“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Дунёни тафаккур қутқаради

Баҳодир ТОЖИМАТОВ,

Наманган вилояти ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи

 

Болаликдан китоб ўқишга қизиқаман. Бунга оилавий муҳит ва уйимиздаги чоғроққина кутубхона асосий сабаб бўлган. Мактаб дарсликларини, айниқса, адабиёт китобларини тенгдошларимдан аввалроқ ўқиб тугатганим, бора-бора уйдаги кутубхонамизни бадиий адабиётлар билан бойитишни одат қилишимга сабаб бўлди.

Айнан мана шу пайтдан бошлаб китобга меҳрим оша бошлади. Бирор асар мутолаасини бошласам, тугалламагунимча қаҳрамонлар ҳаёти ичида яшардим. Кейинчалик ўйласам, ҳозиргача ўқиган китобларимдаги қаҳрамонлар тақдири менга дарс бериб келади, умр йўлимда йўлланма вазифасини бажаради. Шахсий кутубхонамдаги китоблар сони ортгани сайин, маънан улғаяётганимни, юксалаётганимни ҳис қиламан. Ўзбек адабиётининг энг сара намуналари: Навоий асарлари, Бобурнинг рубоийлари, Машрабнинг ғазаллари — барчаси ёшлик давримдан буён хотиримда. Шундай вақтлар бўладики, ўқиганларимнинг ҳаёт йўлимга татбиқи ўзим англамаган ҳолда амалга ошади. Шунинг учун ҳам китобларга нисбатан миннатдорлик ҳисси мени ҳеч қачон тарк этмайди. Энг яхши устоз, энг яқин дўст, сирдош, ҳамроҳ… бу жавонимдаги китоблар. Қодирийнинг «Ўтган кунлар»и, Чўлпоннинг шеърий жилдлари, Ойбекнинг тўпламлари, Тоғай Муроднинг асарлари (бу рўйхатнинг давоми ҳали узоқ) — ҳали ҳам мени ҳаяжонга солади. Менимча, бу асарларни ўқимаган, мен каби таъсирланмаган киши атрофимизда кам бўлса керак. Талабалик йилларимда дўстларимнинг маслаҳати билан Жек Лондоннинг «Мартин Иден» романини жудаям қисқа вақт ичида катта қизиқиш билан мутолаа қилиб чиққандим. Қаҳрамоним ўз устида тинмай ишлар, хаттоки бунинг оқибатида сўзга нўноқроқ Мартин ёзувчи даражасига кўтарилиб кетади. Унинг ҳар куни ўз тилидаги янги сўзларни ёдлаб бориш одати мени ҳайратга солган эди ўшанда. Чиндан ҳам биз кундалик ҳаётимиз давомида фойдаланадиган сўзлар жуда кам. Китоб ўқийдиган инсонларнинг сўз бойлиги эса ўзи билмаган ҳолатда ортиб боради. Тафаккур қилишга ундайди. Ахир дунёни тафаккур қутқаради.

Дўстларимнинг авваллари китобий тилда гапирасан, деб айтишлари эҳтимол, китоблар таъсиридандир. Шундай пайтларда атрофимдаги яқинларимга ҳам китоб мутолаа қилишларини тавсия бераман. Ўқиладиган асарлар жуда ҳам кўп, вақт эса ҳаётимизга ўз ҳукмини ўтказиб бораверади. Мутолаа ҳақидаги маслаҳатни фақатгина фарзандларимизга, ёшларга эмас, катта авлод вакилларига ҳам бериб бораман. Чунки битта китоб ўқиган одам ундан ўзи учун янгилик кашф қилади, ҳаётнинг қайсидир қиррасини чуқур англаб боради, ҳеч бўлмаганда, сўз бойлигини оширади, бу нафақат инсоннинг ички оламига, дунёқарашига таъсир қилади, балки нутқини равонлаштиради, фикрларини теранлаштиради.

Одатим, ҳар бир асарни ўзгача эътибор билан, нимадир ўрганишни, яхши хулосалар чиқаришни мақсад қилиб ўқийман. Айниқса, жаҳон адабиёти намуналарининг китоб жавонимдаги ўрни беқиёс. Жалолиддин Румийдан то Шекспир, Гёте, Мопассан, Хемингуей, Моэм асарлари мени доим ўзига жалб қилиб келган. Ҳақиқий китобхон ҳеч қачон қайси асарни ўқисам экан, деб ўйланмайди, бировлардан сўрамайди, балки ўз олдига ўқиши керак бўлган китобларни йиғади, уларни тинмай мутолаа қилади. Яхши асарлар замон танламайди, улар ҳар бир даврда севиб ўқилади, дейишади. Чиндан ҳам. Ҳозирги техника асрида ҳам неча йиллар ошиб бизгача етиб келган китоблар, адабий намуналар ўз залворини, одамлар орасида қадрини йўқотмаган. Улар ҳар бир замон одамига маънавиятини ошишига хизмат қилиб келади. Лекин ҳозирги адабий жараён билан танишиб бориш китобхоннинг вазифалари сирасига киради. Мен ҳам бунга амал қилган ҳолда, Мурод Муҳаммад Дўст, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам ва ҳозирги кўплаб адабиёт вакилларининг асарларини ўқишга, уларнинг ижодини кузатиб боришга ҳаракат қиламан ва буни ўз вазифам, китоблар олдидаги бурчим деб биламан. Тинимсиз мутолаа бугунги ёшларнинг асосий мақсади бўлмоғи лозим. Китоб ўқиш ҳар бир инсоннинг кундалик вазифалари қаторига кириши — жамиятда маънавиятли инсонларнинг кўпайишидан далолат. Шундагина одамзод бутун дунёга оддийгина кўз билан қарамайди, балки ҳамма нарсани, оламни кенг мушоҳада билан идрок эта бошлайди.

Янги йилнинг кириб келиши олдидан ҳар бир китобхон ўқиладиган бир йиллик китобларини режалари қаторига киритади. Бу асарлар уларнинг бутун ҳаёти йўлида катта аҳамиятга эга тарбия воситаси, энг содиқ дўст бўлиб қолишини тилаб қоламан.