуъла қалбларни поклаб, инсонни инсон сифатида тутиб турар экан, демакки, Сўз қадри, Сўз ишқи ҳам бардавом.

Сиз фаолият кўрсатаётган мактабда адабиёт фанини ўқитиш қандай йўлга қўйилган, шахсий педагогик услубингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

Ҳозирда ноанъанавий деб айтаётган усулларимиз аллақачон анъанага айланиб қолди. Менимча, адабиёт ўқитувчиси қайси усулни қўлламасин, ўқувчига Сўз сеҳри, Сўз қудратини тушунтира олиши керак. Ўзим кўпроқ ўрганилаётган асарнинг ғоявий-бадиий таҳлилига қаратилган баҳс-мунозара шаклидаги, шунингдек, кутубхона билан ҳамкорликдаги дарсларни маъқул кўраман.

Бугун бадиий адабиёт, китоб мутолааси ўрнини интернет эгаллаб олмадимикан? Ўқувчини китобга қайтариш учун сиз қандай йўл тутяпсиз?

– Менинг назаримда, китоб – аввало, муайян маълумотлар, билимлар, фикрларни ўзида жамловчи ва ташувчи бир восита. Қачонлардир у харсанг тошлар, папирус парчалари, ўрама қоғозлар шаклида бўлиб, кейинчалик босма қоғоз ҳолига ўтган. Эндиликда унинг электрон кўринишдаги турлари юзага келмоқда.

Интернет ва компьютернинг шуниси қулайки, уларда мавжуд манбани ўта тез, осон ва арзон нархда топиш имкони мавжуд. Бундан ташқари, айнан ахборот коммуникацион технологиялари ёрдамида ўша манбанинг миқдори ва сақланиш давомийлигини анча ошириш мумкин. Шу боис босма китоб ҳамда электрон китобни ўзаро чоғиштириш ноўрин деб ўйлайман. Лекин адабиётнинг инсоншунослик сифатидаги қиёфасини китобни варақлаб ўқиганингизда, китобнинг ўзига хос ҳидини туйганингизда ҳис қиласиз.

Хўш, бу ҳиссиёт болада қачон пайдо бўлади? Қачонки оилада ота-она, мактабда ўқитувчи китобхон бўлса, болада ҳам китобхонлик маданияти шаклланади.

Сизнинг доимий ҳамроҳингиз ва ўқувчиларга тавсия қиладиган китобларингиз?

Ўзим фақат бадиий жиҳатдан юксак даражадаги китобларни ўқиш тарафдориман. Чунки мутолаа ҳам меҳнат. Уни зое кетказмаслик лозим. Шу боис ўқувчиларим ҳамда ёш китобсеварларга Сўзга нисбатан улкан масъулият ҳисси билан ёзилган асарларни ўқишни тавсия этаман. Бундай ижод намуналари миллий адабиётимизда ҳам, жаҳон сўз санъатида ҳам талайгина. Булар Навоий, Бобур, Қодирий, Қаҳҳор, Пушкин, Лермонтов, Айтматов асарлари...