“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

РУҲИЙ ҚУВВАТ МАНБАИ

Фирдавс ШАРИПОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари

 

«Мутолаа инсонни билимдонлик сари, суҳбат топқирлик сари етаклайди», — деган эди машҳур инглиз файласуфи Фрэнсис Бэкон. Дарҳақиқат, китоб мутолааси инсонни ўзини англашга, борлиқни тушунишга, умуман айтганда, сеҳрли оламга олиб киради. Инсон учун кунлик эҳтиёж саналган сув қанчалик зарур экан, китоб ҳам инсон ҳаётида худди шунчалик заруратга айлансагина, комилликка етиши шубҳасиз.

Китобга бўлган қизиқиш ортиб борса, одамларнинг адабиёт билан кенгроқ танишиш имконияти бўлса, энг асосийси, китоб сотиб олиш,  кичик бўлса-да, оилавий кутубхоналар ташкил этиш анъанага айлантирилса, мутолаа эҳтиёжга айланади.

Машҳур француз адиби Дени Дидро «Одамлар китоб ўқишдан тўхтасалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар», — деб нақадар ҳақиқатни таъкидлаган эди. Ушбу фикр бир неча аср муқаддам айтилган бўлса-да, бугун ҳам ўзининг аҳамиятини, маъносини йўқотгани йўқ. Демак, фикрлашдан тўхтамаслик учун кўпроқ китоб ўқиш даркор. Шу ўринда яна бир гап, Лев Толстойнинг бир жумласини ҳам эсдан чиқармаслик керак назаримизда, қўзиқоринга ўхшаган илдизи йўқ китоблар учун беҳуда вақт сарфламайлик. Яъни, Княз айтганидек: «Дунёда ўқийдиган китоблар жуда кўп. Энг бахтли китобхон керакли китобларни танлаб ўқий оладиган китобхондир».

Лекин айтиш керакки, китоб ўқимайдиганлар ҳамма даврда ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Биз ўтган давр билан ҳозирги замонни таққослаш фикридан йироқмиз. Аммо ҳозирда китоб ўрнини ахборот коммуникация технологиялари жуда шиддат билан эгалладики, оқибатда китоб ўқиётган одамни учратганида истеҳзо билан мийиғида кулиб қўядиганлар кўпайди.

Ҳозирда етакчиликни қўлига олган глобаллашув даврининг маҳсулотлари ҳисобланган телекоммуникация воситалари кишиларнинг кўп вақтини олиб қўйяпти ва оқибатда китоб ўқишга иштиёқ ва вақт етмаяпти, кимдир интернетни, биров телевизорни, яна бошқа биров мобил телефонларни айбдор қилмоқда. Аммо фикримча, ҳар қандай ҳолатда ҳам китоб ўқиш учун вақт топиш ҳамда интернет, телевизор ва мобил телефонлардан фойдаланишдаги меъёр инсоннинг ўзига боғлиқ.

Умуман олганда, офтоб мисол кўнглимизга илиқлик, эзгулик бахш этишни, билим беришни, маънавий бойитишни, руҳий қувватлантиришни, йўлимизни машъаладек ёритишни китобчалик  бошқа ҳеч нарса бера олмаслигини донишмандлар ҳаётий ҳикматларида бот-бот такрорлаб ўтишган. Демак, айни дамда китобнинг ўрни ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Биласизми, эҳтиёжнинг пиллапоялари сифатида китобхон, китобсевар, китобпарвар, китобйиғар, деб қараладиган бўлса, бугунги давр кишисини китобсевар, деб  айтган бўлар эдим. Аммо аксарият аҳоли, айниқса, ёшлар мазкур пиллапояларнинг энг юқорисида бўлишларини астойдил хоҳлардим. Зеро, кутубхонаси бор оила маънавиятли оила, маънавиятли оила бу мустаҳкам жамият дегани. Яъни, юксак маънавият — енгилмас кучдир.

Бир гуруҳ мутахассислар анъанавий китобларни ёқлаб чиқса, бошқа бир гуруҳ экспертлар электрон китобларнинг афзаллиги ҳақида баҳс юритишади. Ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб сўзлайдиган бўлсам, мен учун шахсан анъанавий китобларни мутолаа қилиш ёқимли. Электрон китобларни ҳам ўқиган пайтларим бўлган лекин, китобчалик меҳр, ҳаяжон ва интиқликни бера олмаган. Электрон китоб мутолааси вақтида толиқишни ҳис қилишим билан бирга, кенг мушоҳада қилиш имкониятини бермаган.

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, шаҳар ва туман бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўзида қабул қилинган Президентнинг Фармо-йиши ва Қарори ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Биргина йилнинг ўтган даври мобайнида мавзуга оид 200 га яқин давра суҳбатлари, учрашувлар, акциялар, семинар ва кечалар ташкил этилди.

Денов туманида «Адабиёт кунлари», «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари: муаммо ва ечим» мавзусидаги сайёр ўқув семинар, «Ёш китобхонлар» учрашувлари бўлиб ўтди.

Шўрчи ва Олтинсой туманларида мустақиллигимизнинг 26 йиллигига ҳамоҳанг тарзда «26 китоб акцияси» ташкил этилди. Акция доирасида, ташкилот, муассасалар томонидан 26 дона китобларни ҳомийлик асосида туман Маънавият ва маърифат бўлимига ҳамда тумандаги марказий кутубхонага 1000 дан ортиқ китоблар топширилди. Олтинсой туман Маънавият ва маърифат бўлими қошида 4000 га яқин йиғилган китоб-лардан «кўчма кутубхона» ташкил этилди.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» муносабати билан маҳаллаларда «Оилаларга — маърифат улашиб» номли тадбир ташкил этилди. Ушбу акциянинг аҳамиятли жиҳати шундаки, маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, серфарзанд оила вакилларининг хонадонларига бевосита ташриф уюштирилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди ва ҳар бир оилага зиё улашиш мақсадида 10 донадан халқимизнинг миллий қадриятлари, маданияти ва адабиётини ўзида акс эттирган китоблар жамланмаси, ўқув қуроллари берилди. Акция вилоятнинг барча туманлар ва шаҳар Маънавият ва маърифат ҳудудий бўлинмалари томонидан ташкил этилиб, уларда 100 га яқин оилалар қамраб олиниб, мазкур оила аъзоларига жами 1000 дан ортиқ адабиётимизнинг нодир асарларидан ташкил топган китоблар жамланмаси совға қилинди.

Ҳозирда вилоятимиз ҳокими Эркинжон Турдимовнинг ташаббуси билан бой ва бебаҳо тарихга, бетакрор табиатига эга бўлган воҳа ҳақида сўзловчи «Сурхондарё: буюк ўтмишдан, ёрқин келажак сари» номли китоб-альбом чоп этилиш арафасида. Шунингдек, воҳанинг ёш, истеъдодли ижодкорларининг ижод намуналарини «Сурхоннинг ёш ижодкорлари» номли китоб қилиб нашр қилиш ҳам кўзда тутилган.