“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

КУТУБХОНАСИЗ УЙГА АЧИНАМАН

Ойбек ҲАЙДАРОВ,

Чортоқ туман ҳокими

Виждони бор, юраги уриб турган одам ўзи ўқимаса ҳам ҳеч қачон бировга "китоб ўқима! ", демайди. Негаки, у инсон учун мутолаа нечоғлик зарур эканлигини билади.

Болалигимизда, дастлаб, эртак китоблар, кейинчалик достонлар ўқиганмиз. Ўспиринлик даврида эса, кўнгил эҳтиёжига қараб, романтикага йўғрилган, драматизм билан суғорилган, трагедик ва фалсафий китобларга ошно тутинганмиз. Биласизми, қайси жанр-даги китобларни танлаш, ўқиш ёшга қараб ўсиб боравераркан. Бу ўз ўрнида, кишининг китобхонлик маданиятини шакллантириб, адабий дидини ошишига хизмат қилишини яхши биламиз.

Ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай кишининг, китобга, мутолаага меҳри бўлади. Инсон ўзини таниши, ён-атрофига муносабат билдириши учун ҳам ўқиши лозим. Зеро, донолар айт-ганидек, китоб ўқишга одатланмаган кишига ишониб бўлмайди.

Эътибор беринг, инсон камолоти деймиз... Ўша камолот қаердан бошланади? Албатта, биринчи галда, оиланг сени қандай камолот кутаётганлигига қисман ишора бериб туради. Уйда китобхонлик уюштириладиган, ўзаро китоб совға қилинадиган жигарларнинг камолоти келажакда маънавият гулханини гуриллатиб туради. Шу туфайли, фикримча, ҳамиша ҳар бир одамнинг уйида китоб ўқилиши шарт! Йўқса, ёзувчи Жейн Остин айтганидек, шоҳона, бироқ кутубхонасиз уйга ачиниш керак. Яна шуни ҳам унутмаслик лозимки, мамлакатни, миллатни, жамиятни ва шахс-ни урушлар ёки низолар эмас, маънавиятсизлик, китобсизлик таназзулга учратади. Шу боис, мутолаани ҳамиша эҳтиёж сифатида тафаккуримизда, қалбимизда сақлашимиз даркор.

Мутолаа қачон эҳтиёжга айланади, дерсиз! Биз дунёга келишимиздан аввал, у бизнинг тақдиримизга эҳтиёж сифатида белгиланади, деб ўйлайман. Кейинчалик эса, уни шакллантириш ёки липиллаб турган чўғдай беэътибор қолдириб, сўндириш ҳар биримизнинг ўз қўлимизда.

Ўйлаб қоласан киши — Инсон учун ўқиёлмай қолиш нима экан-а? Фожиа — деймиз. Тўғри, лекин қандай фожеа. Ўлимми, руҳ ва жисмнинг таназзулими, дунёнинг тугашими... аниқ айтолмайман. Бироқ бир нарсани аниқ биламан. Китоб ўқимаган одам — Худони танимайди. Китоб ўқимайдиган одам — ўзи босиб турган тупроқни севмайди. Китоб ўқимайдиган одам... шу таърифнинг ўзиёқ унинг кимлигини англатиб туради.

Ҳеч биримизга сир эмаски, бугун бутун дунё мислсиз цивилизация жараёнида. Тезкор ахборотлар, глобал муаммолар ҳамда уларнинг оддий ва мураккаб ечими... Буларнинг бари китоб сабабли англашилади, албатта. Сиз ҳар қандай ахборотга сабабчи бўладиган нарса-ҳодисанинг асл моҳияти китобда пайдо бўлганига шубҳа қилмайсиз. Ҳар қандай муаммонинг оддий ёки мураккаб томонларига китоб жавоб беради, десак ҳам иккиланмайсиз. Ахир қишда қор ёғишига шубҳа қилиш — 2х2=5 дегандай гап-ку.

Китоб — неча асрлардан буён бизга не-не сир-асрорларни очмади. Тиб илми, фалакиёт олами, ҳисоб-китоб дунёси, кўнгил меҳвари — адабиётни... Соҳибқирон, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек... узоқ давом этиш мумкин. Ахир ота-боболаримиз яратган барча мўъжизаларни китоб билан амалга оширдилар. Китобдан ўқидилар, ўргандилар, яратдилар... ва сўнгида қолган соҳирликларни очишда кўмакдош қилиб яна китоб қолдириб кетдилар... Шу боис, ёдда сақлашимиз керак бўлгани — КИТОБнинг ҳаётда ҳеч қачон ўрни йўқолмайди.

Ота-боболаримиз илму маърифатли бўлишган экан, биз ва биздан кейинги авлодлар ҳам ўзимиздан энг камида аждодларимизчалик битмас-туганмас хазина — илму маърифатга йўғрилган китоблар қолдирмоғимиз фарзу қарз саналади. Бу бизнинг инсонийлик бурчимиз. Биз технологиялар асри фарзандлари бугун маъанавиятнинг, мутолаа пиллапоясининг — китобсевар ва китобхонлик поғонасида турибмиз. Китобга кўнгил қўйганмиз. Китоб ўқияпмиз. Оиламизга, дўстимизга, ён-атрофимиздагиларга китоб ўқиш кераклигини тинмай уқтиряпмиз. Умидимиз, китобпарвар бўлиш. Мен яхши биламан, Аллоҳнинг назари тушган бу юрт одамлари барча орзу-истакларига етган. Насиб қилса, китобпарварликка ҳам албатта, етажакмиз.

Бироқ бугун иборага айланган бир жумла ҳамиша мени ўйлантириб келади: анъанавий босма китоблар ва элект-рон китоблар... Қизиқ, одамзод ўқиши, илм олиши, тажриба орттириши учун самара берадиган китоб бўлса бўлди-да. Унинг босма ёки электрон шаклда эканлигининг нима аҳамияти бор?! Уларни солиштириш, қай бирининг кўпроқ наф келтириши ҳақида баҳслашиш ўқимаган одамнинг иши эмасми? Бу худди қушнинг қайси қаноти яхши, дегандай туюлади менга.

Шахсан мен қайси шаклдаги китоб ўқиш имкониятига эга бўлсам, фарқламайман, ўқиб кетавераман. Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар"ини уйда босма китобда, йўлда, офисда имкониятга қараб, қўл телефонимдан ёки компьютердан электрон шаклда келган жойимдан давом эттираман. Чўлпон, Усмон Носир, Шайхзода, Тоғай Мурод, Шукур Холмирзаев, Мурод Муҳаммад Дўст, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Толстой, Достоевскийни қай шаклда ўқимай, дунёқарашимга тубдан таъсир этаётганлигини, ўзимни, кўнглимни, ён веримни таниб бораётганлигимни ич-ичимдан ҳис этаман.

Таъкидлаш жоизки, мутолаа бугун ҳар бир жабҳада ўзининг самарасини бермоқда. Шу жумладан, бизнинг туманда ҳам маънавият тарғиботи, китоб мутолааси бўйича бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Яна айтишни истардимки, тумандаги энг катта муаммолардан бири — китоб дўконига бўлган эҳтиёж ўрганиб чиқилди. Очиғини айтиш керак, бу масалага олдиндан етарлича эътибор берилмаган. Аҳоли яхши ва ўзига керакли китобни сотиб олишда қийналган. Бундан уч йил аввал ҳам туман марказида бор-йўғи иккита мослаштирилган китоб дўкони фаолият юритган, холос.

Биз муаммони бартараф этиш учун кейинги икки йилда учта янги китоб дўкони қурилиб, ишга туширилди. Биз дегани, аҳоли гавжум бўлган туман марказидан керакли китобни топиш мумкин. Биз хайрли ташаббусни келгусида қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам давом эттирамиз.

Бундан ташқари, таълим муассасаларида маънавият тарғиботи кучайтирилди. Ҳар чоракда китоб байрами тадбирлари ўтказилиб, бу муҳим масалага ота-оналар ҳам жалб қилиняпди. Мактаб, лицей ва коллежлардаги китоб фондлари кўпайди. Янги китоб тақдимотлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Биз фарзандларимизни китобга ошно қила олсак, олдимизга қўйилган барча устувор вазифаларни албатта, амалда бажарамиз. Китоб зиё нури билан улғайган ёшлар эса, буюк келажагимизни маънавий етук ворислар сифатида давом эттиришади.