“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

«Ёшлар билан суҳбат» китобидан

Абдулла ҚАҲҲОР

ЎРТОҚ К. К.

Хатингизга кечикиб жавоб бераётибман, узр.

1. Ўзида талант борлигини қирқ-эллик ёшида пайқаган одамлар ҳам бор, лекин буларнинг биринчи ёзган асари ростдан ҳам талант эгалари эканини кўрсатган. Бу ҳикоянгиз сизда талант борлигини кўрсатмайди, ёзувчиликка ҳавас уйғонганини кўрсатади, холос. Ҳавас ҳаммада ҳам бўлиши мумкин, лекин ҳаваснинг ўзи кишини ҳеч қаёққа элтмайди. Мен, масалан, танбур чертиб ҳаммани қойил қолдиргим келади, лекин начораки, дард бор-у, дармон йўқ.

2. Редакция ходимларининг айби ҳикоянгизни тушунмаганлигида эмас, тушуниб туриб сизга ростини айтмаганлигида. Агар ростини айтса, бир-икки кун хуноб бўлар эдингиз, яна бир иккита идорага ариза ёзар эдингиз-да, оқибат, ўйлаб инсофга келар эдингиз. Қаранг, бир йилдан бери редакция ходимлари билан олишибсиз, бир йилдан бери ҳамма айбни ўшаларга қўйиб бўғилиб юрибсиз-у, бирон марта танангизга ўйлаб: «Мен ноҳақ бўлма-йин тағин», деган гап хаёлингизга келмабди!

Редакция ходимлари: «Ўзи дуруст, лекин камчиликлардан холи эмас», деб сизга мумкин қадар беозор хатлар ёзмасдан ростини айтса, «Бу нарса ярамайди, адабий савиянгиз шу бўлса, минбаъд ҳикоя ёзиб овора бўлманг» деса, шу оворагарчилик бўлмас эди.

3. Ёмон хотин тўғрисида ёзиш, ҳар нарса ёзиш мумкин. Лскин ёзган вақтда ёзишдан мақсад нима эканини, онамиз ҳам, оиламиз ҳам хотин жинсидан эканини эсимиздан чиқармаслигимиз керак.

Бошқа иш қилинг. Бошқа ишда муваффақият тилайман.

1961.