“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Руҳ покланмаса, дил ёришмайди

Долли АЛЛАЕВ,

Қашқадарё вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

 

Бутун умри давомида китоб ўқимаган одам бўлмаса керак. Ҳар биримиз, қайси касб эгаси бўлмайлик, имкон ва шароитимиздан келиб чиқиб, китоб сотиб оламиз, у билан муайян даражада мулоқотда бўламиз. Қисқа ҳаётимизнинг маълум бир қисмини шунга сарф қиламиз. Аммо қандай китоб ўқиш, унинг таъсир ва оқибатлари, умуман, нега китоб ўқиймиз, шулар ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрмаймиз. Ҳатто, нима учун ўқиётганимизни ҳам билмаймиз. Кўпчилик “ўқимишли” бўлиш учун ўқийди. Уларнинг фикрича, қандай бўлса-да, китоб ўқилса бўлди, ўқиган ўқимишли ҳисобланаверади.

Яна бир тоифа кишилар китобни ҳордиқ чиқариш, дам олиш, вақтни ўтказиш учунгина варақлашади. Бундай китобхонларнинг орамизда кўп учраши у қадар қувончли ҳол эмас. “Ўқимишли” бўлиш, дам олиш учун ўқиш, маънавиятимизни ҳам, адабиётнинг обрўсини ҳам кўтармайди. Ўқиганларимиздан нимадир олмасак, руҳимиз покланмаса, қалбимиз ёришмаса, мутолаа учун сарфлаган ҳар бир дақиқамиз, кўз нуримиз — бариси беҳудадир.  Шундай экан, ўзимизни алдашни бас қилайлик, нима учун қўлимизга китоб олганимизни, мақсадимизни аниқлаштириб олайлик.

Мутолаага эҳтиёжи йўқ, китобга зарурият сезмайдиганлар ҳам орамизда талайгина. Ачинарлиси, баъзан буни умр бўйи англаб етмаймиз. Усиз ҳам рўзғор тебратиш мумкинлигини, китоб ўқиган билан ҳеч нарса ўзгариб қолмаслигини рўкач қиламиз. Тўғри, китобсиз ҳам кун кечириш мумкин, аммо одамдай яшашнинг имкони йўқ. Менинг наздимда, бутун коинот, ер-юзи, осмон-у фалак одамзотнинг китоб ўқишига муҳтож. Айниқса, бугун бутун инсоният одамийлик қиёфасини йўқотаётганда, ҳайвоний ҳисларга қул бўлиб ўзлигини унутаётганда бизда қалб, онг-у тафаккур борлигини китобдан ўзга яна нима ёдимизга солиши, виждонимизни уйғотиши мумкин?!

Ҳақиқат аччиқ, бироқ у билан юзлашмаслик  имконсиз. Жамиятдаги нуқсонларни билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка олаверганимиз сайин муаммолар ҳам вужуддаги дарддайин кучайиб, зўрайиб бораверади. Юртимизда таълим олиш учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд, узлуксиз таълим йўлга қўйилган. Бироқ ёшларимизнинг ҳаммасини ҳам  саводли, деб баралла айтолмаймиз. Эшитаётган мусиқалари, гап-сўзлари, ўзлаштириб олаётган “маданияти”, ҳатто тўғри ёзолмаслигини кўриб ачиниб кетасан. Фарзандларимизга фанларни ўқитавериб, формулаю қоидаларни ёдлатавериб, ҳиссиз роботга айлантириб қўйяпмиз, ёки болаларимиз ўқиб уқишмаяпти. Балки, турли компютер программаларию хорижий тилларни ўрганишга мажбурлаб, эртаклар, бадиий асарлар ўқишига, мультфилм томоша қилишига йўл қўймаётган, вақт қолдирмаётгандирмиз? Яқинда, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг бир учрашувда айтган гапини эшитиб ўйга толдим. Шоир биринчи синф ўқувчисининг: “Мактабга борганингизда сизнинг ҳам компютерингиз бўлганми?” — деган саволига: “Бизнинг болалигимиз бор эди...” — дея жавоб берибди. Эҳтимол, ўзимиз билмаган ҳолда фарзандларимизнинг болалигини, беғуборлигини тортиб олиб, ўрнини интернет, замонавий технологиялар билан тўлдираётгандирмиз. Алла, эртак эшитиб уйқуга кетмаган бола қандай қилиб китобга меҳр қўйсин? Айтингчи, китоб ўқимаган болани ёвузликдан нима қайтара олади? Ватанни севишни, тупроғини авайлашни, онасини эъзозлашни унга қандай уқтириш мумкин? Қилган насиҳатларимиз қулоғига кириши учун ҳам унда тирик қалб бўлиши зарур. Қалбни эса мутолаа тозартириб туради.  Оллоҳга шукур, мамлакатимизда мактабга бормайдиган, ҳарф танимайдиган болалар йўқ. Фарзандларимизни ўқитиш имконсиз эмас. Болаларимизга ўзимиз китоб ўқиб берайлик, кўз олдида биз ҳам мутолаа қилайлик.  Уларни шахс, энг муҳими, инсон қилиб тарбиялаш, вояга етказишимиз зарур. Мутолаа — келажак учун, бахт учун кафолат.

Бугун китоб ўқиш шу даражада танқислашиб кетди-ки, одамларнинг олган маълумотига қараб тафаккурига, дунёқарашига баҳо бериб бўлмай қолди.  Ҳеч биримизга сир эмас, террористик гуруҳларга қўшилган, турли қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошираётган, ўзининг миллатдошларига, заминдошларига қирғин келтираётганларнинг ҳаммаси ҳам саводсизлар эмас. Уларнинг қилмишларини кузатиб, наҳотки, қўша-қўша олийгоҳларда таълим олиб, чет тилларини ўрганиб шундай қабиҳликка боролса, китоб тута олган қўллар қурол кўтаролса, деб ҳайратдан ёқа ушлайсан.  Ота-оналар ва устозлар фарзандлари, ўқувчилари нима ўқиётгани, қандай ўқиётганини назорат қилишлари шарт. Бунинг учун аввало, ўзимиз китоб билан таниш бўлишимиз лозим. Ҳар бир бола катта бўлганида ота-онасига ўхшашни орзу қилади. Улар “Катта бўлганингда ким бўласан?” — деган саволга: “Дада бўламан” ёки “Дадамдай бўламан!”, деб ўзларининг содда тилларида жавоб беради.  Мутолаада ҳам худди шундай — болаларимиз биз ўқиган, биз тавсия қилган китоб-ларни ўқишга интилади

Ҳаётимиз поёнида ҳеч кимдан ўқиган китобларининг сони сўралмайди. Аммо қиладиган амалларимиз ўқиганларимизга боғлиқ. Куни кеча китоб ҳақида ёзилган бир шеърни ўқиб қолдим. Унда шундай мисралар бор эди:

 

Оҳ чекарман сизга қараб —

Биттагина китоб олинг...