“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЎЗИ ЗАМИН, ҚАЛБИ ОСМОН хАЛҚИМ БОР!

Шодмонқул САЛОМ\

 

— 1 —

Сурхондарёга кириб бораяпмиз. Дўстим Анварнинг машинасида! Дарбанд постида бизга қараб, «Яхши   келяпсизларми, байрамларингиз билан!» деб турган ДАН ходимларига салом бергач гурунгни давом эттираман!

— Мана шу тарафда, — дейман чап томонни кўрсатиб, — «Узундара» деган қадимий манзил топилди. Россия фанлар академияси билан бизнинг олимлар ҳамкорликда тадқиқот ўтказишди. Академик Эдуард Ртвeладзе экспидиция раҳбари. Мачайдаги Тешиктош ғоридан қуйироқда. Камида тўрт минг йиллик тарих бор, дейишяпти. Балки, Искандардан қолган ганжинадир!

Анварнинг иккинчи синфда ўқийдиган ўғли — Озодбек анқайиб савол беради:

— Бобо, қайси Искандар? Ганчина дегани нима?

— Ганчина эмас, ганжина! Бу бойлик дегани, невара! Юртимиз ана шундай бой тарихга эга! Тилимизга форсчадан кириб келган бу сўз.

— Россияликларга нима керак буни топиб, ўрганиб?

— Бу биргина Россияга эмас, бутун одамзодга керак бўлган тарих! Буни қадрлаш керак! Шу замин билан, шу юртнинг тарихи билан фахр-ланишимиз керак!

Анваржон йўлдан кўзини олмай гап ташлайди:

— Эй, шоир, қўйсангиз-чи, китобий гапларни! Ҳозирги болалар ишонмайди, бундай гапларга!

Унинг атайлаб, гапхалтам очилишини истаб шундай гап қилаётганини сезиб қоламан.

— Анваржон, бу гаплар китобий эмас. Рост гаплар! Нега фарзандларингизга Озодбек, Исломбек деб исм қўйгансиз?

— Бунинг Искандар тарихига нима дахли бор?

— Ватанпарварлик деган гапларга алоқаси бор-да!

— Ҳа, шундайми, маъқул, — дейди Анваржон қувлик билан. Унинг шумлигини сезиб менга ҳам гал келганини тушунаман:

— Ана шундай! Ақлингиз етмаган нарсаларга аралашманг! Тўғрими, Озодбек?

— Тўппа-тўғри! — дейди болакай. Ва кулади. Унинг кулгуси қоронғи кечани ёриб бораётган «Нексия»нинг нурларидай кўнглимни ёритади. «Бешни ташла» дейман, орқага қўл чўзиб. Озодбек қўл ташлайди. Анваржон завқланиб кулади. Гапимизга қулоқ бериб, жим келаётган келин ҳам жўр бўлади кулгуга!

— Озодбек, кундуз куни ўтганингда қарасанг, ҳув анави чўққида зўр нарсани кўрасан! Булут ишлаб чиқариладиган завод бор. Бутун республикага булут шу ерда ишлаб чиқилади. Бу булутлар ёмғир, қор бўлиб келиб ёғади.

— Э, алдаманг, бобо?

— Рост! Ана ишонмасанг, дадангдан сўра. Энг баланд Ҳазрати Султон чўққиси Бойсунтоғда-да!

— Йўқ, ўқитувчимиз булут босим остидаги ҳавонинг ҳаракатидан пайдо бўлади, деганди-ку?

— Ўқитувчингга раҳмат! Тўғри айтибди. Ҳазиллашган эдим!

— 2 —

Тешиктош ғори, Ўрта Осиёлик олимларнинг дунё аҳли олдида тилини узун қилган неандертал одамнинг бош чаноғи, Узундара қасабаси, адоқда қадим Бақтрияга макон бўлган Термиз ястанган. «Амир Темур» орденли шаҳар! Япониялик машҳур олим Като Кюдзо «Мен Термиз фуқаросиман!» деб фахр этгич эди. Ўнг тарафда ҳар жилғасидан бир бахши эниб келган Кўҳитанг тизмалари. У ерда Динозавр излари бор. У ердаги Зараутсой қоятош суратлари жаҳонда қадимийлиги бўйича иккинчи ўринда туради. Алпомишнинг чоҳи сақланиб қолган. Шимолда — Денов, Сариосиё ёқларда эса ер остидаги хазинаси қайнаб турган Хонжиза мўъжизалари бор. Кўҳна Чағониён харобалари, Оқостона деб ном олган азизларнинг манзилоти. Ҳисор тизмасига кирувчи «Чўлибойир» тоғларида, икки минг метр юксакликда чиғаноқлар қатламига дуч келган кишининг бошидан ҳуши қочади. Оҳ! Бу ер, бу тупроқ нақадар қадимий! Нақадар сахо!

Бойсуннинг назари оғир! Кўп кўҳна жой бу Бойсун дегани. Республика геномика маркази раҳбари Иброҳимжон ака деган профессор ўзбекман деган кишини фахрга ўрайдиган бир далил айтди.

Иброҳим аканинг бир бойсунлик шогирдининг гени — дунёдаги энг қадимий ген бўлиб чиқибди! 120 минг ёшдаги ген бизнинг вакилимизда мавжуд экан! Оврупою АҚШлик алломалар бу гапга ишонмай, қайтадан тадқиқот ўтказишган экан. Ростдан ҳам жаҳондаги энг ёши улуғ ген ўзбек миллати вакилида яшаб келаётган экан! Бу ҳали биргина Сурхон воҳаси билан боғлиқ тарих, Сурхондарё билан боғлиқ маълумотлар! Ўзбекистоннинг бошқа гўшаларига қарасангиз, буткул лол этадиган манзараларга дуч келасиз!

— 3 —

Бировларнинг қовоқ-тумшуғига қараб ўсган одамнинг елкаси қисиқ бўлади. Ҳаётдаги кўпдан-кўп зиддиятли, жасорат талаб этилган пайтларда ичидагини айтолмай шумшайиб, ҳақини олдириб, аммо ҳақлигини ич-ичидан ҳис этиб, ич-ичидан ўкиниб кетавераркан. Бу одам аслида меҳрга, ардоққа, эъзозга арзийди. Ундан жасоратдан бошқа нарсани сўранг фақат. Меҳнату заҳматдан сира қочмайди, фавқулодда садоқатли келади бу одам. Аммо бешафқат ҳаёт илкида унинг кўпдан-кўп ютқазишлари бор. Чунки унинг меҳнатини ҳамма ҳам қадрламайди, садоқатига кўплар хиёнат билан жавоб қиладилар. Меҳнатини ярим баҳосига баҳолаб, кўзини лўқ қилиб туҳмату гап сотиш билан уни чув тушираверадилар. Бу одам эса эса шунга ҳам қаноат қилади. Етимликда ўлиб кетмаганига, бировдан олдин, бировдан кейин бўлса-да турмуш қилиб, фарзандлар кўрганига шукрона қилади. Эгни қисиқ, қўли калта, елкаси офтоб кўрмаган бир одам. Бу одамнинг аёли ҳам ўзидан кўра мўмин келади. Аёли ҳам гапбилмас, эр — ярим пир, деб билувчи, бир хил хотинларга ўхшаб эрининг ҳақи учун унинг иш жойию раҳбарларига чанг солишни ўзига ўлим деб биладиган, ҳаёси юзидан томиб турадиган бир мискин аёл. Оллоҳнинг берган фарзандларини қийналиб ўстирадилар. Кечаю кундуз ҳалол тер тўкса-да, бири икки бўлмай, косаси оқармай келаверишади. Аммо ношукр бўлмайдилар, меҳнатдан қочмайдилар. Фарзандлари ҳам дастлаб отасидан ўрнак олишади. Токи ҳаёт улардан бирортасини жўмарду жасур қилиб вояга етказмагунича бу ҳол давом этади. Сўнг шу фарзанд кўтаради отасининг қаддини, шу фарзанд оиласининг номусини ҳимоя қилади. Бундай ўғлоннинг камолга етишида ҳаётнинг беражак сабоқлари анчагина қуйида турадиган омилдир. Аммо бусиз ҳам бўлмайди. Бу фарзанднинг майдонга келишининг туб сабаби бош-қа нарса: бу ёвқурлик унинг қонида бўлиши керак! Бўлмаса ҳаммаси бекор! (Ҳар кимга ҳам шундай фарзандлар ато қилсин!) Бундай фарзанд — Худонинг марҳамати, мискин отага, кўп замонлар эзилиб келган хонадонга тақдирнинг чўзган сахо қўли. Бу фарзанд азиз оиласидаги барча уқубат сабабларини ички сезги билан, кўриб-кечирганлари билан англайди, юрагидан кечириб улғаяди. Унинг қалбидаги ҳаётга бўлган исёни охир бир кун оиласини ёруғликка олиб чиқади, рўшноликка элтади. Бу фарзанд отасининг айбини юзига солмайди, уни бўшанг-ликда айбламайди. Онасининг жайдари туриш-турмушини, айтадиган содда-баёв гапларини, пардоздан, жозибадан олис ҳаётини маданиятсизликда, бефаҳмликда деб билмайди. Шундай ота-онаси борлигидан, муҳими борлигидан қувонади, шукрона қилади. У ота-онасининг айни ҳолатини, уларнинг бу тарздаги турмуш тарзини вужудга келтирган теран омилларни билади. Уларнинг қўлини қайириб ризқига чанг солган ҳаётга нафрат билан улғаяди у. Унинг кўксини куйдирган оловнинг номи ғурурдир! Бу ғурур уни ҳаёт билан, мустабид муҳит билан курашга ташлайди, музаффар этади. Бул фарзанд бўй тортиб ишга ярар бўлганиданоқ отасининг қўлтиғидан киради, онасининг маъюс кўнглига умидли ҳислар солади. Укаларини аяйди, сингилларини эркалайди. Отасининг кўзларида қотиб қолган мунгни, онасининг юрагига соя сол-ган ғуссани унинг қадди-бас-ти барбод қилади. Йигитда энг олий туйғу ғурур камолга етади. Ғурурли одамни енгиб бўлмайди! Ана шу ғурур вақти келганида ўзини кўрсатади. Ана шунда оёғи билан эмас тили билан юрадиган атроф-жавонибдаги одамлар бундай дейдилар: «Ҳа, бу йигитда кимсан, Назар оқсоқолнинг қони бор-да. Мана, ўзини кўрсатди! Отасига раҳмат!» Ана шу гапларни айтиб йигитни алқаган бу кимсалар бир пайтлар бундай ҳам дегич эди: «Ҳа, Назар бетгачопар дер эди бобосини. Ҳар кимнинг орасига тушиб ғўддаяберарди. Қирқдан ошиб-ошмай ўлди-кетди. Ундан кўра тўрт-беш мол қилганида манов боласи унинг-бунинг эшигига сорилиб турмас эди. Ўргулдим сендай гапбилгичдан. Асли бўлгулиги йўқ экан-да!..»

Бу гаплар билан йигитнинг иши йўқ. Бу гаплар унинг тўпиғига ҳам келмайди, чунки унинг юмуши улкан, муддаоси катта! Ота-онаси эса бир кунда бойиб кетган камбағалдай шод!

— 4 —

Халқ ҳам бир отадир, биродарлар! Бир онадир халқ ҳам! Буни юрак-юракдан    англаб иш кўришнинг, амалда кўрсатишнинг айни мавриди келди. Шонли тарих билан фахрланиш билан бирга буюк келажакни ҳам кўра билайлик. Шоир шеърида, киночи ўзининг олтин тасмаларида, тадбиркор ўз ташвишларида ватан манфаатларини кўриши керак! Бошқача бўлиши мумкин эмас, энди.

— 5 —

Уйга ҳам етиб келдик. Уй ёнида ухламай ўтирган отамнинг қораси кўринди. Кўксимдаги юрак бир титраб кетди. Олдинлар онам шундай бедор ўлтирарди.

Янги йил совғалари, бир дунё яхши хабарлар билан, тўлиб-тошиб уйга кириб бораман. Онамнинг суратига бир зум термуламан! «Мен келдим, онажон!» бирин-кетин уйғонаётган фарзандларимнинг юз-кўзига термуламан! Неча минг йиллик генлар чаппор ураётган илиқ кафтларига Қоpбобонинг  совғаларини тутқазаман. Биргина менинг оиламдаги қувонч қишлоққа ўрлайди! Акам, амаким, 93 ёшли бобом бирин-кетин кириб келишади. «Зиёратлар қабул бўлсин!» «Муродингиз ҳосил бўлсин!» Эҳ, ана шу гапларни 33 миллионлик ватандошларнинг кўнглига кўчирсак, шуни тасаввур этолсак — қанчалар катта шодликни ҳис қиласиз! Баракалла!