“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ШИЖОАТНИНГ МУНДАРИЖАСИ

Ойбек БОЗОРОВ,

Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институтининг Маънавият ишлари  бўйича проректори

Халқимизда бир мақол бор — «Одам тафтини одам кўтаради». Бу нақлнинг яна бошқача кўринишлари «Одам одамдан қувват олади», «Фикр фикрдан куч олади» каби... Инсоннинг дунёқараши, фикрлари унинг атрофидагилардан олаётган ва бераётган нарсаларида намоён бўлади. Инсон учун ўқиёлмай қолиш бу фикрлашдан тўхташ билан тенг, маънавий жисмини очликдан ўлдириш билан баробар деб ҳисоблайман. Чунки нима ҳақидадир масъулият билан ўйлаш учун ҳам инсонда фикр бўлиши керак. Фикрлаш ва изланиш бўлмаган жойда ҳеч қачон ўсиш бўлмайди. Шундай экан, ўқиёлмай қолишни маънан тирикликдан тўхташ билан тенглаштириш мумкин.

Аслида ҳар қандай муаммони асосини ҳам инсониятнинг ўзи бошлаб беради. Ҳеч бир глобал муаммо ўз-ўзидан бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Шулар жумласидан терроризмни олсак... Ҳаммамизга маълумки, ёшлар бутун дунё жамоатчилигининг энг қайноқ ва кўп сонли бўғини ҳисобланади.

Улар ўзини қийнаётган саволларига энг биринчи галда атрофидагилардан жавоб излайди. Бугун эса тезкор ахборот даври ёшларни ота-оналардан ҳам кўпроқ интернет тармоқларига боғлаб қўяётгани мавжуд ҳол. Табиийки, улар ҳар қандай саволга тезкор равишда интернетдан жавоб олишлари мумкин. Мен эса бу ўринни китоб-лар эгаллашини хоҳлар эдим. Албатта, бу осон иш эмас. Бунинг учун биз фарзандларимизни болалигидан китобларга ошно қилишимиз керак. Китоб ўқиган инсондан эса ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Қолаверса, бадиий мутолаанинг инсон руҳияти ва организмига ижобий таъсирларини психология ва тиббиёт соҳалари ҳам қайта-қайта таъкидлашмоқда.

Биласизми, катта авлод вакиллари анъанавий китобларни бир овоздан қўллаб-қувватласалар, бугунги давр одами электрон китобларнинг устунликларини санай бошлайди. Моҳиятан олганда эса баҳс бир нарса устида бораверади.

Таниқли адабиётшунос Султонмурод Олим ижодий суҳбатларидан бирида ўзбек миллатига мансуб барча ўқиши керак бўлган асарларни келтириб ўтадилар. Улар биринчи навбатда Ҳазрат Алишер Навоийнинг «Хамса» достони, иккинчи «Бобурнома» ва Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини санаб ўтадилар. Мен адабиётшунос Султонмурод Олимнинг фикрларини тўғри, деб ҳисоблаган ҳолда бу рўйхатни узоқ давом эттиришим мумкин.

Бугун ҳазрат Жалолиддин Румий, З.М.Бобур, Машраб асарларини ёшларимиз англашларини хоҳлардим. Ва агар шундай бўлса, бу асарларнинг қайта-қайта севиб ўқилиши, шубҳасиз. Замонавий ўзбек адабиётининг вакиллари Назар Эшонқул, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам каби ёзувчиларимиз асарлари кўпчиликка манзур бўлмоқда.

Ўйлаб қоламан, компьютер бўлмаган пайтларда ҳамма китоб ўқиган деб ҳам бўлмайди. Ҳамма нарса инсоннинг аслияти ва нимани исташига боғлиқ. Таниқли ёзувчи Исажон Султон «Йигирма биринчи асрнинг саккиз яшар боласи» ҳикоясида саккиз ёшли бола ва унинг бир неча соатлик тасвири берилади. Бола телевизор қаршисида ўтириб, етти маротаба дастур алмаштиради. Баъзи ўринларда у телеэкранда тушунмай қолган сўзлари изоҳини ён компьютеридан кўриб олганлиги ҳам тасвирланади. Ҳикоя якунида эса бола ишдан қайтган отасига пешвоз чиқади. Ота-онаси ва опа-сингиллари билан бир дастурхон бошида овқатланади. Демак, бола учун телевизордаги турли ранг-баранг кўрсатувлардан кўра оиласи бағрида бўлиш маъқул. У ўзи истаган нарсани шу ерда топди. Энди компьютерлар бўлмаганда, инсонлар китоб ўқиши ёки ўқимаслигига тўхталсак, бу ҳам эҳтиёжга боғлиқ деб ўйлайман. Кимлардир бугун ижод ва китобхонлик борасида яратиб берган чексиз имкониятлари учун компьютердан миннатдор бўлса, кимлардир ундан ғаразли мақсадларда фойдаланмоқда.

Мен бир нарсани доим фахр билан айтаман, Қўқон — адабиёт ва санъатга ошуфта инсонлар юрти. Шаҳримизда ягона ҳисобланган Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институти ҳам бугун муносиб фаолият олиб бормоқда. Олийгоҳимизда йил давомида кўп маротаба китоб ярмаркалари, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар ўтказилиб келинмоқда. Жумладан, халқимиз суйган кўплаб ёзувчи, шоир ва олимлар ташриф буюрганлар.

Муҳтарам Юртбошимизнинг «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарорларининг ижроси сифатида олийгоҳимизда улуғ шоҳ ва шоир Амирий таваллудининг 230 йиллиги ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан Республика конференцияси ташкил этилди. Амир Умархон қаламига мансуб ижод намуналари икки жилдлик катта туркумга ажратилиб, девон ҳолида нашрдан чиқди.

Институт маънавий-маърифий ишлар бўлими қошида олийгоҳнинг фаол талабалар ташаббуси билан ташкил этилган «Истеъдод» талаба ёшлар клуби негизида эса ҳар ойда икки маротаба «Зукко китобхон» интеллектуал ўйини ўтказилади.