“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Кореяда янги йил

Отабек ЙЎЛДОШЕВ

 

Қишнинг илк кунлариданоқ Жанубий Кореяда байрам кайфияти ҳукмронлик қила бошлайди. Шу пайтда бу ерларга йўлингиз тушса, — зиёфатма-зиёфат юрасиз. Ҳа, корейслар йиғилишиб, гўшт қовурган кўйи бир пиёла май устида хурсандчилик қилишни яхши кўришади. Дўстим Санг Текнинг  айтишича, у бу йил декабр ойи мобайнида деярли ҳар куни тамаддихоналарда вақтини ўтказар экан. Гоҳ ҳамкасблар, гоҳ дўстлар, гоҳ улфатлар... Кореяда декабр ойларида катта тамаддихоналар туну кун гавжум бўлади. Корейслар 31 декабрни кенг байрам қилишмайди. Бу кун одатдагидек ўтади. 25 декабрда эса Рождествони катта тантаналар билан нишонлашади. Лекин қиш фаслида бутун оилани бир дастурхон атрофига йиғадиган байрам — бу қадимги Шарқ тақвими бўйича Янги йил байрамидир. Келаётган 2018 йилда Шарқ тақвими бўйича янги йил 15 февралдан 19 февралгача нишонланади. Бу байрам мамлакатдаги иккита катта байрамдан биридир. Тўрт кун давомида шаҳарлараро йўллар тирбанд бўлади. Чунки шаҳарликлар қишлоқларда яшаётган ота-онасию бува-бувиларини кўргани шошилишади.

Корейс қишлоқларида анчагина зерикарли муҳит ҳукм суради. Чунки қишлоқларда биронта ёш-ялангни учратмайсиз. Ҳар бир йигит-қиз вояга етгач, ўз омадини шаҳарлардан қидиради ва шаҳарда қолиб кетади. Вақт ўтиб, фақатгина байрамлардагина қарияларни йўқлайдиган бўлади. Байрамда бутун оила аъзолари йиғилишиб, тўкин дастурхон атрофида дийдорлашади. Қария ва касалмандлар кўнгли овланади. Энг аввало «Чарэ» маросимини ўтказишади. Бунда оламдан ўтган аждодлар эсланади ва турли ноз-неъматлар безатилган хонтахтани уларнинг руҳлари учун қўйишади. Шарқий тақвим янги йил байрамининг энг гўзал маросими «Себэ» деб аталади. Мен ушбу маросимни кузатиш имконига эга бўлганман. 2004 йили Жанубий Кореянинг Чунг-Анг университетида малака оширган вақтларимда корейс дўстимизникида ушбу байрамни нишонлаганмиз. «Себэ» маросими миллий либос кийган ҳолда ёш болаларнинг қарияларга эгилиб салом беришидан иборат. Корейс дўстларимизнинг айтишича, айниқса, ёш болакайлар «Себэ»ни интиқлик билан кутишаркан. Чунки бувию бувалар салом бериш маросимида набираларга пул бераркан. Қадим замонлардан бери яқин-яқингача пул ўрнига конфет ва турли ширинликлар улашилган экан. Нафақат ёш болалар, балки уйланиш ёшига етган бўйдоқлар ҳам қариялардан конвертга солинган пул қабул қилиб олади. Бу: «Янги йилда чўнтагинг пулга тўлсин», деган маънони билдиради.

Байрамларда каттаю кичикка ҳурмат ва касалманд-ларни йўқлаш одатлари, оила аъзолари бир дастурхон атрофида йиғилиб хурсандчилик қилиши билан корейслар бизга — ўзбекларга ўхшаб кетади. Бизда ҳам кичиклар катталарга эҳтиром кўрсатиши, салом бериши, бобо-бувиларнинг невараларни сийлаши нафақат байрамларда, балки ҳар доим оддий ҳол.

2017 йил ўз якунига етяпти. Ўтаётган йил жуда яхши йил бўлди. Келаётган 2018 йил ҳам юртимиз учун баракали ва файзли бўлсин. Ватанимиз тинчлиги абадий бўлсин!