“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МЕН АКТЁРМАН!

Бахтли бўлиш учун ўқийман

Бир неча кун олдин қўнғироқ қилганимда ҳам кечроқ гаплашамиз, деган жавобни олгандим. Бугун ҳам худди шундай бўлди. Ҳаяжон билан яшил тугмачани босдим. Узуқ-юлуқ гудокдан кейин эринибгина «Алло» деган овоз келди.

— Ассалому алайкум, — дедим ва суҳбатдошимни аниқлаштириб олиш мақсадида сўрадим, — сиз Беҳзод Муҳаммадкаримовсиз-а?!

— Ҳа, хўш, — деди яна суҳбатдош.

— Мен «Китоб дунёси» газетасиданман. Сиз билан суҳбат қилмоқчи эдим. Адабиёт, санъат, китоб мутолааси ҳақида. Вақтингизга қараб кўришсак девдим...

Орага бир муддат жимлик чўкди. Сўнг:

— Кўришсак ҳам, телефонда ҳам шу гап. Кечроқ қўнғироқ қилинг, гаплашамиз, — деди у киши.

Мен яна бироз мижғовландим. Беҳзод ака эътироз билдирди. Ахийри кўнди. Фақат бир шарт билан: мақола тайёр бўлгандан кейин у киши ўқимасдан чоп этмайман. Майли-да! Ҳар ким ўзи пиширган ошнинг таъмини таътиб кўриб, кейин бошқаларга тавсия қилса, бунинг нимаси ёмон. Қолаверса, тушундимки, Беҳзод Муҳаммадкаримовнинг журналистлардан оғзи куйган.

Беҳзод Муҳаммадкаримовнинг саҳна ва ҳаётдаги дарду қувончи ҳақида гап кетса... нималарни биз билан баҳам кўра оласиз?

— Юртимиздаги миллионлаб оилалардаги қувонч ва изтироб сингари мутлақо бир хил ва табиий жараён. Оиламда ҳамма соғ-омон бўлса, ривожланиш, олдга силжиш, фарзандларимнинг ўқиши, камолоти яхши бўлса, бундан ортиқ қувонч борми? Изтироб эса... кўнгилники! Менга классик роллар билан бирга, ҳозирги замон қаҳрамонларини талқин этиш кўпроқ ёқади. Масалан, оддий ўқитувчи ёки ишчини саҳнада жонлантириш менга кўпроқ завқ беради. Ана шу менинг қувончим. Изтиробим шундаки, мен қайсидир қаҳрамонни ўйнасам, томошабин унинг қандай эканлигини билса, асарда ўқиган ёки мендан бошқа бир актёр уни талқин этган бўлса-ю, менинг ижромда кичкинагина нуқсон топса ҳам, ойлар мобайнида қилган меҳнатим чиппакка чиқади. Ахир айтишади-ку, аёлни бир марта гулга ўхшатган одам шоир, иккинчи марта гулга қиёслаган одам маҳмадона деб.

— Бугунги томошабинларнинг даражаси, қўйилаётган спектакллар сизни қониқтирадими?

— Бу масала — театр пайдо бўлгандан буён мавжуд. Яхши асарни актёр ҳам, томошабин ҳам кутади. Мен ҳамиша ўзимга берилган ролни йўлда ҳам, ишда ҳам ўйлаб юраман. Худди шоир сатрга тушмаган сўзини узоқ ўйлаган каби. Мен ҳам ўзимни ўзим таҳрир қиламан, биргина ҳарфни талаффузи устида ишлайман, фикрлайман. Бу ўринда, режиссёрлар ҳам спектакль ва томошабин масаласига ўта масъул, деб ҳисоблайман. Бугун халқимиз, томошабинларимиз нимани кўришни хоҳлашаётган бўлса, менимча, барча театрларимиз саҳналарида ўша мавзу бор. Театрлар жамоалари, албатта, талаб ва таклифни ўрганган ҳолда фаолият олиб боришяпти. Йўқса, биз аллақачон томошабиндан айрилиб қолган бўлардик...

— Беҳзод ака, жавобларингиз бироз умумий бўлди, назаримда. Келинг, жўнлашамиз. Инсон актёр бўлиб туғиладими ёки   шаклланадими?

— Менимча, ҳамма соҳада ҳам икки тушунча уйғунлашса, муваффақиятга эришиш мумкин. Бири — Худонинг иқтидори. Иккинчиси — ўз меҳнатинг. Ривожланиш ҳамоҳангликда кечади. Тасаввур қилинг, курашчининг югуриш мусобақасида қатнашиши нотўғри-ку. Қолаверса, атрофдагилар ҳам бунга йўл қўйишмайди. Шу қаторда актёрми, қўшиқчими, одамда Худо юқтирган истеъдод бўлиши керак. Ахир бежиз айтишмаган, муваффақиятнинг бир фоизи иқтидор, тўқсон тўққиз фоизи меҳнат деб.

— Беҳзод ака, хушомад демангу Сиз туғма актёрсиз. Бироқ менга қизиқ — ҳар бир одам ўзини нимага қодирлигини билади. Шу ўринда, Беҳзод Муҳаммадкаримов ўзини нималарга қодирман, деб ўйларкин?

— Биласизми, актёр бўлишдан олдин мусиқа ва рассомчилик мактабида ўқиганман. Бир пайтлар тўйларда қўшиқ ҳам айтганман. Лекин вақт ўтгани сари овозимдан қониқмаганман. Суратлар ҳам чизганман. Бироқ булар мен учун эмаслигини, мусиқа ёки рассомчиликдан кетсам, ҳаётда ўз ўрнимни тополмаслигимни пайтида пайқаганман. Қаранг, қарорим хато бўлмаган экан. Мен аниқ фанлардан кўра, кўпроқ гуманитар фанларга қизиқардим, адабиёт, тарих, чет тили... Ота-онам ўқитувчи эдилар, ҳамиша уйимизда китоб бўларди. Фарзандларга эътибор — келажак пойдевори, деб рост айтишаркан. Мен бугун нимагаки эришган бўлсам, ота-онамнинг эътибори ва китобнинг самараси, деб биламан.

Бу дунёда энг ёмони — илм олишдан, меҳнатдан қочиш. Ўсмирлигимдан илмга қизиққанман. Бу қизиқиш мени акт-ёрликка етаклади. Ўқишга кирдим. Устозларимдан соҳанинг сир-асрорларини ўргандим. Қолаверса, ҳаётдаги энг катта устозим — КИТОБ бўлди. У менга нафақат соҳанинг, балки инсоннинг бутун қирраларини равшанлаштирди. Мен эса уларни қунт билан ўзлаштирдим. Ахир айтишади-ку:

Ҳар кимки ҳаётдан

        олмаса таълим,

Унга ўргатолмас

             ҳеч бир муаллим, — деб.

Гапимнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, мен шунчаки ўрганиш ва актёр бўлиш учун ёки одамларни руҳий ҳолатларини синаш, уларни кулдириш ё ўйлантириш учун эмас, катта ишонч билан айтаманки, БАХТли бўлиш ва БАХТЛИ ҚИЛИШ учун ўқидим. Астойдил ишонаманки, китоб одамга билим берибгина қолмайди. У одамларни БАХТЛИ қилади. Шу туфайли, мен бугун ҳаётда ҳам, саҳнада ҳам нимага қодир бўлсам, барчасини кўриб турибсиз. Келажакдаги фаолиятим, насиб қилса, бундан ҳам яхши бўлади. Мен актёрман. Қайсидир маънода менинг фаолиятим режиссёрга ҳам боғлиқ. Бироқ ишонаманки, юқорида энг буюк режиссёр бор ва у бизнинг ҳар биримизга ўз истеъдодимизга яраша рол    беряпти. Қодирлигимизни ҳам ўзи белгилайди.

Мен ҳамиша айтаман, ўқинг! Китоб бизга Худони танитади. Ватанни севдиради. Дилимизни поклайди. Навоийдан тортиб, бугунги ёш ижодкорларнинг китобигача ўқинг. Жаҳон адабиётини қўлингиздан қўйманг. Тил ўрганинг. Тил билганга минг танга, деганлари айни ҳақиқат. Азизларим, ҳамиша ҳақиқатга тик боқиб яшанг!

 

Шавкат ОДИЛЖОН суҳбатлашди