“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ИБРАТ ВА ҲАЁТ САҲНАСИДА

Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри

Театрнинг ташкил этилганига бу йил етмиш саккиз йил тўлди. 1939 йил 30 ноябрь халқимиз тарихида маданий ривожланишнинг яна бир забт этилган поғонаси сифатида ўтмиш зарварақларига муҳрланди. Театр жамоаси 1939 йил 30 ноябрь куни ўз фаолиятини Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг «Майсаранинг иши» комедияси билан бошлади.

Ўтган давр мобайнида театр труппаси турли жойларда фаолият кўрсатди. Халқнинг қон-қонига сингиб кетган қаҳрамонларни саҳнада жонлантирди. Қарийб саксон йилга яқин вақт мобайнида тўрт юзга яқин спектакл саҳналаштирди. Унда хизмат қилган актёрлар ҳамиша халқ билан ҳамнафас яшади. Ўзбекистон халқ артистлари Лутфихоним Саримсоқова, Раззоқ Ҳамроев, Соиб Хўжаев, Маҳмуджон Ғафуров, Фароғат Раҳматова каби кўплаб санъаткорлар Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри саҳнасида фидойиларча, айтиш лозим бўлса, мардонавор хизмат қилди. Айниқса,  дастлабки фаолият Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Ўта оғир вазият бўлишига қарамасдан театр бир кунга бўлса ҳам фаолиятдан чекинмади. Ҳамиша халқни кўнглини кўтариш, қалбида ғалабага умид ва ишонч уйғотиш учун эртаю кеч меҳнат қилди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, театр саҳнасида «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Тоҳир ва Зуҳра», «Муқимий», «Нурхон» номли спектакллар қўйилиб, халқ қалбидан чуқур жой олди. Айтиш керакки, ушбу тарихий спектакллар ҳали-ҳануз ўз мавқеини йўқотгани йўқ ва замонавий талқинда томошабинлар эътиборига ҳавола қилиниб келинмоқда.

Бугунги кунда Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрида икки юз элликдан ортиқ ходим ишлаяпти. Театрда тўртта ижодий гуруҳ бўлиб, солист актёрлар, хор, балет жамоаси ва оркестр созандалар хизмат қилишади. Ҳозирда қирқ нафарга яқин маҳоратли актёр ва актрисалар театр саҳнасида солист актёрлар гуруҳида ижод билан машғулдир. Бугунги кунда театримизнинг бош директори Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов жамоа билан ҳамкор ва ҳамфикр ҳолда қатор ижодий лойиҳаларга бош-қош бўлмоқда. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Боир Холмирзаев театрнинг бош режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Аҳад Фармонов ҳамда Маъруф Отажонов режиссёр сифатида фаолият олиб боришмоқда.

Бу йил биз учун ниҳоятда қувончли йил бўлди. Театримиз тўлиқ қайта реконструкция қилинди. Ходимлар учун барча қулай шарт-шароитлар яратилди.

Шу йилнинг 11-17 сентябрь кунлари театр жамоаси Қирғизистон Республикаси Бишкек шаҳрида ўтказилган халқаро театр фестивалида иштирок этиб келди. Фестивалда Марказий Осиё ҳамда Россия давлатларининг театр жамоалари қатнашди. Фес-тивалда Мирза Азизов саҳналаштирган ёзувчи ва драматург Қўчқор Норқобил қаламига мансуб «Дилдаги доғ» асари намойиш этилди ва фестиваль ғолиби бўлди. Асар ғояси диний экстремизм оқимига қарши курашиш, инсон онгу тафаккурида ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантиришга ундайди. Спектаклимиз фес-тиваль иштирокчи ва томошабинлари томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинди.

Фестиваль сўнгида, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов Қирғизистонда маданият ва санъат соҳасида академик унвони билан тақдирланди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров эса, «Дилдаги доғ» спектаклидаги ота роли учун «Фестивалнинг энг яхши эркак актёри» номинациясига лойиқ топилди. Бу ютуқлар бизга янада куч, шу билан бирга, Юртбошимиз ва юртдошларимиз олдида зиммамизга катта масъулият юклайди.

Муроджон ТЎРАҚУЛ,

Труппа раҳбари