“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

РУҲИЙ ДАРМОН

Ўткир ҚУЛСОАТОВ,

Сурхондарё вилояти Шўрчи туман ХТБ мудири

 

Сурхондарё воҳаси аҳолиси азал-азалдан эзгу сўз билан ҳаётини, қисматини боғлаб келган. Халқ достонлари-ю термаларидан тортиб замонавий адабиётимизнинг энг нодир намуналарини ардоқлагани боис кўплаб ижодкорларни етказиб берган вилоятнинг Шўрчи туманида ҳам китоб ва унинг тарғиботи борасида ибратли ишлар кўп. Бугунги суҳбатдошимиз, туман халқ таълими бошқармаси мудири Ўткир ҚУЛСОАТОВ китоб ва кутубхоналар ҳақидаги мухтасар фикр-мулоҳазалари қаторида уларнинг айримларига тўхталиб ўтди.

— Мутолаа бу маънавий озиқдир. Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, асрларни — асрларга, даврларни- давр­ларни китоб бир-бирига боғлаб келади. Тасаввур этиб кўринг-а, саҳифалар қатида инсониятнинг асрлар давомида тўплаган тажрибалари, йиққан билими бизгача етиб келмаганида қандай аҳволга тушардик? Ўз илдизидан жудо бўлган инсониятнинг саргашта хатти-ҳаракатлари одамнинг раҳмини келтирса керак.

Албатта. Барча илоҳий ваҳийлар сўз орқали тушган. Муқаддас китобларимиз бизга йўл кўрсатади. Уларни юз-кўзимизга сурамиз. Уйимизнинг тўрига қўямиз. Менимча дунёда «Ўқи!» деган буйруқ феълидан бошқа бирорта буйруқ инсоннинг қулоғига бунчалик ёқимли туюлмаса керак. Бу буйруқда эзгулик жойлашган. Ҳамма буйруқдаям эзгулик бўлавермайди. Қисмат, тақдир, келажак жо бўлган бу буйруқда. Инсоният илмнинг катта қисми қоғозларда, кишининг қоғоз хотираси бўлмиш китобларда яшайди. Шунинг учун ҳам маънавиятли одамзоднинг ягона орзуси китоб тўплаш ва шахсий кутубхонасини бойитишга, фарзандларига мерос сифатида қолдиришга ҳаракат қилади.

Китоб ва уни чоп этиш, тарқатиш ҳамда мутолаа руҳий-манавий эҳтиёж дедик. Рамзас II кутубхонага «Руҳий дармон» дея бежиз таъриф бермаган. Инсон руҳияти ва кайфияти китоб мутолааси билан озиқланади. «Кимки китоб ўқишдан тўхтаса, билингки, фикрлашдан тўхтайди» — деган эди Дени Дидро. Китоб ақлни ўстиради, нутқни такомиллаштиради, фикрни шакллантиради. Маънавий юксалиш учун инсон китоб ўқишга доим эҳтиёж сезади. Китобни ўқий олмаслик инсонни руҳий заифликка етаклайди, теран фикр­лашга йўл қўймайди. «Китоб бойлик, сотиб олингани эмас, ўқилгани» — деган эди ёзувчилардан бири. Чиндан ҳам, инсон оламни таниш, ҳаёт маъносини англаш, яшашдан мурод нелигини тушуниш илинжида китоб ўқийди. Ҳеч бир завқ мутолаа завқига тенг эмас. Шу маънода кутубхоналарни бойитиш, улардан ёшларни баҳраманд қилиш биз таълим соҳаси ходимларининг муқаддас бурчидир. Аммо бунда замонни ҳам назарда, қочирмаслик лозим. Ҳар қандай тезкор ахборот технологиялари китобнинг ўрнини боса олмайди. Инсон ҳар доим ҳам китоб ўқишга эҳтиёж сезади. Аммо замонавий технологиялардан китобни кенгроқ фойдаланиш йўлида фойдалансак, бизга отанг­га балли, дейишади. Китоб — ҳар қандай билимларнинг ибтидосидир. Ҳо­зирги кунда ёшлар истаймизми-йўқми, интернет тармоғидан фойдаланмоқда. Ёшлар ўртасида медиатаълимни ривожлантириш, электрон китоблар базасидан кенг кўламда фойдаланиш, мактаб кутубхоналарида электрон кутубхона тизимини ривожлантириш масалаларини ечиш давр талабидир. Ҳозирги кунда мактаблар кутубхонасида бадиий китоблар фондини жаҳон адабиёти ва миллий адабиётлар билан бойитиш ҳам бугунги кунда долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Ёшларнинг билим олишига қизиқишларини шакллантириш, мутолаа маданиятини тарбиялаш, китобхонлик даражасини ошириш учун қуруқ гап-сўз кифоя қилмайди, барча имкониятлардан фойдаланишимиз керак. Онгимиздаги ўзгармас консерватив тушунчаларни улоқтириб ташлаб, ёшларни тушунишга, қалбига кириб боришга уринишимиз лозим. Шундай экан, нега ахборот воситаларидан китобнинг таърифини эмас, китобнинг ўзини тақдим этишдан ҳамон оқсаймиз. Китоб ундоқ-бундоқ дегандан битта китобча ўқи, дерди менинг бир устозим. Китоб орқали дунёни кашф этамиз. Китобхонлик энг муҳим маънавий-маданий эҳтиёждир. Китоблар замон тўлқинларида сузувчи ва ўзининг қимматбаҳо юкларини авлодлардан авлодларга авайлаб элтувчи тафаккур кемаларидир.

Айтиб ўтишим керакки, бизнинг Шўрчи туман халқ таълими бўлимига қарашли 59 та таълим муассасаларида «Оммавий китобхонлик ҳафталиги» шу йилнинг  октябрь ойида бўлиб ўтди. «Китоб орқали дунёни кашф этамиз» шиори остида оммавий китобхонлик ҳафталигида барча таълим муассасалари фаол иштирок этишди. Тумандаги мактабларда «Китоб бойлик-сотиб олингани эмас, ўқилгани» мавзусида китоб ўқишни тарғиб қилиш бўйича маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Шу йилнинг май ойида тумандаги барча таълим муассасаларида «Энг фаол китобхон» тадбири бўлиб ўтди. Сентябр ойининг иккинчи ҳафтасида тумандаги мактаб раҳбарлари, кутубхоначилари ва директор ўринбосарлари иштирокида «Китобнинг инсон ҳаётида аҳамияти ва ундан фойдаланиш» ҳақида ўқув семинари бўлиб ўтди. Тумандаги мактабларда «Китоб миллатнинг бебаҳо маънавий ва маданий мероси» номли тадбир ўтказилди. Шу йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти «Ислом Каримов асарлари билимдони» китобхонлик ойлиги бўлиб ўтди.