“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ИНСОН ТАФАККУРИ БИЛАН ҒОЛИБ

Алибек ТУРСУНОВ,

Бувайда туман ҳокими

Тирик мавжудот борки, нимагадир эҳтиёж сезади. Бу эҳтиёжларни узоқ гапириш мумкин. Бироқ фақат инсонгина Яратганнинг марҳамати билан тафаккур қила олади. У ер юзига тушгандан буён тафаккурга эҳтиёжи бор. Инсоният бугунгача нима яратган бўлса, бари тафаккурнинг натижаси. Тафаккурни эса, албатта, китоб беради.

Бугун дунё тамаддуни мисли кўрилмаган даражада ривожланмоқда. Бу ривожланишлар натижасида қанчадан-қанча ютуқларга эришди одамзод. Яна кўплаб каттаю кичик, глобал миқёсдаги муаммолар вужудга келди. Лекин шуларнинг ҳаммасини одамзод тафаккури билан енгиб келяпти. Эътибор беринг, қайси давлатда китобхонлик бор — тафаккур бор. Қайсики халқ манфаат кетидан қувди, у ерда на миллат қолди ва на давлат. Хунрезлик авжида. Кимки китобдан кечди — ўзлигидан кечди.

Мен юртдошларимни кузатиб, фарзандларимизни кўриб қувонаман. Қай томонга, қайси муассасага қараманг китоб кўтарган, газета-журнал варақлаган. Ёшлар билан суҳбатлашсангиз маънавияти юксаклигини, илму маърифатга чанқоқлигини кўриб вужудингизда тоза руҳ, шиддат сезасиз. Айтиш мумкинки, халқимиз китобхон, китобсевар, китобпарвар. Биз жаҳон аренасида туриб, бемалол маънавиятли, маърифатли халқмиз,  илми дунё очган, дунёнинг барча   жабҳалари, соҳаларига тамал тоши қўйган миллатмиз дея оламиз.

Айниқса, сўнги пайтларда илм олишнинг қулай ва самарали усуллари кўпайди. Анъанавий китоблар билан бирга электрон китоблар ҳам пайдо бўлди. Кимларнингдир назарида, эҳтимол уларнинг ўртасига тўсиқ тушаётгандай. Уларни бир-биридан ажратиш ҳақида фикр-мулоҳазалар ҳам урчиб боряпти. Бироқ ҳар иккиси ҳам моҳиятан китобга ошноликни, маънавиятни юксалтиришни ифодалайди. Ўйлашимча, уларни чоғиштириш ўрнига қўшқанотга айлантириш керак. Икки қутб бўлса, бирлаштириш лозим. Шунда ҳозиргидан кўра, минг чандон кўпроқ самара бўлади.

Мен китобни яхши кўраман. Хоҳ анъанавий, хоҳ электрон китоб бўлмасин ўзим хушлайдиган асарни ўқиб кетавераман. Негаки, ҳар бир китоб инсон қалбига, онгига, тафаккурию дунёқарашига айрича таъсир кўрсатади. Баъзан мумтоз адабиёт намуналарини, анъанавий китоб-ларни тополмай қолишингиз мумкин. Ана шунда ахборот асрининг бизга нафи тегади. Компьютердан ёки қўлингиздаги телефондан тугмачани босиш орқали излаганингиз лаҳзада муҳайё бўлади.

Бобо Машрабни, Огаҳийни, Мирзо Бобурни яхши кўраман. Чўлпон, Усмон Носир, Қодирий бобою Абдулла Қаҳҳорга меҳрим тушган. Халқимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Саид Аҳмадни қаттиқ ҳурмат қиламан. «Темур тузуклари» ва «Бобурнома»ни ҳамма ўқиши шарт, деб ҳисоблайман. Фарзандларга ҳам совға учун китоб олинганда, албатта, мана шу икки китоб дастлаб ҳар бир боланинг столи устида бўлишини истайман. Ўғил уйлаганда, қиз узатганда ҳам сарпо-сидра орасига шу икки китобни, Навоий бобонинг китобларини қўшиб бериш тарафдориман. Унутмаслигимиз лозимки, кимки китобни севса, шу момо тупроғини севганидир. Кимки китобга меҳр қўйса, аждоду авлодини кўз қорачиғидай асрайди, демак.

Шу нуқтаи назардан олганда, китоб ва китобхонликни тарғиб қилиш инсон манфаатларининг энг олий чўққисидир. Жумладан, бизнинг бувайдаликлар ҳам маънавият масаласида завқу шавқ билан фаолият олиб бормоқда. Туманимизда ҳозирги кунда тўртта китоб дўкони кенг китобхонлар оммасига беминнат хизмат кўрсатмоқда. Китоб ва китобхонликни янада кучайтириш мақсадида, ўқувчи-ёшлар ва кенг аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишлари самарали йўлга қўйилган. Барча ташкилот ва корхоналардаги маънавият бурчаклари янада бойитилди ҳамда кутубхоналар ташкил қилинди. Барча таълим муассасалари гуруҳ ва синф кутубхоналари, ҚФЙ ва МФЙ ларда кичик кутубхоналар ташкил этилди. Фаолият кўрсатаётган кутубхона фондлари бадиий, болалар адабиётлари, ижтимоий-сиёсий адабиётлар билан бойитилмоқда. Ўқувчи-ёшлар ўртасида «Китобхон мактаб», «Китобхон синф», «Энг яхши китобхон ўқувчи», «Китобхон оила», «Жажжи китобхон» сингари қатор кўрик-танловлар ўтказилди. Янги китобларнинг тақдимотлари, китоб ярмаркалари ташкиллаштирилди. Оммавий тадбирларда фаол иштирок этганларга фахрий ёрлиқлар ва китоб-лар совға қилинди ва бу бувайдаликлар учун анъана тусини олди.