“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БАХТЛИ БЎЛИШ УЧУН ЎҚИШ КЕРАК

Абдушокир АБДУРАҲМОНОВ,

Сирдарё вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи

 

Китоб ўқиш, мутолаа қилиш азалдан инсонларнинг дунёқарашини шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Ўқувчиларнинг бўш вақтини адабиёт мутолааси билан ўтказиши, уларнинг китобдан чексиз билим олишига ва китобхонликни шакллантиришга ёрдам беради. Бу эса боланинг дунёқарашини кенгайтирибгина қолмай, атрофида содир бўлаётган воқеликларга ўзгача кўз билан қарашга, турли вазиятларда хулоса чиқариб, тўғри йўл тутишига ўргатади.

«Одамлар китоб ўқишдан тўхтасалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар», — деган эди француз ёзувчиси Дени Дидро. Одамзод яратган мўъжизаларнинг энг буюги китобдир. У бу дунёга оид барча билимларни, жаҳон ақлий камолотининг тарихини, ер юзи халқлари асрий тажрибасини ўзида жам этади.

«Ҳозир нима кўп — китоб», дерсиз. Тўғри, маълумотларга қараганда, ҳар куни жаҳонда ярим миллиондан ортиқ китоб босилар экан. Уларнинг барчасини мутолаа қилиш учун бир одамнинг умри етмаса керак. Демак, ўқиганда ҳам танлаб, энг сараларини, инсонни эзгуликка етаклайдиган, умумэътироф этилган асарларни ўқиш лозим бўлади.

Одам кундалик ташвишлар билан андармон бўлиб, доим ҳам китоб ўқишга вақт ажрата олмаслиги мумкин. Лекин ҳар куни мутолаага иложи борича фурсат топиш лозим. Яхши китобларни кўрганда, харид қилиб, шахсий кутубхонангизга қўйиб қўйинг.

Афсуски, кўпчилик бу ишга эътибор бермайди, китоб сотиб олишдан кўра, турли ашёлар харид қилишни хуш кўради. Яна фарзандларининг ўқиши, одоб-ахлоқидан нолийди. Ахир болалар катталардан ўрнак олади-ку. Донишмандлар айтганларки, «бу дунёда агар нимадир йиғиш керак бўлса, фақат китоб йиғиш керак!»

Инсон ҳаёти давомида турли манбалар — китоб-лар (бадиий, илмий, ўқув, энциклопедик ва бошқа), оммавий ахборот воситалари (газета, журнал, телевидение, радио ва шу кабилар), замонавий ахборот технологияларидан (Интернет, электрон китоб, электрон газета, журнал-қўлланма ва ҳоказолар) фойдаланади ва улардан олаётган турли йўналиш ва шаклдаги маълумотларни бир-биридан фарқлаб олиши керак. Тўғрисини айтганда, ёшлар ўртасида китоб мутолаа қилиш, китобга бўлган қизиқиш бироз сусайгандек. Бироқ замон билан ҳамнафас бўлиш, шиддат билан кечаётган тараққиёт жараёни бу муаммони ўз-ўзидан бартараф этди, десак муболаға бўлмас. Китобсиз илму маърифатга эришишни, илмий маърифатсиз эса тўкис жамият қуришни тасаввур қилиб бўлмайди. Демак, ҳамма нарса инсоннинг билимига, маънавий камолотига бориб тақалар экан, китобхонлик анъаналарини ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш ўта зарур вазифалиги ўз-ўзидан аён.

Олимларнинг айтишича, «Болаларни кимгадир зарур бўлгани учун эмас, балки улар бахтли бўлишлари учун китоб ўқишга ўргатиш керак. Китоб тафаккур озиғидир. Китоб саодат топиш учун ўқилмайди. Унутмаслик керакки, китоб ўқишнинг ўзи — олий саодатдир».

Баркамол авлодни вояга етказмоқ, қалбни тарбияламоқ учун уларни китоб билан ошно қилишимиз, китобни маёқ каби қўлларига тутқазмоғимиз керак. Қалб тарбиясини эса биз, катталар, ўзимиздан, шу бугундан бошлашимиз шарт. Уйга, фарзандларимиз олдига китоб билан кириб боришимиз эса уларни китоб оламига қайтариши шак-шубҳасиз. Айни дамда болалар ва катталар китобхон, китобсевар пиллапояларида турибди.

Шу ўринда айтиш керакки, Сирдарё вилояти Халқ таълими тасарруфидаги ахборот-кутубхона муассасаларида китобхонларни кутубхоналарга кўпроқ жалб этиш, уларнинг ёши ва қизиқишларига кўра, адабиётларни тарғиб қилиш, ахборот маданиятини шакллантириш, инновацион усуллардан фойдаланган ҳолда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Шу мақсадда, «Китобхонлик байрами» доирасида «Адабиёт кунлари», «Китобим — офтобим» каби ҳафталиклар, «Бир фарзандга — уч китоб» акцияси, «Мактаб-кутубхона-оила-жамоат ташкилотлари» хайрия тадбири, «Энг яхши китобхон ўқувчи», «Китобхон мактаб» номли кўрик-танловлар ва «Мутолаа ҳафталиги», «Оммавий китобхонлик» ҳафталиги, «Овозли ўқиш» акцияси, «Очиқ эшиклар куни», «Ўқиш — энг машғулот» номли тренинг, эртаклар асосида қўғирчоқ театри, брейн-ринг, уй бекалари ўртасида «Китобхон аёл» кўрик-танлови, «Ўлка тарихи билимдони» кўрик-танлови, викториналар, расмлар танлови, китоб-ларнинг видеоролиги, бадиий ва мултфильм намойишлари, либмоб доирасида: китобхонларнинг эҳтиёжларини ўрганиш мақсадида сўровномалар ўтказилмоқда.

Ота- оналар томонидан оилада китобхонлик ва китоб мутолааси муҳитини яратганликларини ўрганиш мақсадида, аҳоли ўртасида «Сиз фарзандингизга китоб совға қилдингизми?» мавзусида сўровнома ўтказилди.

Таҳлил натижаларига кўра, 66 фоиз ота-оналар фарзандларига китоб сов-ға қилишган;

19 фоизи рад жавобини билдиришган;

15 фоизи бу — яхши таклиф, оилада бу анъанани жорий этиш керак, деган хулосага келишган.

Мактабларда, оилаларда китобхонликни тарғиб қилиш, ўқувчиларнинг китобга бўлган қизиқишларини шакллантириш мақсадида, «Сиз охирги маротаба фарзандингизга қайси китобни совға қилдингиз?», «Сиз сўнгги маротаба қайси китобни мутолаа қилдингиз?» деб номланган баннерлар барча умумтаълим муассасаларининг фойеларига илиб қўйилди.

«Ўқувчиларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш концепцияси» да 15 июндан 15 августгача бўлган даврда ўқувчилар ўртасида маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўлказиш белгиланди. Вилоятда жами бўлиб, 1483 та тадбирлар ташкил этилиб, уларда 15247 нафар ўқувчилар иштирок этдилар.

Шунингдек, «Ёшлар ўртасида китоб мутолаасини ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг сифатли китоб маҳсулотларига бўлган талабини қондириш тўғрисида»ги қўшма қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоят, туман, (шаҳар) ахборот-ресурс марказларида бугунги кунда вилоят, туман, шаҳар АРМларида она-тили ва адабиёт ўқитувчилари раҳбарлигида «Ёш адабиётчилар» тўгараклари ташкил қилинди.