“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МАҚСАДСИЗ ОДАМ ЎҚИМАЙДИ

Тоҳиржон РАФИҚОВ,

Мингбулоқ тумани ҳокими

 

Биласизми, аввало, шуни айтишим жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан энг устувор талаблардан бири бўлган китоб мутолааси ҳеч кимни бефарқ қолдираётгани йўқ. Ёшидан, миллатидан қатъий назар, юртдошларимиз орасида китобга эҳтиёж доимо бўлиб келган. Ёшларимизни яқин ва узоқ тарихимизни ёритган китоблар билан биргаликда, ўзимизнинг бадиий дурдона асарларимиз ўзига мафтун қилиб келмоқда. Қолаверса, жаҳон адабиётига зеб бериб келаётган чет эл адибларининг асарларига ҳам талаб юқори.

Инсон доимо ўз олдига мақсадлар қўйиб келади. Мақсадлар эса қайсидир нуқтаи назардан янгиланаверади. Натижада, ўқиш, изланиш ва ўз устида ишлаш юзага келиб, бу эҳтиёжни пайдо қилади. Мутолаанинг эса тури бўлмайди. Абитуриентлар ўқишга кириш, ўқитувчилар илм тарқатиш мақсадида. Эҳтиёж бор экан, мутолаа сусаймайди.

Жуда қизиқ савол, юқорида таъкидлаганимдек, мутолаага эҳтиёж мақсад туфайли юзага келади. Агарда ўқиёлмай қолишга келсак, бу фожиа, фожиа бўлганда ҳам аянчли фожиа. Сабаби, изланишсиз, мақсадсиз кимса учунгина мутолаа шарт бўлмайди. Ё пировардида ақлий тўхталишга, тубсизликка ғарқ бўлишга олиб келади. Шундагина фожиа бор бўйини кўрсатади. Қўпорувчилар, ақидапарастлар айнан мана шу фожиа «қаҳрамон»ларига айланишади.

Аждодларимиз билан қанча фахрлансак шунча кам. Чунки бизнинг боболаримиз Имом ал-Бухорий, ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино (бу рўйхатни узоқ давом эттиришим мумкин), уларнинг нафақат бизга, бутун дунё тамаддуни ривожи учун хизмат қиладиган асарлари ҳалигача замонамиз олимлари томонидан ўрганилиб, омма эътиборига ҳавола қилиниб келинмоқда. Биргина Ибн Сино бобомиз «Тиб қонунлари» асарида касалликлар тарихи ва уларни табиий ўсимликлар, унсурлар, жараёнлар орқали даволашнинг аниқ ечимларини келтириб ўтган бўлса, қомусий олимларимиздан яна бири Беруний бобомиз ўша пайтлардаёқ ернинг юмалоқ эканлигини исботлаб берган. Ҳозирги кундаги барча математик амалларга тамал тошини қўйган аллома ал-Хоразмий дунё тарихида 10 сонини кашф этиб, ҳисоблашнинг содда ва равон усулини вужудга келтирган ҳолда, ҳозирги кундаги ўрганилаётган алгебра фанига асос солган. Глобал муаммоларга келсак, буни инсон омили ёки табиатнинг ўзгариши билан боғлаш ўринли. Тезкор ахборот даврининг афзаллиги ҳам шундай ижтимоий тармоқлардан олинадиган маълумотлар билан бир қаторда, маънавий меросимизга айланган. Бугунги кунда хоҳлаймизми-йўқми, ҳар хил инсонларга дуч келамиз, аммо мени қувонтирадиган биргина жиҳат шуки, орамизда китоб мутолаасига қизиққан китобхонлар талайгина. Қолаверса, асарларга меҳр қўйиб, китобни қайта ва қайта ўқиб, ҳар сафар янги маъно чўққиларини кашф этадиган китобсеварларимиз ҳам бор. Қон-қонимизга сингиб кетган Ватан туйғуси ўз ўрнида китобсеварлик тушунчаси билан ҳамоҳангдир. Сабаби болаликдан китобга ошнолиги туфайли бола онгида китобни асраш, китобпарварлик ривожланиб боради. Шу билан биргаликда, бу ҳолат бора-бора китобйиғарлик бўлган яхши одатни юзага келтиради. Натижада, инсонлар шахсий кутубхоналар яратишга киришишади. Китобйиғар жонкуярларимиз, ўйлайманки, мамлакатимизда ҳар қадамда учрайди, бу эса қувонарли ҳол, албатта.

Албатта, анъанавий китоб ва электрон китоб ўртасида сезиларли даражада фарқ бор. Лекин уларни бир-биридан айро тутиш тўғри эмас. Аммо вазият нуқтаи назаридан олиб қаралса, йўлда, сафарда, уйдан узоқ жойда китоб олиб юриш каби ноқулай вазиятларда электрон китобнинг фойдаси катталиги бор гап. Қолаверса, анъанавий китоб ва электрон китоб вазият, фойдаланиш жиҳатидан ўз ўрнини, мавқеини сақлаб қолади, бир-бирини тўлдириб бораверади. Ахир китобни мўъжиза деб қарайдиган бўлсак, ҳар иккисини ҳам бирдек эъзозлашга мажбурмиз, сабаби аниқ, мўъжизанинг шакл-шамойилидан қатъий назар, у ўз жозибасини йўқотмайди.

Ҳозир техника асри, бундан ҳеч қаёққа қочиб кетиб бўлмайди, яхшиси, замон билан ҳамнафас бўлиб, маълумотларни тез ва сифатли равишда қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Кексаларимизнинг бу гапида жон бор. Агар китобдан бошқа ахборот оладиган манба бўлмаса, инсонлар ҳозиргидан кўра кўпроқ китобга қайтган бўларди. Аммо бугунги даврнинг талаби бошқача, имкон қадар тезкор, қисқа  тарзда маҳаллий ва дунё маълумотларидан хабардор бўлиш билан биргаликда тез суръатларда ривожланишни устун қўяди. Шундай экан, қандай кўринишда бўлмасин, мутолаа ҳеч қачон ўз жозибасини йўқотмайди.

 

Зулхумор ОРИФЖОНОВА ёзиб олди