“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БИЗ БАХТЛИ МИЛЛАТМИЗ

Рўзимурод ЧОРИЕВ,

Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича Сурхондарё вилоят ҳокими ўринбосари

Мутолаа инсон маънавиятининг озуқаси. У тафаккурни улғайтиради, руҳни камолотга етаклайди. Бу эҳтиёж асрлар мобайнида инсоният ҳаётида илдиз отиб келаётир. Ана шу заруриятнинг самараси ўлароқ бугун тамаддун ҳадсиз ютуқларга эришган. Шу эҳтиёж туфайли ҳаёт чархпалаги бетиним айланиб туради, ҳаёт халқаси ўзаро мустаҳкам боғланиб бораверади. Бу эҳтиёждан воз кечганнинг қиёфасини тасаввур қилишга қўрқади одам. Ёвуз қиёфа, шафқатсиз нигоҳлар, юраксиз вужуд. Унинг жойи... билмадим қаерда? Ҳар ҳолда инсониятнинг орасида эмас. Эҳтиёжсиз одам фожиага юз тутган, тирик эмас, хуллас, кўп изоҳ бериш мумкин. Аммо бир нарса аниқ — бундай одам чорасиз бечорадир. Атоқли ёзувчи Чингиз Айтматов унинг қиёфасини аниқ чизиб берган. МАНҚУРТ! Бундайларнинг ҳаётида на ўтмиш, на келажак, на она, на ота, на уруғ-аймоқ, на ватан, на борар йўлининг адоғи ва на манзилининг мақсади бор. Яшашида ҳаловат йўқ, бироқ у мана шу улкан йўқотишнинг фаҳмига ҳам етмайди. Чунки унда идрок қилиш учун тафаккур йўқ.

Юқоридаги хаёллар оғушида бугунги кундаги вазифамиз хусусида кўп мушоҳада юритаман. Ўз Ватанининг равнақини ўйлайдиганларнинг ҳаммаси жиллақурса бир марта ўзига шу саволни берса керак: нима қилмоқ керак? Жавоб битта — юрт келажаги учун юксак маънавиятли авлодни тарбиялаб, вояга етказиш лозим. Бу борада эса ягона тенгсиз устоз мавжуд. Унинг буюклигини ҳеч ким инкор этолмайди. Ҳа, бу — КИТОБ. Шундай экан, гарчи глобаллашган ахборот асрида яшаётган бўлсак-да, бугун ҳам бу маънавият озуқасига нисбатан фарзандларимиз қалбидаги иштиёқнинг сусайишига йўл қўймаслигимиз керак. Ҳар кун, ҳар соат, ҳар дақиқа китоб мутолаасига ва китоб тарғиботига эътибор қаратишимиз керак.

Кези келганда шуни таъкидлаб ўтмоқликни лозим деб топдим. Маълумки, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 январда «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича Комиссия тузиш тўғрисида»ги Ф-4789-сонли Фармойишини, 13 сентябрда «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолаасию китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПҚ-3271-сонли Қарорини имзолади. Бу қарор ва фармойишлар бутун дунёда турли ахборот таҳдидлари хуруж қилган бир даврда, мамлакатимизда ўз ўрнида қабул қилинди ва амалиётга тадбиқ этилмоқдаки, улар китобсевар ёшларимизни, китобпарвар халқимизни ҳимоя қилувчи, онгу тафаккурини бойитувчи, кўнгилларга эзгулик уруғини экувчи восита бўлиб хизмат қилади.

Китоб ўқиган одамдан ёмонлик чиқмайди, деган пурмаъно ҳикмат бежизга эмас. Ойнаи жаҳонни кузатсангиз, қаердадир ур-тўполон, яна аллақаерда табиат ташвишлари, яна бир жойда табиий офатлар. Бу нимадан? Йўқ, Яратгандан эмас. У бандаларига ёмонликни раво кўрмас. Буларнинг бари ўша халқнинг, миллатнинг (агар шундай аташ лозим бўлса) маънавий қашшоқлиги туфайлидир. Ўтказган зуғуми учун табиат улардан қасос оляпти. Онгу тафаккури бўлмагани учун оға-ини халқ бир-бирига қурол кўтарган. Одамлар ҳар лаҳза саросимада. Ҳар они омонат.

Минг шукрлар бўлсинки, менинг, сизнинг, юртдошларимизнинг, халқимизнинг, миллатимизнинг бахти бор. Ана, ойнаи жаҳонни кузатинг, ёшларимиз тўпланиб аллақайси китоб устида мулоҳаза олиб боряпти. Табиатга қаранг, ён-атрофимиз тўла чаманзор. Ерларимиз унумдор, ҳосилкор. Аскарларимизнинг чеҳраси ёруғ, омонгулларимизнинг юзида кулги... Бу нимадан? Албатта, шукроналикдан! Албатта, маънавияти юксак, китобхон халқ эканлигимиздандир. Томас Карлейлнинг машҳур бир гапи бор: «Китоб — қалбнинг соф мазмунидир».

Юқорида айтиб ўтганимдай биз глобаллашган ахборот асрида яшаяпмиз. Ҳамма нарсамиз муҳайё. Компьютер технологиялари, компьютерлашган қўл телефонлари... биргина ҳаракат билан дунёдаги истаган воқеадан хабардор бўлиш мумкин. Бу яхши, албатта. Бироқ бир нарсани кўп ўйлайман. Компьютерлар, қўл телефонлари пайдобўлгандан кейин, назаримда, ёзувимиз бироз сусайгандай. Ҳамма гап қисқагина тарзда қисқа СМСга айланиб кетди. Ҳатто айримлар ҳозир умуман қоғоз ручка ишлатмай қўйганини ғурурланиб айтади. Айниқса, ёшлар ўртасида бу ҳолат авж олгандай чамамда. Шу боис, ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган «янги тил» қадрли ўзбек тилимизга таъсир этаётгандай туюлади менга. Бу «янги тил» ўз ҳарфларига ҳам эгадир — ў — 6, ш — w... в. ҳ сингари. Афсуски, бу бор гап. Араб тили грамматикасини мукаммал тарзда ишлаб чиққан Маҳмуд Замаҳшарий, дунё адабиётига тамал тошини қўйган ҳазрат Алишер Навоий бизнинг бобомиз бўлган. Ҳайрон қоласан киши, улардан истиҳола қилмаяпмизми? Ахир улар шам ёруғида ўқишган, ёзишган. Уларнинг компьютери бўлмаган.

Бир пайтлари дўстларимиз билан хат ёзишардик. Ҳарбий хизматга кетганда, олисдаги қондошни соғинганда, хат ёзардик. Ошиқлар ўзаро хат ёзишарди. Варақ хатлар асраб-авайлаб юриларди. Унинг гашти, унинг тафти бўлакча эди. Ҳозир эса, ҳис-ҳаяжон, тафт йўқолгандай. Ҳатто, китобларни ҳам электрон тарзда ўқияпмиз. Бу ютуқ. Замона имкониятларидан фойдаланган яхши. Бироқ электрон китобнинг тафти бўлмайди-да. Ҳаяжонланганда, энтикканда уни бағрингга босолмайсан-да. Асар қаҳрамони жаҳлингни чиқарса ёки унинг қилмишидан севинсанг, уни силаб-сийпалай олмайсан-да. Шуниси ёмон! Уйида кутубхонаси бўлмаган одам, зимистонда яшайди, деган экан бир файласуф. Аммо билиб қўйинг, уйда кутубхона бўлгани билан китобхон бўлиб қолмайсиз. Китоб кўнгилни тозартиради, дейишади. Китоб ёш, жинс, ирқ, миллат, дин танламайди. Ҳаммани ўзига ўргатади. С. Смайлс айтганидек, «Китоб кексаликнинг энг яхши дўсти, шу билан бирга, ёшликнинг энг яхши раҳбаридир».