“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

КЎНГИЛ ХАЗИНАСИ

Лазиз ХОЛОВ,

Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи

 

Ўтмишда ота-боболаримиз илмга ташна, китобга меҳр қўйган халқ ҳисобланган. Тарихдан бизга маълумки, буюк соҳибқирон бобомиз А. Темур қайси давлатни ишғол қилса, ўша давлатнинг кутубхонаси билан танишган. Ўзига ёққан китобларни ҳамиша ёнида олиб юрган, бўш вақти бўлдики, китоб мутолаа қилган. Тиб илмининг султони, бобокалонимиз Абу Али Ибн Сино подшоҳнинг қизини даволаб оёққа турғизганлиги эвазига сарой кутубхонасидан фойдаланишни сўраган. Шу каби тарихий воқеалар халқимизнинг азалдан билимга ташна, китобга ихлосмандлигидан дарак беради.

Оилада китоб ҳақида гап кетса, отам ўтган асрнинг 60-йилларидаги воқеаларни кўп эслайдилар. У пайтда телевидения ҳали унча ривожланмаган, радио ҳам саноқли оилаларда бўлган. Қишнинг узун кечалари қишлоқнинг олди кишиларининг ташқари ҳовлисидаги меҳмонхонада одамлар жам бўлиб достон ва қиссаларни қиссахонларга ўқитиб тинглаганлар. Қиссахонликлар узоқ кечалари тонг отгунча давом этган. Шунда отамга ўхшаган китобсевар ёш йигитлар уларга чой ташиб бериш орқали ўқилган асарларни тинглашган. Шундан бўлса керак отам ҳам адабиётга меҳр қўйган. Она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида ҳар бир ғазал, ҳар бир достоннинг мазмун-моҳиятини ўқувчилари қалбига жо қилган, шу билан бирга биз фарзандларини ҳам адабиётга, китоб оламига ихлосманд этиб тарбиялаган.

Мутолаа, бир сўз билан айтганда, инсонларнинг ҳаётий фаоллигини оширишга, жамият аъзоларининг маънавиятини юксалтиришга, давлат ва халқ манфаатига хизмат қилишга, озод ва обод Ватанни бунёд этишга, одамларнинг дунёқараши, тафаккури, руҳияти, ишонч ва эътиқодини ривожлантиришга хизмат қилади. Шундай экан, инсон мутолаага доимо эҳтиёж сезади.

Инсон учун ўқиёлмай қолиш фожеа, катта йўқотишдир. Одам йўлини йўқотса, соғлиғидан айрилса, бахтсизликка учраса, қалбини ғам-алам қопласа, китобга суянади. Ундаги воқеа-ҳодисалардан хулоса қилади, зарур ҳолларда асар қаҳрамонидан ўрнак олади, китоб инсонни сабр-қаноатга, шукроналикка ундайди.

Манбаларда келтирилишича, Англия давлатининг таниқли сиёсатчиси Маргарет Тетчер ҳам болалик чоғларида ўйинқароқ бўлган, тенгқурлари билан сайлларга, турли хил кўнгилочар тадбирларга боришни истаган, аммо қаттиққўл отаси бунга сира рухсат бермаган экан. Падари бузруквори уни бўш қолди, дегунча китоб ўқишга ундар, нимани ўқиб, нимани ўзлаштираётганини мунтазам назорат қилиб борар, уйда отаси бўлмаган чоғлари бу юмушни онаси бажарар экан.

Бугунги ахборот асри деб аталмиш замонамизда глобал муаммоларга ечим топиш учун ҳам китобнинг ўрни муҳим. Ҳозирги кунда электрон кутубхоналар, электрон китоблар, интернет журналистикаси инсонларга ахборот олишни, мутолаа қилишни замонавий ва тезкор усулларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Лекин китобнинг ўрнини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Китобни асрлар оша авлодлар ўқийди.

Халқимиз орасида ота-боболари тўплаган китоб-ларни асраб-авайлаб, маънавий мерос сифатида эҳтиётлаб сақлаб келаётган хонадонлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Улар ўз авлодларига ушбу хазинани улкан бойлик сифатида қолдирганлар.

Ҳозирги кунда уларнинг набира-ю, эваралари ҳам китобга меҳр қўйиб, уни ўқиш орқали маънавий салоҳиятларини бойитиб келмоқдалар. Бир сўз билан айтганда китоб — жонли, сеҳрли мўъжиза сифатида инсоннинг қалбига ҳузур-ҳаловат бағишлайди, қалбини чулғаб олган ғаму-ташвишни, танасидаги дарду-азобни унутишга ёрдам берувчи малҳам ҳисобланади.

Мутолаа учун кенг имконият пайдо бўлган бугунги давримиз кишилари ўртасида китобхон, китобсевар, китобпарвар, китобйиғар... сифатида турли инсонларни учратамиз. Китобхон кишилар китобни сотиб олишга имкониятлари бўлмаса-да, бировдан олиб бўлса ҳам ўқишни давом эттираверади.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг маънавий ва интеллектуал эҳтиёжини қондириш, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Китобхонлар байрами» муҳим аҳамият касб этмоқда. «Мен, отам-онам, бобом ва бувим-китобхон оила», «Энг яхши китобхон оила», «Маҳалламизнинг китобсевар оиласи», «Бир фарзандга уч китоб акцияси», «Китобхон мактаб» каби тадбирларнинг самараси катта бўлмоқда.

Шу билан бирга умумтаълим мактабларида «Энг зўр китобхон», «Энг яхши иншо муаллифи», «Ифодали ўқиш устаси», «Ғазалхон ўқувчи», «Мен севган қаҳрамон», «Мен севган адиб», «Жаҳолатга қарши — маърифат» каби танлов ва тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этган ўқувчиларни китоб совға қилиш орқали рағбатлантириб бориши ҳам йўлга қўйилди.

Жорий йилда Халқ таълими вазирлиги томонидан 28 номдаги бадиий китоблар жамланмаси вилоятимиздаги барча умумтаълим мактабларига етказиб берилди.

Мактаб ўқувчиларининг ижара дарсликларини тўғри шакллантириш натижасида муомаладан чиқарилган китоб-лардан тушадиган маблағлар ҳисобига умумтаълим мактабларининг кутубхоналари зарурий бадиий адабиётлар билан бойитилиши йўлга қўйилган. Бу ҳам ўқувчиларимизнинг китоб ўқишга бўлган муносабатларига ижобий таъсир этмоқда.

Ҳар йили ўқув йили якуни муносабати билан ўтказилаётган тадбирда ҳам ҳомий ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғини раислари томонидан аъло баҳо ва намунали хулқи билан ҳурматга эришган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига китоб совға қилинади. Бу каби тадбирлар ўқувчиларнинг маънавий дунёсини янада бойишига, китоб энг қимматбаҳо совға сифатида яхши инсонларга тақдим этилиши каби миллий қадриятларимизнинг бир кўриниши эканлигини анг-лаб боришларида муҳим ўрин тутади.